Ўзбекистонда истеъмолчиларнинг кўрсатилган ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизматлари бўйича дебитор қарздорлиги 1 трлн сўмни ташкил этмоқда. Бу ҳақда 16 май куни Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Ўзсувтаъминот» АЖ департамент директори Зуҳриддин Зайниддиновнинг таъкидлашича, қарздорликнинг 73 фоизи ёки 740,5 млрд сўми жисмоний истеъмолчилар ҳиссасига тўғри келмоқда. Юридик истеъмолчиларнинг эса 272,5 млрд сўм қарздорлиги мавжуд. Вилоятлар кесимида энг кўп қарздор ҳудудлар Тошкент шаҳри (283,9 млрд сўм), Андижон (115,6 млрд сўм) ва Тошкент (92,1 млрд сўм) вилоятлари ҳисобланади.

«Таҳлилларга кўра, истеъмолчиларнинг 2,2 миллионтаси 1 млн сўмгача қарздор бўлса, қолган 155 мингтасининг қарздорлиги 1 млн сўмдан зиёдни ташкил қилади», — деди департамент директори.

ичимлик суви, оқова сув, узсувтаъминот, қарздорлик

Департамент директори Зуҳриддин Зайниддинов / Фото: «Ўзсувтаъминот» АЖ ахборот хизмати

«Ўзсувтаъминот» АЖ бўлим бошлиғи Шаҳбоз Сармановнинг сўзларига кўра, жами қарздорларнинг 455 мингтаси охирги икки йилда тўлов амалга оширмаган ва уларда қарздорлик шаклланиб борган. Бундан ташқари, 688 мингта истеъмолчи сўнгги бир йил ичида ичимлик сувига тўлов қилмаган.

«Истеъмолчилар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда соҳадаги коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида аҳоли назоратчилари учун инсон омилисиз рақамлаштирилган KPI тизими жорий этилди. Бугунги кунда соҳадаги 2,3 мингдан ортиқ назоратчи ходимларнинг иш самарадорлиги мазкур KPI тизими орқали баҳоланиб келинмоқда, барча кўрсаткичларни бажарган ходимларимизга 9 млн сўмгача маош тўланмоқда. Олиб борилаётган ишлар натижасида жорий йилнинг январь-апрель ойларида пул ундируви 886 млрд сўмни ташкил этди. Яъни ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,7 баробар ёки 363 млрд сўмга кўп маблағ ундирилишига эришилди», — деди Зуҳриддин Зайниддинов.

Унинг қайд этишича, қарздор истеъмолчиларга 2024 йилнинг ўтган даврида жами 1,6 миллионта огоҳлантириш SMS хабарномалар юборилган. Шу орқали онлайн тўловларнинг пул тушумидаги улуши 74 фоизга етказилган. «Шунингдек, қарздорлиги мавжуд истеъмолчиларнинг 13 мингтасини ичимлик сув тармоғидан узиш ишлари амалга оширилди. 65,3 мингта ҳолатда жами 215 млрд. сўмлик қарздорликлар суд органларига топширилди. Натижада аҳоли қарздорликлари йил бошига (757 млрд сўм) нисбатан 16,2 млрд.сўмга қисқаришига эришилди», — деди департамент директори Зайниддинов.