Сенатнинг эллик иккинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 2271-моддасига ўзгартириш киритиш тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилди. Қонун қуйи палата томонидан 2 апрель куни қабул қилинганди.

Қонун билан Солиқ кодексига фискал ҳуқуқбузарликлар содир этганлик учун қўлланиладиган молиявий санкциялар камайтирилишини назарда тутувчи қўшимчалар киритилмоқда.

Жумладан, фискал белгиларни акс эттириш ёхуд автоматлаштирилган ҳисобга олиш ўлчов воситалари билан жиҳозлаш ёки солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминлаш бўйича қонунчиликда белгиланган талабларни ёки тартибни бузиш, шунингдек, товарларни (маҳсулотларни) ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар ва сотувчилар томонидан идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш тартиб-қоидаларига оид ҳуқуқбузарликлар биринчи марта содир этилганда жарима миқдори охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушумнинг икки фоизини ташкил этади.

Мазкур ҳуқуқбузарлик молиявий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилса, жарима миқдори йигирма фоизни ташкил этиши белгиланмоқда.

Аввал тадбиркорлар ушбу қонун бузилиш ҳолати учун охирги ҳисобот чорагида эга бўлган соф тушумни жарима шаклида тўлашга мажбур бўлаётган эди. Эндиликда фискал тартиб-қоидаларга оид ҳуқуқбузарликлар учун қўлланиладиган молиявий жарима миқдори қарийб 98 фоизга қисқартирилмоқда.

Таҳлилларга кўра, 2022−2023 йилларда амалдаги Солиқ кодексининг 2271-моддаси асосан ҳуқуқбузарлик содир этган 1519 та тадбиркорларга нисбатан 735 млрд сўм молиявий жарималар қўлланилган.

Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Солиқ маслаҳатчилари ва тадбиркорларнинг таъкидлашича, солиқ органлари савдо ва овқатланиш корхоналарини R-Keeper, Jowi, iiko ва бошқа тизимларнинг ички ҳисобга олиш дастурларидан фойдаланганликлари учун касса аппаратлари, яъни солиқ органлари тизими билан интеграциялашмагани учун жаримага тортишган.

Февраль ойи ўрталарида умумий овқатланиш ва савдо соҳаларидаги бизнес вакиллари билан учрашувда Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов тадбиркорларга қўлланган жарималар миқдорини камайтириш режалаштирилганини маълум қилганди. Шунингдек, у жаримани тўлиқ тўлаганлар сумманинг 98 фоизи қайтарилишига ишонтирганди. Хабар қилинишича, жами 400 млрд сўмлик жарималарни ҳисобдан чиқариш режалаштирилган.

Февраль охирида Шавкат Мирзиёев фискал белгилар ва товарларни маркалаш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун бизнес учун молиявий санкцияларни юмшатиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Фармонда бир ой ичида тузатишлар лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилганди.