Буюк Британия ташқи ишлар вазири ва собиқ бош вазири Дэвид Кэмерон 23 апрель куни Ўзбекистонга ташриф буюради. Бу ҳақда мамлакат элчихонаси матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

Дэвид Кэмерон Тошкентда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан музокаралар ўтказади. Учрашув давомида минтақавий хавфсизлик, таълим, иқлим ўзгариши, икки томонлама савдо ҳамда бизнес алоқалари каби соҳаларда «ҳар доимгидан ҳам ўсиб бораётган ҳамкорликни янада олға суриш» муҳокама қилинади.

Кэмерон Тошкентга Марказий Осиёнинг барча бешта давлати ва Мўғулистонга расмий ташрифи доирасида келади. Сафардан кўзланган мақсад минтақадаги иқтисодиёт, таълим ҳамда мустақилликни қўллаб-қувватлашдан иборат.

Маълумот учун, Ўзбекистонга охирги марта 1997 йил февралида Буюк Британия ташқи ишлар вазири ташриф буюрган ва у Малкольм Рифкинд эди.