Тошкент Фотосуратлар уйида 17 апрель куни рассом Умиджон Алимовнинг «Қишлоқ анатомияси» номли шахсий кўргазмаси очилди.

Рассом қишлоқ ҳаётини худди фототасвирдек ифодалаши билан танилган. Унинг асарлари ижтимоий тармоқларда катта қизиқиш билан кутиб олинади, чизган ишларига «фотоаппаратда олинган», ўзига эса «қишлоғини Тошкентга кўчириб келган», деб таърифлар ҳам берилади.

Тошкент фотосуратлар уйи. Фото: Мурод Юсуф / «Газета.uz»Тошкент фотосуратлар уйи. Фото: Мурод Юсуф / «Газета.uz»

Умиджон Алимов — 1981 йил 10 январда Андижон вилояти Избоскан тумани Ботиробод қишлоғида туғилган. Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомчилик ва дизайн институтининг маҳобатли рангтасвир йўналишида дастлаб бакалавр, сўнг магистратура босқичларида ўқиган ва кейинчалик шу университетда дарс бера бошлаган. Ўзбекистон Бадиий академияси, Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси. 2024 йилдан Бадиий академия ҳузуридаги Рассомлик маҳорат устахонаси тадқиқотчиси.

кўргазма, рассомчилик, тошкент фотосуратлар уйи, умиджон алимов, қишлоқ анатомияси, қишлоқ ҳаёти

Намойишдан рассомнинг 25 асари ўрин олган. Кўргазма куратори, санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори Камола Нишонова кўргазма ҳақида Умиджон Алимовга таклиф берган вақтларни ёдга олди.

«Салкам бир йил аввал Умиджон Алимов билан шу кўргазмани ташкил этиш масаласи бўйича гаплашиб ўтиргандик. Умиджон „Ҳали ишларим кам, кўргазмага тортмаса керак“, деганди. „Сиз бошлайверинг, қолгани бўлиб кетади“, дегандим. Мана, кўргазмани ҳам кўриб турибмиз», — деди у.

Камола Нишонова.Камола Нишонова.

200 нусхада кўргазма каталоги ҳам тайёрланган. Камола Нишонова рассомлар кўргазмага жуда жиддий тайёрланиши, у, албатта, каталог билан бўлиши кераклигини таъкидлади. Каталогдан Умиджон Алимовнинг кўргазмага қўйилган суратлари ва уларнинг яратилиш тарихи ҳақидаги маълумотлар ўрин олган бўлиб, муқова суратининг устига «Умиджон Алимов кўчаси» деб ёзилган. Рассомнинг айтишича, бу ном рамзий бўлиб, ижод кўчаси деган маънони беради. Камола Нишонова ҳазил аралаш айтганидек, ниятлар ижобат бўлиб, келгусида рассомнинг туғилиб ўсган қишлоғига унинг номи берилса ажаб эмас.

Ижодкорнинг эслашича, кўргазмага тайёргарлик бошланганида Камола Нишонова каталог қилиш таклифини берган. Лекин бу каттагина пул талаб қилишини билган рассом ўша заҳоти «Камола опа, менинг каталог қилишга пулим йўқ», дейди. Куратор эса: «Умиджон, биз яхши ният билан бошлайлик, Худо беради», дейди.

«Гапларини ерда қолдиришни хоҳламадим ва яхши ният билан розилик билдирдим. Ҳаракатни бошладик. Улар айтганларидек бўлди — Худо берди. Яқин акаларимдан бирига ҳомийлик таклифини билдирганимда: „Ўйланма, мен ҳомийлик қиламан“, деб харажатларини қоплаб бердилар», — дейди рассом.

Қолаверса, намойишга қўйилган ҳар бир ишнинг остига QR-код қўйилган бўлиб, у орқали асарнинг яратилиш тарихи ҳақида рассомнинг ўзи гапириб берган видеоли монологга ўтиш мумкин.

