19 апрель куни Ҳиндистонда парламент қуйи палатасига сайловлар бошланди — уларда рўйхатга олинган 968 миллионга яқин сайловчи иштирок этади, бу орқали жараён дунёдаги энг йириги номини олган. BBC нашрининг таъкидлашича, бу АҚШ, Россия, Япония, Буюк Британия, Бразилия, Франция ва Бельгия аҳолисининг умумий сонига тенг.

Овоз бериш олти ҳафта давомида етти босқичда бўлиб ўтади ва 1 июнда якунланади. Натижалар 4 июнь куни эълон қилинади. Аксарият сайлов участкалари мактаблар, коллежлар ва жамоат марказларида жойлашган бўлса-да, баъзида улар ғайриоддий жойларда — юк ташиш контейнерларида, тоғ чўққиларида ёки ўрмонларда ташкил этилади. Бу ҳатто мамлакатнинг энг чекка ҳудудларида ҳам аҳолининг овоз беришини таъминлаш учундир, деб тушунтиради BBC.

Сайловчилар қуйи палата — Лок сабхининг 543 нафар аъзосини сайлайди. Мамлакат президенти яна икки ўринбосарни тайинлайди. Ғалаба қозониш учун партиялардан бири камида 50% овоз (272 овоз) олиши керак — шундан кейин у ҳукуматни шакллантириши мумкин бўлади. Депутатлар беш йилга сайланади.

Ғалабага ким даъво қилмоқда?

Оммавий сўровлар 2014 йилдан бери ҳукмронлик қилаётган ва бош вазир Нарендра Моди етакчилигидаги национал Бҳаратия Жаната партияси (БЖП) ғалаба қозонишини башорат қилмоқда. Агар у ғалаба қозонса, ҳукуматни 10 йил бошқарган 73 ёшли сиёсатчи учинчи беш йиллик муддатга бош вазир лавозимига қайта сайланиши мумкин бўлади.

2019 йилги сайловларда БЖП 303 ўринни қўлга киритган бўлса, бу партиянинг ўзи аъзо бўлган партиялар коалицияси — Миллий демократик альянс жами 352 та ўринни эгаллаганди.

БЖПнинг асосий рақиби Ҳиндистон Миллий конгресси (ҲМК). Бу мамлакатни қарийб 77 йил бошқарган, аммо ҳозир таназзулга юз тутган энг йирик мухолифат партияси, дея қайд этади CNN. Сайловлар арафасида йигирмадан ортиқ партиялар Ҳиндистон миллий инклюзив ривожланиш альянсини (INDIA) тузиш учун ҲМКга қўшилди ва шу тариқа ҳукмрон партия ҳамда Модига қарши чиқди.

ҲМК раҳбари — Ҳиндистоннинг (1984 йилдан 1989 йилгача) собиқ бош вазири бўлган Ражив Гандининг ўғли ва мамлакатда нуфузли Неру-Ганди сиёсий кланининг вакили Раҳул Ганди. Ганди ҳеч қачон вазир бўлмаган ва сўнгги сайловларда ўз партиясига ғалаба келтира олмаган, дея аниқлик киритади BBC. У асосан оила тарихи туфайли мухолифатнинг энг кўзга кўринган юзи ҳисобланади. Моди кўпинча Гандини сулолавий сиёсат юритаётганликда айблайди.

нарендра моди, ҳиндистон

Раҳул Ганди. Фото: X / Rahul Gandhi.

Моди нимани ваъда қилмоқда ва мухолифат нимага қарши?

Ушбу сайловда Моди ўз олдига улкан мақсад қўйди — 400 ўрин билан кўпчиликнинг овозини қўлга киритиш, шундан 370 ўрин тўғридан-тўғри БЖП томонидан, қолганлари эса Миллий демократик альянс томонидан назорат қилинади.

БЖПнинг сайлов кампанияси иш ўринлари яратиш, қашшоқликни бартараф этиш ва ривожланиш дастурларига қаратилган бўлиб, аёллар, камбағаллар, ёшлар ва фермерлар манфаатларини илгари суради.

Моди Ҳиндистонни глобал ишлаб чиқариш марказига айлантирмоқчи, инфратузилмани кенг кўламли ўзгартиришни давом эттирмоқчи ва 2047 йилгача энергия мустақиллигига эришмоқчи, деб ёзмоқда CNN.

2023 йилда Ҳиндистон ялпи ички маҳсулоти 3,7 триллион долларни ташкил этган ҳолда дунёдаги бешинчи йирик иқтисодиётга айланди. Моди учинчи муддатга сайланиши билан Ҳиндистон дунёнинг учинчи йирик иқтисодиётига айланишига ваъда берди.

Моди, шунингдек, Ҳиндистон БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси бўлишини, 2036 йилги ёзги Олимпия ўйинларига мезбонлик қилиш бўйича танловда ғалаба қозонишини ва ҳинд астронавтлари Ойга қўнишини истайди.

БЖПнинг қўллаб-қувватлаш базасини ҳиндулар ташкил этади, улар мамлакатда кўпчиликни ташкил қилади — 1,42 миллиард аҳолининг 80 фоизи.

INDIA альянси, ўз навбатида, ҳукмрон партия устидан ғалаба Ҳиндистоннинг демократик ва дунёвий тизимини сақлаб қолиш, унинг маргиналлашган жамоалари турмуш шароитини яхшилаш, фермерлар учун нархлар кўтарилишини таъминлаш ва ёшлар учун иш ўринларини яратиш учун зарурлигини таъкидлайди.

Бироқ сайловлар олдидан ҳам мухолифат блоки ички низолар ботқоғига ботган ва ғалаба қозонган тақдирда бош вазирликка ким номзодини кўрсатишни ҳали ҳал қилмаган, дея қайд этади CNN.

Мухолифат ҳам ҳокимият босими остида эканини даъво қилмоқда. Унинг бир қанча таниқли арбоблари, жумладан, Деҳли ҳукумати ва «Ам Адми Парти» партияси раҳбари Арвинд Кежривал ҳибсга олинган ёки тергов қилинмоқда, ҲМКнинг банк ҳисоблари эса солиқ органлари томонидан музлатилган.

БЖП бўлса сиёсий аралашувларни рад этмоқда.