13 октябрь куни амалий ташриф билан Бишкек шаҳрида бўлиб турган Шавкат Мирзиёев МДҲ давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этди.

Учрашувга Қирғизистон президенти Садир Жапаров раислик қилди. Саммит ишида, шунингдек, Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон президентлари ва МДҲ бош котиби Сергей Лебедев қатнашди.

мдҳ давлат раҳбарлари кенгаши, шавкат мирзиёев

Давлат раҳбари ўз нутқида мавжуд имккониятларни биргаликда баҳолаш ва ўзаро мувофиқлаштирилган чоралар кўриш учун МДҲдек ноёб платформани ишга солиш муҳимлигини алоҳида қайд этди, дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарида.

Мирзиёев таклифлари

Президент кўп томонлама ҳамкорликнинг янги узоқ муддатли кун тартибини ишлаб чиқиш мақсадида МДҲ мамлакатларининг етакчи таҳлил марказлари ва экспертларининг конференциясини ташкил этишни таклиф қилди.

мдҳ давлат раҳбарлари кенгаши, шавкат мирзиёев

Шунингдек, у ҳамдўстлик мамлакатларида барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш зарурлигини таъкидлаб, ташкилот маконида истисно ва чекловларсиз тўлақонли эркин савдо ҳудудини шакллантириш муҳимлигига эътибор қаратди. Шу муносабат билан тегишли шартнома қоидаларини қайта кўриб чиқиш таклиф этилди.

Ўзбекистон президенти мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлашда мавжуд механизмларни самарали ишга солишга чақирди ва уни рағбатлантиришнинг янги воситаларини таклиф қилди.

Давлат раҳбари ўзаро инвестицияларни рағбатлантириш ва лойиҳаларни илгари суриш бўйича қўшимча чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқиш ҳамда МДҲ мамлакатларининг Саноат кооперацияси ва инновацион ишланмалари форумини ўтказиш ташаббусини илгари сурди.

мдҳ давлат раҳбарлари кенгаши, шавкат мирзиёев

Энергетика ва озиқ-овқат соҳаларида ҳамкорлик қилиш, иқтисодиётнинг тегишли тармоқларида илғор технологияларни жорий этиш ва кооперацияни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорлик бўйича янгиланган дастурни ҳамда Агросаноат мажмуидаги кооперациянинг асосий йўналишлари тўғрисидаги битимни тайёрлаш таклиф қилинди.

Ўзбекистон етакчиси ҳудудлараро ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича «йўл харитаси»ни тайёрлаш ташаббуси билан чиқди, транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни кучайтириш, йўловчи ва юк ташишни кўпайтириш юзасидан аниқ чора-тадбирларни кўрсатиб ўтди, дейилади хабарда.

Глобал иқлим исиши оқибатларига қарши курашишда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳимлиги қайд этилди. 2024 йилда Самарқандда ўтказилиши режалаштирилган БМТ шафелигидаги Халқаро иқлим форуми доирасида МДҲ маконидаги экологик хавф-хатарларга бағишланган махсус ялпи сессияни ташкил этишга тайёрлик билдирилди.

мдҳ давлат раҳбарлари кенгаши, шавкат мирзиёев

Гуманитар соҳа ҳақида сўз бораркан, 2024 йилда ҳамдўстликнинг маданий пойтахти деб эълон қилинган Самарқанд шаҳрида МДҲ маданият, санъат ва кино ҳафталигини ўтказиш таклиф қилинди.

Шунингдек, 2024 йилда Тошкент шаҳрида бир қатор ёшларга оид тадбирлар, шу жумладан, футбол мусобақаси бўлиб ўтиши қайд этилди.