Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси Туркиядаги ўзбекистонликларни мамлакат ҳудудида кенг тарқалаётган фирибгарликнинг навбатдаги туридан огоҳлантирди.

Таъкидланишича, фуқаролар онлайн савдо орқали берган буюртмани бекор қилганларида ўзини адвокат дея билдириб, суд, карго харажатларини ундириб олиш ҳолатлари қайд этилмоқда.

Телефон орқали ўзини полиция ёки махсус кучлар ходими сифатида таништириб, ҳисобдан хориждаги жиноий ёки террорчи гуруҳларга тўлов амалга оширилганини айтиб, асл жиноятчини ушлаш мақсадида янги бир ҳисоб рақамига пул ўтказиш ҳолатлари ҳам учрамоқда.

«Бундай фирибгарлар ўзингиздан маълумотларни олиб ўзингизга қарши ишлатиши, фирибгарлик ва ишонтиришда психологик воситалардан фойдаланиши юзасидан ҳаракат қилаётгани маълум бўлмоқда», — дейилади хабарда.

Консуллик бундай ҳолатларда ўзбекистонликларга қуйидагиларни тавсия қилди:

  • онлайн равишда берилган буюртмани бекор қилишда белгиланган тартибда (iade) қайтариш;
  • телефон орқали ўзини полиция, суд, махсус куч ходими деб таништирган шахсларга маълумот бермаслик;
  • ўрнатилган тартибда чақиришларини талаб этиш.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ваколатхона тармоқлардаги экстремистик контентлардан огоҳлантирганди.