«Бу томошабинга рассом билан тўғридан-тўғри мулоқотга киришиш имконини беради. Умуман, ижодкор асарининг яратилиши ҳақида гапириб беришининг ўзи камёб ҳолат. Одатда рассомлардан иши ҳақида сўралганда: „Бу менинг ички кечинмам, ўзимнинг ички тасаввурим“, дейдию уёғига ўтмай, фикр билдиролмайди. Лекин Умиджон ҳар бир асари тўғрисида маълумот бера олади», — дейди кўргазма куратори.

Бадиий академия бош илмий котиби Феруза Обиджонова ижодда атрофдаги воқеликни қамраб олиб, реал ҳаётни образ орқали бериш осон эмаслиги, рассом Умиджон Алимов бу йўлдан яхши кетаётганини таъкидлаб, унинг кейинги ишларида омад тилади. Бадиий ижодкорлар уюшмаси раиси Иброҳим Валихўжаев Умиджон Алимов ёш рассомлар қаторига кирмаслиги, у аллақачон танилиб, Ўзбекистонда ўз ўрнини топиб келаётган ишончли ижодкор эканини билдирди ва ундан Ижодкорлар уюшмасининг умиди катталигини айтди.

Қишлоқ ҳаётини тасвирлашни бошлаш

Умиджон Алимов қишлоқ ҳаётини тасвирлашга 2017 йилдан киришган. Ишларининг дебочаси эса «Отам қурган тандир» асаридир. У ўқишни битиргандан кейин санъат оламида ўз йўналишини топиши учун 12 йил вақт кетганини айтади.

кўргазма, рассомчилик, тошкент фотосуратлар уйи, умиджон алимов, қишлоқ анатомияси, қишлоқ ҳаёти

Рассом 2017 йилнинг ёзида Андижондаги ўзи туғилиб ўсган хонадонга боради. Одатда қишлоқ одамлари вақтли турадию тушликдан сўнг бироз мизғиб олади. Умиджоннинг уйида ҳам ҳамма дам олаётган пайт. Фақатгина у ташқаридаги сўрида уй ҳайвонларию қушларнинг овозини тинглаб, табиатни кузатиб турганида қизи чиқиб, дадаси билан бирга ўтиришини айтади. Дадасининг «Дурдонабону, ҳамма дам оляпти, сиз ҳам ойингиз, укаларингизнинг олдига кириб ухлаб олинг, кун иссиқ», деган гапига ҳам кирмайди.

«Мол-қўйларимиздан хабар олайлик-чи, иссиқда қийналиб қолишмадимикан деб, қизимни етаклаб юра бошладим. Тандирхонадан ўтаётганимизда тандирга тушиб турган қуёш ўзига тортди, тўхтадим. Аввал бунақа ҳолатни ё кузатмаганман, ёки эътибор бермаганман. Балки ижодга, ўз йўлимни топишга бўлган ғалаён мени тўхташга ундагандир. Жойни ўргана бошладим. У томонга ўтиб қарадим, бу томонга ўтиб қарадим, тандирга тушаётган қуёш кўзимга шунақа чиройли кўриняптики, ичимдан ниманидир топдим, қайсидир ишнинг бўсағасида турибман, деган фикр ўтарди. Қизимни ўша ердаги эшик олдига ўтказиб, „Қизим, бундоқ туринг, бу ёқдан келгандек бўлинг“, деб охири ўша эшикка суянган ҳолда тўхтатиб, кичкина қоралама қилдим», — дейди рассом.

У Тошкентга қайтиб ижодхонасида ўша асар устида ишлай бошлайди. Айтишича, шу пайтгача бирор иши учун ўша расмнинг устида ишлаганчалик ҳаяжон, титроқнинг остида қолмаган.

«Демак, мен мавзу, ўзимга услуб топяпман, деб ўзига хос йўналишни қидираётган рассом сифатида хурсанд бўлардим. Тандирни ҳақиқатан ҳам отам қурганлар. Асарнинг номи ҳар айтилганда дадам эслансинлар, деган ниятда уни „Отам қурган тандир“ деб номладим», — дейди рассом.

