Тошкент шаҳри Миробод туманидаги ЦУМ атрофида аёл фарзандини калтаклагани видеоси тарқалди. Туман ҳокимлигининг маълум қилишича, вазият васийлик ва ҳомийлик органи мутасадди ходимлари ва туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ўрганилди.

Аниқланишича, аёл 13 октябрь куни Миробод тумани «Шароф Рашидов» маҳалласи ҳудудида жойлашган «Алик» номли суратхонага расмга тушиш мақсадида келган.

Аёл билан суҳбат натижасида маълум бўлишича, у яқинларидан нохуш хабар эшитиб, асабий ҳолатда бўлган вақтида, фарзандининг хархашасига жавобан қўпол ҳаракат содир этган. Аёл ушбу қилмишидан пушаймонлигини, бундай ҳолат авваллари бўлмаганини ва ҳолат бошқа такрорланмаслигини маълум қилган.

Ҳолат юзасидан Миробод тумани ИИБ ФМБ ходимлари томонидан суриштирув ишлари бошланган.