13 октябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида ўтаётган МДҲ саммитида иштирок этиш учун етиб борди. Уни аэропортда Қирғизистон Президент администрацияси раҳбари Ақилбек Жапаров ва бошқа расмий шахслар кутиб олди. Саммит доирасида Мирзиёев Беларусь Республикаси раҳбари Александр Лукашенко билан ҳам учрашди.

Унда икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Етакчилар Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги кўп қиррали алоқалар жадал ривожланиб бораётганини қайд этди, дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарида.

Давлат раҳбарлари савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича ўзаро мувофиқлашган чораларни кўриш, жумладан, Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши, Ҳудудлар форуми ҳамда Ўзбекистон ва Беларусь етакчи олий таълим муассасалари ректорларининг учрашувини ташкил этиш муҳимлигини қайд этди.

МДҲ ва бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилди. Бўлажак тадбирлар режаси ҳам кўриб чиқилгани маълум қилинди.