Умиджон Алимов асосан Андижонга бориб, асарлари учун илҳом олиб, қораламалар қилиб келадию, уларни Тошкентдаги ижодхонасида «дунёга келтиради». 2024 йилдан бошлаб Рассомлик маҳорати устахонаси тадқиқотчиси бўлгандан бери унинг ихтиёрига тўла шароити билан каттагина устахона топширилган. Энди тадқиқоти давридаги икки йиллик вақтда шу ерда ижод қилиб, фаолият олиб боради. Бунгача уйидаги кичкина хонадан ижодхона сифатида фойдаланган.

Рассом одатда суратларини энг тези 15−20 кунда битиради. «Қишлоғим кўчаларида», «Дадасининг йўлига қараб», «Тушликка ҳозирлик» асарлари битиши энг кўп вақт олган ишлар бўлиб, ҳар бирига уч ойдан вақт кетган. Айтишича, ишнинг тез ёки секин кечиши тасвирдаги деталларнинг миқдори, рассомнинг руҳий ҳолати билан бевосита боғлиқ бўлиши мумкин.

Рассомнинг оиласи, фарзандлари Андижонда, ўзи эса Тошкентда яшайди. У пойтахтда уйи бўлишига қарамасдан, оиласини кўчириб олиб келмаганини айтади. Сабаб сифатида отасининг эшиги очиқ туриши, фарзандларининг болалиги ҳам ўша ерда ўтишини хоҳлашини кўрсатади.

«Эртага болаларим ҳам мен каби Тошкентга ўқигани келади, балки кейинчалик яшаб ҳам қолар. Ўша пайтда уларнинг ҳам менга ўхшаб оёғи қишлоққа тортиб туришини хоҳлайман. Олиб келсам, у ердан узилиб қолишимизни яхши биламан», — дейди рассом.

Оддий, самимий, лекин эътиборсиз турган нарсаларни халққа рассом кўзи билан кўрсатишни хоҳлашини, ҳозирги ривожланаётган даврда шаҳар одамларида ҳаловат йўқолган, тўс-тўполон борлигини сезилиши, қишлоқларда эса сокинлик, хотиржамлик, одамийлик, бахтиёрлик, оддий нарсадан қувона олиш ҳисси ҳали ҳам йўқолмаганини айтаркан, «мен асарларимни сотиш ёки бошқа мақсадда эмас, ўзимнинг соғинчимни қондириш учун яратаман», — дейди.

Кўргазма очилишида рассомнинг оила аъзолари, фарзандлари, кўплаб қишлоқдошлари ҳам келган эди. Сўзга чиққан Умиджон Алимов ижодининг ортида турган ва ўз асарларида қаҳрамонга айлантирган оила аъзоларига миннатдорчилик билдирди.

«Битта ижодкорнинг, рассомнинг асарларидан ўзимга маънавий озуқа оламан ва уни қўллаб-қуватлайман, деб келган ҳаммангизнинг қадамларингизга ҳасанот. Шу бугунгача нимага эришаётган бўлсам, барчасининг ортида ота-онамнинг меҳнати, оилам, фарзандларимнинг қўллаб-қувватлови ва илҳомлантириши туради. Бунинг учун уларнинг барига миннатдорлигимни билдираман», — деди у.

Рассом келгуси режалари ҳақида гапираркан, ҳали оққа кўчирмаган эскизлари кўплиги, уларни томошабинга етказишга шошаётгани, тамомлаши билан ҳозирги услубидан узоққа кетмаган ҳолда бошқачароқ йўналишларда ҳам ўзини синаб кўрмоқчилигини айтади.

Кўргазма 22 апрелгача давом этади. Қуйида рассом асарларининг яратилиш тарихи ҳақида ҳикоя қилади.

«Кузги ўйлар»

кўргазма, рассомчилик, тошкент фотосуратлар уйи, умиджон алимов, қишлоқ анатомияси, қишлоқ ҳаёти

«Андижонга ҳар борганимда болалигим ўтган кўчалар, маҳаллаларда юргим, одамлар билан гаплашгим келади. Буни фарзандларим, жиянларим ҳам билиб қолган. Қачон кўчага чиқамиз, қачон мени айлантириб келасиз, қачон фалон маҳаллага борамиз, деб туришади.

