АҚШ ташкилотлари иштирокида амалга оширилган Инглиз тилида сўзлашувчи миллат (English Speaking Nation — ESN) дастури доирасида Ўзбекистон бўйлаб 18 000 дан ортиқ инглиз тили ўқитувчиси ўқитилди. Тўрт йил давом этган, қиймати 7 миллион доллар бўлган ушбу дастур 20 апрель куни якунланди, деб хабар берди АҚШ элчихонаси матбуот хизмати.

Дастур 2019 йил ноябрь ойида АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси ҳамда Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан ҳамкорликда ишга туширилган. Халқаро таълим бўйича Америка кенгашлари томонидан амалга оширилган ушбу қўшма ташаббус Ўзбекистондаги инглиз тили ўқитувчиларига ўз ўқувчиларининг тил билиш малакасини ошириш учун самарали ўқитиш методологияси билан таъминлашга қаратилган.

Мазкур комплекс дастур Ўзбекистон бўйлаб ўрта мактабларнинг инглиз тили ўқитувчиларига интенсив малака ошириш имкониятларини тақдим этди. Хусусан, 452 нафар ўқитувчи TESOL дастури бўйича юзма-юз ўтказилган 140 соатлик курс орқали халқаро миқёсда тан олинган сертификатларга эга бўлди. 66 нафар ўқитувчидан иборат гуруҳ 2024 йил 16 март куни TESOL курсларини тамомлади.

english speaking nation, esn

Бундан ташқари, 693 нафар инглиз тили ўқитувчиси ўз ҳамкасбларини қўллаб-қувватлаш мақсадида бутун мамлакат бўйлаб эксперт ўқитувчилар тармоғини шакллантириб, тренер ва мураббий бўлиш учун 60 соатлик ихтисослаштирилган курсда қатнашди. Бу ўқитувчилар ESN дастури доирасида Ўзбекистоннинг ҳар бир минтақасидан жами 18 000 дан ортиқ ўқитувчини ўқитди. Ўқитувчиларнинг якуний гуруҳи 2024 йил март ойида ушбу тренингларда қатнашди, натижада дастурда ўқитилганларнинг умумий сони 18 минг нафардан ошди.

english speaking nation, esn

«Ўқитувчиларнинг хабар қилишларича, мазкур дастур уларга ўз дарсларини тўғри режалаштиришда ёрдам берган ҳамда ўз мактаб жамоаларида етакчи бўлишларида қўллаб-қувватлаган. Мактаб директорлари ҳам ўқитувчиларнинг инновацион таълим усулларини эътироф этишмоқда. Ўқувчилар эса инглиз тилида кўпроқ гаплашмоқда ва тил кўникмаларини тобора ривожлантириб бормоқда», — деди АҚШ элчиси Жонатан Ҳеник.

ESN ҳақида қўшимча маълумотни мазкур ҳавола орқали олиш, саволларни эса esn@americancouncils.org электрон почтасига йўллаш мумкин.