«Ўзэнергоинспекция» томонидан январь-сентябрь ойларида айрим хусусий АЁҚШларда 9 млн 150 минг литр сифатсиз нефть маҳсулотларининг истеъмолга чиқарилиши олди олинди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.

Назорат тадбирлари давомида 225 та ҳолатда сифатсиз нефть маҳсулотлари сотилаётгани аниқланган. Бунда жами 179 млн 39 минг литр нефть маҳсулотларининг 9 млн 150 минг литри (5,1%) сифатсизлиги боис истеъмолга чиқарилмаган.

Энг кўп аниқланган ҳолатлар, асосан, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятлари ҳиссасига тўғри келган.

Ўтган йилнинг декабрь ойида нархни оширган ва сифатсиз маҳсулот сотган 299 та АЁҚШга бензин етказиб бериш тўхтатилганди.

2022 йилда «Ўзнефтгазинспекция» томонидан ўтказилган текширувларда 43 та ҳолатда истеъмолчиларга бензин ҳар 10 литр учун 10 дан 740 мл гача кам қуйилаётгани маълум бўлганди.