Бу сафар ҳам нонуштадан кейин болалар билан маҳалла айланиб, аста янги уйимиз томон отландик. Йўл бўйлаб ёшлигимда юрган кўчалар, кечиб юрган ариқлар, кунимни ўтказган далалардан ўтарканман, кузнинг қуёши, шохлари кесиб ташланиб, янги новдалар чиқараётган эски тол эътиборимни тортди.

Ўғилларимга шу ерда озгина ўйнайлик, дедим. Улар ўйин билан банд, мен эса хаёлан ўзимнинг ижодий режаларимга шўнғиб кетгандим. Қораламалар қилиб, материаллар йиғдим. Ижодхонамга келганда ўша асар устида ишлай бошладим. Лекин асар тўлиқ бўлиши учун нимадир етишмасди.

Бир дўстимнинг ижодхонасига бориб, «Менга манзара керак бўлиб қолди, манзараларинингиздан беринг», деб сўрадим. Компьютеридаги альбомни таклиф қилди. Кузатиб турсам, бир онахон орқасига болани опичлаб турган кадрга кўзим тушди. Дўстимдан асарим учун шу ишни менга беришини сўрадим. Кўнди. «Кузги ўйлар» асарини яратдим, бу дўстимдан менга эсдалик бўлиб қолди".

«Дон»

кўргазма, рассомчилик, тошкент фотосуратлар уйи, умиджон алимов, қишлоқ анатомияси, қишлоқ ҳаёти

«Андижон. Нонуштадан сўнг ҳовлида катталар ўз ишлари, болалар эса ўйин билан банд. Укам эски омборхонамиз олдида товуқлар учун маккажўхори донини сўтасидан ажратяпти. Шу пайт дадам иккаламизга иш буюриб қолдилар. Ишни бажариб келсак, макка ажратиш ишини болалар қўлига олибди. Ўйин сифатида шунақа маза қилиб бажаришяптики, биттаси стулда, биттаси чўккалаб олган, кичкинаси макка судраб келяпти. Хуллас, қизиқарли жараён. Уларни кузатиб ўтирдим. Соялар, қуёш нури жуда ажойиб эди. Бир-икки қоралама қилиб, Тошкентга келгач шу асар устида ишладим».

«Ҳовли»

кўргазма, рассомчилик, тошкент фотосуратлар уйи, умиджон алимов, қишлоқ анатомияси, қишлоқ ҳаёти

«Ёшлигимда тасвирий санъат сирларини ўргатган Мадамин ака деган устозим бор. Андижонга ҳар борганимда имкон қадар йўқлайман. У кишининг ҳовлиси менга қизиқ туюлади, жуда файзли. Шу хонадон билан ҳам боғлиқ нимадир қилишим керак, деган ўй миямнинг бир чеккасида турарди. Бир сафар ишкомларининг тагида қораламалар қилдим. Мадамин аканинг ўзларини сув кўтарган, олиб кетаётган ёки бошқа турли ҳолатларга қўйиб, материал йиғдим. Ижодхонамга келганда кўплаб вариантлар орасидан ишкомнинг тагида аёлимнинг кир ювиб ўтиргани, ёнида эса катта ўғлим Аълонур ойисини жавратиб, унинг сувидан олиб оёғига тўкиб, ўйнаб, тўполон қилиб юрган ҳолатини тасвирладим. Шундай қилиб „Ҳовли“ асари дунёга келди».

«Бахтиёрлик»

кўргазма, рассомчилик, тошкент фотосуратлар уйи, умиджон алимов, қишлоқ анатомияси, қишлоқ ҳаёти

«Жиянларим ва фарзандларим эрталабдан кечгача бирга ўйнайди. Ўйинчоқларидан ортиб тупроқ ўйнайди — ҳали дарахтга, ҳали ишкомга осилади. Уст-бошларини чанг, кир қилади. Кечга бориб, оналари уларни ювинтириб, тоза кийимлар кийдиради. Бу жараён ҳар куни такрорланади.

