Дам олиш кунлари ёғингарчиликсиз ўтади

Ўзбекистонда дам олиш кунлари ёғингарчиликсиз об-ҳаво сақланиб туради. Эрталаб ҳарорат +3 даражагача пасаяди, якшанба куни кундузи +20 даражагача исийди. Кечаси ва эрталаб баъзи жойларга туман тушиши мумкин.

Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида қор ёғди. Видео

13 октябрнинг эрта тонгидан Қашқадарё ва Тошкент вилоятларининг тоғли ҳудудларида қор ёға бошлади. Қамчиқ довонида қорнинг ерга юқиши тезлашган. ЙҲХХ ҳайдовчилардан оралиқ масофани сақлаб, тезликни меъёридан оширмасликни сўради.

Шавкат Мирзиёев Қирғизистонда Александр Лукашенко билан учрашди

Жума куни Ўзбекистон президенти МДҲ саммитида иштирок этиш учун Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрига етиб борди. Саммит доирасида Шавкат Мирзиёев Беларусь раҳбари Александр Лукашенко билан музокара ўтказди. Улар савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтиришни муҳокама қилди.

Мирзиёев МДҲ саммитида савдо шартномалари қоидаларини қайта кўриб чиқишни таклиф қилди

Бишкекдаги МДҲ мажлисида қатнашган Шавкат Мирзиёев ҳамдўстлик мамлакатларида чекловларсиз эркин савдо ҳудудини шакллантириш учун шартнома қоидаларини қайта кўриб чиқишни таклиф этди. Шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлиги, саноат кооперацияси ва иқлим ўзгариши каби йўналишларда ҳам таклиф билдирди.

Ўзбекистон президенти ГЭСларда ишлаб чиқариладиган электр энергияси тарифларини қайта кўриб чиқишни топширди

Ўзбекистон президенти «Ўзбекгидроэнерго» ГЭСларида ишлаб чиқарилган электр энергияси учун 2022 йилдан бошлаб амалда бўлган тарифларни қайта кўриб чиқиш бўйича топшириқ берди. Тарифлар ушбу компаниянинг инвестиция дастурларини молиялаштириш учун етарли даражада бўлиши керак.

Шавкат Мирзиёев МДҲнинг Фахрий нишони билан тақдирланди

МДҲ давлатлари раҳбарлари саммитида Қирғизистон президенти Садир Жапаров Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни МДҲ Фахрий нишони билан тақдирлади. Садир Жапаров Шавкат Мирзиёевнинг дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган ҳиссасини эътироф этди.

Россиянинг «Газпромнефть» компанияси Ўзбекистон конларида қудуқларни бурғилашда кўмаклашади

«Ўзбекнефтгаз» конларида қудуқларни қуриш ва ундан фойдаланиш лойиҳасига «Газпромнефть» операторлик қилади. Компания технологиялари, тажрибаси қудуқларни қуриш вақтини 20 фоиздан кўпроқ муддатга қисқартиришга ёрдам бериши айтилмоқда. Бу бўйича рус компанияси ва «Ўзбекнефтгаз» шартнома имзолади.

Тошкент метросида талаба қиз ўзини рельс устига ташлади

«Алишер Навоий» метро бекатида пойтахтдаги ОТМлардан бирида ўқийдиган 18 ёшли талаба қиз поезд яқинлашиб келаётган вақтда ўзини рельс устига ташлади. Машинист поездни тўхтата олди, ИИО ходимлари қизни платформа устига олиб чиқишди. Қиз жароҳат олмади.

Фарғонада 431,7 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган фуқаро аниқланди

Марғилон шаҳрида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб, ҳудудий электр тармоқлари корхонасига 431,7 млн сўмдан ортиқ зарар етказган фуқаро аниқланди.

«Ўзэнергоинспекция» 9,15 млн литр сифатсиз бензин сотилишининг олдини олди

Тўққиз ой давомида «Ўзэнергоинспекция» томонидан Ўзбекистондаги хусусий ёнилғи қуйиш шохобчаларида ўтказилган текширувлар давомида 9,15 млн литр сифатсиз бензин сотилишининг олди олинди.

Ўзбекистон ва Жаҳон банки карбонат ангидрид эмиссиясини камайтириш лойиҳасини имзолади

Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасида 2027 йилга қадар карбонат ангидрид эмиссиясини 60 млн тоннага камайтирувчи ва энергия тарифларини либераллаштиришга ёрдам берадиган лойиҳа бўйича келишув имзоланди. Маблағларнинг бир қисми кам таъминланганларни энергия нархининг ошишидан ҳимоя қилишга сарфланади.

Тошкентда аёл фарзандини калтаклади

Миробод туманида аёл фарзандига қўпол муносабатда бўлиб, уни калтаклади. Аёл ўша вақтда яқинларидан нохуш хабар эшитиб, асабий ҳолатда бўлганини айтди. Туман ИИБ ходимлари томонидан суриштирув ишлари бошланди.

Пойтахтда яна автобус иштирокида ЙТҲ содир бўлди

Юнусобод туманида 82-сонли йўловчи автобуси Nexia-3 билан тўқнашиб, хавфсизлик оролчасига чиқиб кетди. «Тошшаҳартрансхизмат» ЙТҲ асосий йўлдан автобус йўлига ўтиб кетган енгил автомобилнинг хатоси туфайли содир бўлганини маълум қилди. Жароҳатланганлар йўқ.

Ўзбекистонда 1,5 мингдан ортиқ бола зўравонликка учраш хавфи остида қолмоқда

Ўзбекистонда Меҳрибонлик ва «Мурувват» уйлари, тутинган оилаларда тарбияланаётган 1,5 мингдан ортиқ болага нисбатан зўравонлик содир этиш хавфи юқори ҳисобланади. Бундан ташқари, сўнгги 3 йилда 2072 нафар шахс ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинди, уларнинг 86 фоизи ота-оналик мажбуриятини бажармаган.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақола:

Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилувчи қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди

Зўравон ота-онадан фарзандини олиб қўйиш, болага ҳимоя ордери бериш ва индивидуал ҳимоя режасини ишлаб чиқиш, таълим муассасаларида болалар ўртасида зўрлик қилиш ва камситишга йўл қўймаслик — Ўзбекистонда болаларни зўравонликдан ҳимоялаш учун қандай чоралар кўриш таклиф этиляпти? «Газета.uz» шарҳи.