Таҳлиллар сўнги йилларда болаларга нисбатан содир этилаётган зўравонликлар сони ошиб бораётганлиги, мавжуд ҳуқуқий механизмлар зўравонликларни олдини олиш ҳамда жабрланувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда етарли самарасини бермаётганлигини кўрсатмоқда.

Бу ҳақда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасига бириктирилган ҳужжатда қайд этилган.

Жумладан, 2021 йилда вояга етмаганларга нисбатан содир этилиб, тергов қилинган жами жиноят ишлари сони 1831 тани ташкил қилган бўлса, мазкур кўрсаткич 2022 йилга келиб 2194 тага етган.

«Болаларнинг жинсий эркинлигига қарши 2021 йилда 334 та ва 2022 йилда 395 та жиноят ишлари тергов қилинган бўлиб, ушбу турдаги жиноятлар вояга етмаганларга нисбатан жами содир этилган жиноятларнинг ўртача 18 фоизни ташкил қилмоқда», — дейилади хабарда.

Охирги 3 йилда 2072 нафар шахс судлар томонидан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган, шундан 1777 нафари ёки 86 фоизи ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортганлиги учун бўлса, 23 нафари ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилганлиги, болаларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлганлиги, куч ишлатганлиги ёки руҳий таъсир кўрсатганлиги сабабли, дейилади ҳужжатда.

Бугунги кунда 1,5 мингдан ортиқ болалар меҳрибонлик уйлари, «Мурувват» уйлари, болалар уйлари ва тутинган оилаларда тарбия олишмоқда. Бола ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар ва талабларга кўра ушбу болаларга нисбатан зўравонлик содир этиш хавфи юқори ҳисобланади.

Маълумот ўрнида, қонун лойиҳасига таклифларни юбориш 27 октябргача давом этади.

Аввалроқ, Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шахноза Мирзиёева ЎЎзбекистонда 2023 йилнинг тўққиз ойида 1240 та вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари қайд этилган бўлса, шундан 417 таси жинсий зўравонлик эканлигини маълум қилганди. У шунингдек, аслида расмий статистика вазиятни объектив баҳолашга ёрдам бермаслиги, «ҳақиқат бундан ҳам баттар»лигини қайд этганди.

Бош прокуратура катта прокурори Лайло Файзимуродова эса нафақат зўравонлик қурбони, балки воқеага гувоҳ бўлган ва руҳий жабрланган болалар билан ҳам ишлаш кераклигини таъкидлаганди.