Бир куни жияним Жалолиддинни онаси Маҳфузахон сўрига ўтқазиб, оёғини юваётганди. Жараён мени таъсирлантирмай қўймади. Она шу даражада маза қилиб, бахтиёрлик билан боласининг оёғини юваётганди. Фарзанд учун эса онасининг қучоғида катта бўлиш, уни ювиб-тараши, меҳр бериши жуда катта бахт. Ўша ерда ўтириб, бир-икки эскиз қилдим-да, ижодхонамда унинг устида ишлаб, «Бахтиёрлик» деб ном бердим".

«Кулча нон»

кўргазма, рассомчилик, тошкент фотосуратлар уйи, умиджон алимов, қишлоқ анатомияси, қишлоқ ҳаёти

«Дастурхонимизга биринчи қўйиладиган нарса, шубҳасиз, нон. Нон билан боғлиқ жуда кўп афсона, ривоятлар бор. Айниқса, ўзбек халқининг нонга бўлган муҳаббати ва ҳурмати чексиз. Кўп ижодкорлар бу мавзуга мурожаат қилади. У ҳақда шеърлар ёзилади, кинолар олинади, суратлар яратилади.

Баҳорда ўғлим ва жияним билан маҳалла айландик. Кенг далаларда ўйнаб қайтаётганимизда мен телефонда гаплашиб қолиб кетдим. Болалар эса ариқнинг бўйига ўтириб, сув ўйнашарди. Телефондаги мулоқотим тугагач, уларни тўхтатгим келмади ва кузата бошладим: мароқ билан сув ўйнашарди.

Кўз олдимда сувга нон оқизиб еяётган болалардек кўринишди — ўз болалигим шундай кечган. Бувимнинг қўлидан иссиқ кулчани олиб, кўчага югуриб чиқиб, гоҳида сувга солиб ердик… Қораламалар қилиб олдим. Ижодхонада жияним ва фарзандим мисолида ўз болалигимни гавдалантирдим".

«Тандир бошида»

кўргазма, рассомчилик, тошкент фотосуратлар уйи, умиджон алимов, қишлоқ анатомияси, қишлоқ ҳаёти

«Кузда катта ўғлим билан уйда ўйнаб юрибмиз. Экинлар йиғиштирилган, товуқлар ҳовлига чиқариб юборилган пайт. Болалигимда товуқлар қоқоласа, тандир бошига югуриб борардик-да, тандирнинг ичига қарардик. Баъзида қачон тандирга кирадию тухум қўяди деб, товуқларни пойлаб юрардим. Ўғлим билан тандирхонада ўйнаётганимизда атрофимизда товуқларнинг ҳам ўйнаб юргани ўша пайтларни эсга солди ва „Тандир бошида“ асарим дунёга келди».

«Декабрь»

кўргазма, рассомчилик, тошкент фотосуратлар уйи, умиджон алимов, қишлоқ анатомияси, қишлоқ ҳаёти

«Янги йилни ота-онам, оилам даврасида кутиб олиш учун, албатта, Андижонга бораман — ҳозиргача Янги йилни бошқа жойда кутмаганман. Ҳар борганимда дадам ва онам ўтирадиган катта уйдаги печка ва у билан боғлиқ хотиралар чуқур ўйга солади. Унинг мураккаб ранглари, атрофидаги ҳаёт, чойнак-пиёлалар, устидаги қумғонлар ўзига тортмай қўймайди.

Бир борганимда дадам болалар еганда томоғи оғриб қолмасин деб олма, лимон, анор каби меваларни чойнакларнинг устига териб қўйган экан. Қарасам, тепадаги календарда ҳам худди ўша манзара бор экан. Кўплаб ўзбек хонадонларида Макка шаҳрининг расми бўлади. Деворнинг бошқа бурчагида шу расм осиғлиқ турганди. Тошкентга қайтиб, шу деталлар билан ишладим ва «Декабрь» дунёга келди".

