Ҳафтанинг президент иштирокидаги асосий воқеаларига бағишланган «Махсус ракурс» лойиҳаси энди нафақат ўзбек ва рус тилларида, балки қорақалпоқ тилида ҳам намойиш этилади. Душанба куни давлат раҳбари матбуот хизмати томонидан эълон қилинган янги сон бирданига уч тилда чиқди. У Шавкат Мирзиёевнинг Иттифоқчилик шартномаси имзоланган Душанбега ташрифи ва Ўзбекистон-Тожикистон муносабатларига бағишланган.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов «Газета.uz»га шундай деди: «Биз президент фаолияти ҳақида қорақалпоқ тилида контент яратишни анчадан бери режалаштириб келаётгандик. Қорақалпоғистонга қилган сафарларимиз давомида маҳаллий ёшлар ва журналистлар билан мулоқотда бўлганимизда ёритиш учун фойдаланадиган форматларимиз ҳақида, қорақалпоқ тилида контент яратишимиз қанчалик яхши бўлиши ҳақида кўплаб ижобий фикрлар эшитгандик».

Шу боис Нукус шаҳрида Жўқорғи Кенгес ва Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши кўмагида алоҳида жамоа тузилган. «Махсус ракурс»нинг қорақалпоқ тилидаги варианти биргаликдаги иш натижаси бўлган.

Лойиҳа илк бор 2021 йил январь ойида телевидение орқали президентнинг мамлакат ҳудудлари ва хорижий давлатларга ташрифларига бағишланган махсус репортаж кўринишида пайдо бўлган эди. 2023 йил ноябрь ойидан кенг ёшлар аудиториясини қамраб олиш учун «Махсус ракурс» ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар учун рилс форматида чиқарила бошлади.

«Видеоларнинг қорақалпоқ тилидаги версияси учун жамоа тузиш ва Нукусда ишларни ташкил қилиш бироз вақт талаб қилгани учун қорақалпоқ тилидаги биринчи видео мана энди чиқди. Энди у бошқа версиялар қаторида мунтазам равишда чиқарилади», — деди Шерзод Асадов.

Президент матбуот хизмати ҳозирда қорақалпоқ тилида фақат «Махсус ракурс» лойиҳасига эга, бироқ хизмат «қорақалпоқ тилидаги контентни кўпайтириш ишларини давом эттириш ниятида», — дея қўшимча қилди у.