Россиянинг «Газпромнефть» компанияси Ўзбекистон конларида қудуқларни бурғилаш жараёнларини оптималлаштиришга кўмаклашади. Бу ҳақда Россия энергетика ҳафталиги доирасида «Газпромнефть» ва «Ўзбекнефтгаз» АЖ ўртасида шартнома имзоланди.

«Ўзбекнефтгаз» ахборот хизмати хабарига кўра, конларда қудуқларни қуриш ва улардан фойдаланиш учун «Газпромнефть — Ноябрскнефтгаз» лойиҳанинг оператори сифатида муҳандислик ёндашувлари ва ечимларини ишлаб чиқади.

«Газпромнефть» 2012 йилдан буён углеводородларни қазиб олиш ва технологик жараёнлар самарадорлигини ошириш имконини берувчи бурғилашни бошқариш марказларини ташкил этиш билан шуғулланади.

«Газпромнефть» компаниясининг илғор технологиялари ва тажрибаси «Ўзбекнефтгаз»га қудуқларни қуриш вақтини 20 фоиздан кўпроқ муддатга қисқартиришга ёрдам бериши айтилмоқда.

У бурғилаш назорати, бурғилаш ускуналари аудити, қудуқ дизайнини ўзгартириш бўйича тавсиялар ва бурғилаш суюқлигининг оптимал формуласини танлашни ўз ичига олади.

«„Газпромнефть“ билан ҳамкорликда бурғилашни бошқариш марказининг ташкил этилиши қудуқларни бурғилаш билан боғлиқ барча жараёнларни янада самарали ва уйғун бошқаришни таъминлайди. Мутахассисларимиз бир неча йиллар давомида ана шундай марказни ташкил этиш учун халқаро компаниялар тажрибасини ўрганишди. Ўрганишлар натижасида „Газпромнефть“ компанияси билан ҳамкорликда лойиҳани амалга оширишга қарор қилинди», — дея таъкидлади «Ўзбекнефтгаз» бошқаруви раиси Баҳодир Сидиқов.

«Ноябрьскнефтгаз» мутахассисларида қудуқ унумдорлигини максимал даражада тиклаш борасида ўзлаштиришнинг кеч босқичидаги конларни ишлатиш учун зарур технологик малакалар бор.

Шунингдек, «Ўзбекнефтгаз»да бурғилашни бошқариш марказини ташкил этиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилмоқда. Бунда ҳам «Газпромнефть» дастурий таъминоти ва унинг қудуқларни қуриш бўйича тажрибасидан фойдаланилади.

Айни пайтда компания тасарруфида бурғилашни туну кун назорат қиладиган юқори технологияли 10 та қудуқ қурилишини бошқариш маркази мавжуд. Уларнинг улуши жами 87 фоизни ташкил этади. Хорижий компания билан ҳамкорлик жамиятнинг инновацион фаолиятини фаоллаштирадиган янги технологиялар ва ечимларни яратиш имконини беради.

Маълумот ўрнида, «Газпромнефть-Ноябрскнефтгаз» «Газпромнефть» компаниясининг шуъба корхонаси ҳисобланади. Корхона Ямало-Ненец ва Ханти-Манси автоном ҳудудидаги 37 та конда нефть ва газ қазиб чиқариш билан шуғулланади.