«Оқ йўл»

кўргазма, рассомчилик, тошкент фотосуратлар уйи, умиджон алимов, қишлоқ анатомияси, қишлоқ ҳаёти

«Бу ерда ҳам қизим, жияним, маҳалламиз тасвирланган. Болажонлар билан ўйнагани чиқдик. Катта ўғлим Аълонур ўзининг велосипедида, жияним ҳам ўз велосипедида, мен билан қизим эса яёв борардик. Бир пайт қизим: „Дада, менга ҳам велосипед ҳайдашни ўргатинг“, деб қолди. У ҳам болалар билан қўшилиб ўйнашни хоҳлаётганди. Жияним Жалолиддин: „Опа, келинг ўтиринг, мен ҳайдайман сизни“, деб қизимни велосипедга ўтқазиб, ҳайдашни ўргата кетди. Уларнинг ҳаракатидан ташқари нур ва соялар ҳам ўзига хос жило таратиб турарди. Шу билан „Оқ йўл“ асарини яратдим».

«Дўстини чақириб»

кўргазма, рассомчилик, тошкент фотосуратлар уйи, умиджон алимов, қишлоқ анатомияси, қишлоқ ҳаёти

«Бу сурат ҳам болалик хотираларим билан боғлиқ. Унда тасвирланган жой, афсуски, бир йил олдин бузилиб кетди. Ўғлим билан маҳалла айланарканман, гуваладан қилинган девор ва уй эътиборимни тортди. Бунақа уйлар, деворлар қишлоқларда ҳам жуда камайиб кетяпти. Қизиқ тарафи, бу ҳовлига болалигимда кириб-чиқиб юрганман. У ерда, адашмасам, Тўлабой қори деган киши яшаган. Инжиқлансам ё оғриб, иситмам кўтарилиб қолса, онам қорибувага ёки шу хонадондаги онахонга дам солдиргани олиб чиқардилар.

Ўғлимга «Аълонур, эшикнинг тирқишидан қара-чи, ким бор экан?», дедим. У ҳам тирқишдан қараб, ҳовлининг ичини таърифлай кетди. Қораламалар қилиб, ўзимга керак бўлган материалларни йиғдим. Ижодхонамга келиб, «Дўстини чақириб» деган асарга қўл урдим".

«Тушликка ҳозирлик»

кўргазма, рассомчилик, тошкент фотосуратлар уйи, умиджон алимов, қишлоқ анатомияси, қишлоқ ҳаёти

«Бу ўзимнинг хонадоним. Асардаги қаҳрамонлар — оила аъзоларим, онам, икки ўғлим ва келинимиз. Унда ҳақиқатан ҳам тушликка ҳозирлик тасвирланган. Соат 10 лар атрофи. Қишлоқда нонушта ҳам, тушлик ҳам бироз эртароқ бўлади. Бизнинг хонадонда соат 11−12 ларда тушлик қилинса, тайёргарлик соат 10 лардан бошланади. Келинимиз ва онам овқат учун масаллиқларни тўғраяпти, бу ёқда кичкина ўғлим ўйнаяпти. Каттам тўполончироқ, қанд сўраб хархаша қилаяпти. Манзара жуда чиройли эди. Қораламалар қилдим, ижодхонамда улар устида ишладим. Чап томон бўш қолаётгандек эди — у ерга товуқларни жўжалари билан тасвирладим. Қолган деталларнинг ҳаммаси борича киритилган».

«Дадасининг йўлига қараб»

кўргазма, рассомчилик, тошкент фотосуратлар уйи, умиджон алимов, қишлоқ анатомияси, қишлоқ ҳаёти

«Тирикчилигим пойтахтда, ўзим Тошкентда ишлаб, яшайман. Ота-онам, оилам эса Андижонда, шунинг учун бир оёғим Андижонда. Қанча кўп бормай, уларни соғинавераман. Ижодкор таъсирчан ижод қилиши учун етарлича бахтсиз бўлиши керак, деган фикрни эшитганман. Мени бахтга етаклаётган бахтсизликни ҳам шу соғинчда, деб биламан.

