Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида Damas автомобили 25 нафар бола билан ҳаракатлангани аниқланди. Бу ҳақда MY5 телеканалининг Markaziy studiya ахборий дастуридаги лавҳада маълум қилинди.

Видеода йўл-патруль хизмати ходими болаларни бирма-бир санаб, машина ташқарисига чиқараётганини кўриш мумкин. Аниқланишича, улар боғча ёшидаги болалар бўлиб, МТМдан уйларига шу тарзда олиб кетилаётган бўлган. Машинанинг олд ўриндиғида, шунингдек, яна бир йўловчи ҳаракатланган.

Вилоят ЙҲХБ ахборот хизмати катта инспектори Мансур Эгамбердиевнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, ҳолат бундан 10−15 кун илгари содир бўлган. Олд ўриндиқдаги аёл йўловчи боғча ходими ҳисобланади. Аёлнинг айтишича, одатда болалар машинада 6 нафардан ташиб келинган, аммо воқеа содир бўлган куни кечга қолиб кетилгани учун 25 болани бир вақтда машинага ўтқизишга мажбур бўлинган.

Ҳайдовчи билан суҳбатлашилганда у уйида аёли бетоб экани ва шу сабабдан шошганини билдирди.

Ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси (Йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши) ва Йўл ҳаракати қоидаларининг 159-моддаси (Одамларни ташиш тақиқланган ҳолатлар) билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, машина жарима майдончасига жойлаштирилган.

Бошқа ҳолатлар

Ёш болаларни, баъзан катталарни ҳам машиналарда, кўп ҳолларда Damas машинасида белгиланганидан ортиқ миқдорда ташиш кузатилиб туради. Жумладан, Бухорода Spark`да 25 нафар бола, Наманганда Damas`да 25 нафар боғча боласи, Фарғонада Damas`да 28 нафар боғча боласи, Самарқандда Damas автомобилида 18 нафар йўловчи — катталар ва болалар, Сурхондарёда эса Damas автомашинасида 25 бола ташилгани аниқланган.