16 май куни жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судида «Бохо завхоз» лақаби билан танилган Баҳодир Султонов ҳамда у билан бирга қамоққа олинган Навоийдаги автосалон директори Ниёз Ибодовга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Тошкент шаҳар судлари матбуот котиби хабар қилди.

Улар Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни (жуда кўп миқдорда товламачилик) содир этганликда айбли деб топилган. Суд ҳукми билан Баҳодир Султоновга 10 йил, Ниёз Ибодовга 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Шунингдек, суд ҳукми билан Баҳодир Султонов ўта хавфли рецидивист деб топилган.

Аввалроқ «Зики эски шаҳар» лақаби билан танилган Лутфилла Умаров 6 йил 2 ойга, «Салимбой» номи билан танилган тадбиркор Салим Абдувалиев эса 6 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.