Ўзбекистонда «Ўзбекгидроэнерго» гидроэлектр станцияларида ишлаб чиқариладиган электр энергияси тарифлари қайта кўриб чиқилади. Бу президентнинг 12 октябрдаги саноат ва унинг базавий тармоқларини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги фармонида назарда тутилган. Ҳужжат нусхаси «Газета.uz» ихтиёрида мавжуд.

Президентнинг 2021 йил 10 декабрдаги қарорига мувофиқ 2022 йил 1 январдан бошлаб «Ўзбекгидроэнерго» компанияси таркибига кирувчи ГЭСларда ишлаб чиқариладиган электр энергияси ваколатли давлат органи томонидан қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олган ҳолда қуйидаги ставкаларда сотиб олиниши кафолатланади (II гуруҳ истеъмолчилари учун мўлжалланган тариф асосида — 1 кВт/соат учун 450 сўм, 1 октябрдан оширилгунга қадар):

сув оқимларида ишлайдиган ГЭСлар учун — тарифнинг 70 фоизи (кВт/соат учун 315 сўм);

электр энергетика тизимининг режимига қараб диспетчер томонидан тартибга солинадиган ГЭСлар учун — тарифнинг 100 фоизи (кВт/соат учун 450 сўм);

гидроаккумуляция электростанциялари (ГАЭС) учун — тарифнинг 150 фоизи (кВт/соат учун 675 сўм).

Ушбу тарифлар ўшандаёқ фотоэлектр станцияларда ишлаб чиқариладиган электр энергиясини давлат сотиб олиш кафолатланган нархлардан юқори эди. 2022 йил декабрь ойида Masdar компанияси (БАА) Бухоро вилоятида 3,044 цент (341,88 сўм), Франциянинг Voltalia SA компанияси эса Хоразм вилоятида 2,888 цент (324,36 сўм) бўлган тариф билан тендерда ғолиб чиқди.

Бу тарифлар президент фармони билан бекор қилинмоқда. Шавкат Мирзиёев бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров бошчилигидаги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссиясига бир ҳафта муддатда «Ўзбекгидроэнерго» таркибидаги ГЭСларда ишлаб чиқариладиган электр энергияси учун тарифларни ушбу компания инвестицион дастурларини молиялаштириш учун етарли ҳажмда тасдиқлашни топширди.