12 октябрь куни Ўзбекистон ҳукумати ва Жаҳон банки «Ўзбекистон энергетика секторини трансформация қилиш учун инновацион углеродли молиялаштириш» (iCRAFT) лойиҳасини амалга ошириш учун 46,25 млн доллар миқдорида молиялаштириш тўғрисида битим имзолади, дея хабар бермоқда банк матбуот хизмати.

Ушбу маблағлар «Ўзбекистон энергетика секторини трансформация қилиш учун инновацион углеродли молиялаштириш» (iCRAFT) лойиҳасини амалга ошириш учун ишлатилади. Лойиҳа тоза энергия ишлаб чиқаришга, энергия самарадорлигини оширишга ва энергия субсидияларини ислоҳ қилишда кўмак беради.

Битим Жаҳон банки гуруҳи ва Халқаро Валюта Жамғармасининг Марокашда бўлиб ўтаётган йиллик йиғилишлари давомида имзоланди.

Жаҳон банкининг Углерод активларини трансформация қилиш жамғармаси (TCAF) томонидан молиялаштирилган iCRAFT лойиҳаси банкнинг энергетика соҳасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш бўйича биринчи глобал ташаббуси бўлиб, маълум бир соҳадаги аниқ натижалар учун тўловлар орқали иссиқхона газлари эмиссияларини камайтиришни рағбатлантиради. Лойиҳа Ўзбекистонга иқлим ўзгариши соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажаришда ва энергия ресурсларидан самарали фойдаланишда ёрдам беради.

«Прогнозларга кўра, уни амалга ошириш даврида биз карбонат ангидрид эмиссиясини қарийб 60 миллион тоннага камайтира оламиз. Ушбу 60 миллион тоннадан лойиҳа доирасида мамлакатдан 2−2,5 миллион тонна карбонат ангидрид сотиб олинади. Ўзбекистон қолган углерод бирликларини лойиҳа давомида яратилган ва синовдан ўтган тизимлар, инфратузилма ва механизмлардан фойдаланган ҳолда халқаро углерод бозорларида сотиши мумкин бўлади», — деди Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари ва Жаҳон банки гуруҳи менежери Жамшид Қўчқоров.

Лойиҳа доирасида тақдим этилган маблағларнинг бир қисми аҳолининг кам таъминланган хонадонларни тарифларнинг кўтарилишидан ҳимоя қилиш учун сарфланади. Жумладан, лойиҳа «яшил» иқтисодиётга ўтиш бўйича давлат дастурини ва энергетика соҳасини ислоҳ қилишга қаратилган бошқа чора-тадбирларни амалга оширишни қўллаб қувватлайди.

Маълумот учун, iCRAFT лойиҳаси Марказий Осиёдаги биринчи иссиқхона газлари эмиссияларини камайтириш орқали глобал ҳарорат кўтарилишини чеклашга қаратилган биринчи халқаро битим бўлиб, Париж келишувида кўзда тутилган бозор механизмлари доирасида иссиқхона газлари эмиссияларини камайтириш бўйича саъй-ҳаракатларни молиялаштиради.

Хусусан, лойиҳа доирасида 2027 йилгача камайтирилган иссиқхона газлари эмиссиялари чиқиндиларни мамлакатдан сотиб олиш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2018 йилда Иқлим бўйича Париж келишувини ратификация қилиб, 2030 йилгача ялпи ички маҳсулот бирлигига нисбатан иссиқхона газлари (карбонат ангидрид, метан, азот оксиди) ажратилиши ҳажмини 2010 йилдаги базавий даражадан 10 фоизга камайтиришга ваъда берганди. 2021 йилда Ўзбекистон ушбу шартнома бўйича мажбуриятларини оширди. Ўзбекистоннинг янги мақсади: 2030 йилга бориб ЯИМ бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари ажратилишини 2030 йилгача 2010 йил даражасидан 35 фоизга (илгари кўрсатилган 10 фоиз ўрнига) камайтириш.