Бир куни телефонда аёлим билан гаплашарканман, кечки пайт болаларнинг қўл-бетини юваётганида Аълонурингиз: «Тўхтанг, мен дадамнинг йўлига бориб келай», деб югуриб кўчага чиқиб келади, сиз келадиган томонга қараб тураверади, деб қолди. Ичимдан ўғлим мени соғинибди, деган ҳис ўтди. Бунинг аламини ижоддан олгим келди. Бу суратда ўғлим Аълонур тасвирланган. Жой эса маҳалламиздаги Яхшибой буванинг хонадони, қурилишдан олдинги ҳолати. Ҳозир бу жойнинг ўрнига дарвозахоналар тушиб, ўзгариб кетган. Колорит жиҳатдан жуда маъқул келгани учун ҳам шу ерни танлагандим".

«Қишлоғим кўчаларида»

кўргазма, рассомчилик, тошкент фотосуратлар уйи, умиджон алимов, қишлоқ анатомияси, қишлоқ ҳаёти

«Суратда ўзим ўқиган 13-мактабнинг орқа томони тасвирланган. Пандемия пайти Тошкентда узоқроқ қолиб кетдим. Қишлоғимни жуда соғиндим. Вазият бироз юмшагач, Андижонга йўл олдим. Бир ҳамқишлоғимиз қазо қилди. Фотиҳага ўтиб келиш керак эди. Укам машинада борамизми, деб таклиф қилди. Кўчаларнинг ичини яёв томоша қилиб кетайлик, дедим. Ижодкорнинг укаси бўлгани учун, истагимни яхши тушуниб, розилик билдирди.

Шу билан уйдан чиқдик. Ёшлигим ўтган кўчаларда маза қилиб кетяпман. Мактабимиз олдидаги шу жойдан ўтиб, тўхтаб қолдим. Ариқдан оқаётган сув, толларнинг соялари, тут дарахтлари, майин шабада — шунақанги дам оладиган жойки, кетгим келмай қолди. Ариқдаги сувнинг оқиши жуда ажойиб эди. Ҳозир бундай тўлиб оқадиган ариқларни қишлоқларда учратиш ҳам амри маҳол. Укамга: «Тўхта, шу жойда озгина ўтирайлик», дедим. Уёққа юрдим, буёққа юрдим, жойни кузатдик, сўнг йўлимизда давом этдик.

Боришимиз керак бўлган хонадонга кириб, ҳамдардлик билдириб, ортга қайтдик. Укамга: «Бояги йўлдан юрайлик, ўша жойда тўхтайлик», дедим. Манзилга етканда, керакли материалларни йиға бошладим. Ижодхонамга боргач, неварасини опичлаган онамни қаҳрамон сифатида киритиб, шу асарни чиздим".

«Меҳнатнинг таги роҳат»

кўргазма, рассомчилик, тошкент фотосуратлар уйи, умиджон алимов, қишлоқ анатомияси, қишлоқ ҳаёти

«Кундузги соат 10−11 лар атрофи. Укам қишда уйни иситиш учун печкабоп ўтин майдалаяпти. Унинг олдига келинимиз Маҳфузахон келиб ўтирди ва ёрдам бера бошлади. Сал ўтмай онам кичкина ўғлимни кўтариб келиб, улардан ҳол-аҳвол сўраб, жараёнга қўшилди. Келинимиз онамнинг қўлидаги ўғлимга қараб, уни имо-ишоралар билан ўйнатар, ўғлим ҳам унга талпинаверарди. Халқимизда она учун фарзанднинг бегонаси бўлмайди, деган гап шу каби меҳрли ҳолатлардан келиб чиққан бўлса керак. Жараённи кузатиб, ўзим учун қораламалар қилдим, охири „Меҳнатнинг таги роҳат“ асари пайдо бўлди».