«Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳкамаси учун порталга жойланди. Ҳужжат Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Адлия вазирлиги ҳамда UNICEF ҳамкорлигида ишлаб чиқилган. «Газета.uz» ҳужжат шарҳини тақдим этади.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси 5 та боб, 49 моддадан иборат. Уни ишлаб чиқишда Германия, Франция, Дания, Сингапур, БАА , Венгрия, Болгария, Албания, Филиппин, Грузия давлатлари тажрибаси ўрганилди.

Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш фаолиятини бевосита амалга оширувчи давлат органлари ва ташкилотлар Болалар масалалари бўйича миллий комиссия томонидан мувофиқлаштирилади. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги комиссиянинг ишчи органидир. Қолаверса, агентлик қонун ижросини таъминлаш бўйича ваколатли органи ҳам ҳисобланади.

Ҳужжат билан болаларга нисбатан зўравонлик шаклларига тариф берилиб, уларни содир этишни тақиқлаш ҳамда қонунга биноан таъқиб қилишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамлаш таклиф этилмоқда.

Зўравонлик шакллари:

  • жисмоний зўравонлик;
  • жинсий зўравонлик;
  • руҳий зўравонлик;
  • ғамхўрлик кўрсатмаслик;
  • мажбурлаш (эксплуатация қилиш);
  • зўрлик қилиш (буллинг);
  • камситиш.

Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишнинг умумий чора-тадбирлари қуйидагилардан иборат:

  • қонунчилик ҳужжатлари, стандартлар, давлат дастурлари, ҳудудий ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;
  • оилаларини мустаҳкамлаш ва қўллаб қувватлаш, ота-оналик кўникмаларини ривожлантириш, болаларда зўравонлик ҳолатларига қарши ҳаётий кўникмаларини шакллантиришга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;
  • болалар учун хавфсиз ва зўравонликдан холис бўлган муҳитни яратишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;
  • зўравонликнинг сабаблари ҳамда шарт-шароитлари бўлган омилларни таҳлил қилиш, ўрганиш ва бартараф этиш;
  • аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғибот олиб бориш;
  • болаларни ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўғрисидаги, шунингдек ҳимоя қилиш кафолатлари ҳақидаги ахборот билан таъминлаш мақсадида ахборот-маърифий фаолиятни амалга ошириш;
  • болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг статистик ҳисоби ва ҳисоботини юритиш, уларни давлат статистика органларига тақдим этиш ҳамда зўравонлик ҳолатларини олдини олиш чора-тадбирларини режалаштиришда улардан фойдаланиш;
  • болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларини аниқлаш ва ҳимоя қилишнинг самарали ҳуқуқий механизмларини жорий этиш;
  • айбдорларни қонунда белгиланган жавобгарликка тортиш.

Болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олишга доир қуйидаги якка тартибдаги чора-тадбирлар белгиланмоқда:

  • профилактика суҳбатини ўтказиш;
  • болаларга ҳимоя ордерини бериш;
  • болани ота-онадан (уларнинг биридан) ёки болани ўз қарамоғига олган бошқа шахслардан олиш;
  • индивидуал ҳимоя режасини тузиш;
  • зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастурларидан ўтиш;
  • жинсий зўравонлик содир этган шахсларнинг ҳуқуқларини чеклаш.

Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишнинг якка тартибдаги чора-тадбирларини қўллаш учун — зўравонлик қурбонининг мурожаати, жисмоний ёки юридик шахсларнинг хабарлари, зўравонлик содир этиш ёхуд уларни содир этишга уриниш фактларининг тегишли давлат органлари ва ташкилотлар ходимлари томонидан бевосита аниқланиши, ОАВлар, интернет, шу жумладан ижтимоий тармоқлар хабарлари, давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан келиб тушган маълумотлар асос бўла олади.

Зўравонликдан жабрланган болалар қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади:

  • зўравонлик тўғрисидаги ариза билан тегишли ваколатли органларга ёки судга мурожаат этиш;
  • махсус марказларда, шунингдек бепул телефон линияси орқали текин ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш;
  • ҳимоя ордери бериш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилиш;
  • етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланиши ҳамда маънавий зиён компенсациясини талаб қилиш;

Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш фаолиятини бевосита амалга оширувчи давлат органлари ва ташкилотлар — Вазирлар Маҳкамаси, Болалар омбудсмани, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, прокуратура ва ички ишлар органлари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар ишлар агентлиги, давлат бошқарув органлари ва таълим муассасалари, ҳокимиятлар, МФЙ ва бошқалардан иборат. Уларнинг ваколатлари (8−21-моддаларда) аниқ белгилаб берилмоқда.

Бундан ташқари, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига зўравонликдан жабрланувчи, шунингдек ўзларига нисбатан зўравонлик содир этиш хавфи остида бўлган болаларни аниқлаш, уларни ҳисобини юритиш ҳамда зарур ҳолларда уларга нисбатан зўравонликнинг олдини олишга доир якка тартибдаги чора-тадбирлар қўлланилишини таъминлаш бўйича вазифалар юклатилмоқда.

Қуйидагилар зўравонлик хавфи остида бўлган болалар ҳисобланади:

  • етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлганлар;
  • ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғдирадиган ёхуд таъминлаш, тарбиялаш, таълим бериш ва парваришлаш талабларига жавоб бермайдиган шароитда бўлганлар;
  • ота-онаси яшаш жойи бўйича вақтинча бўлмаганда ёки уларнинг ота-оналик мажбуриятини вақтинча бажара олмаслиги даврида васий ёки ҳомий тайинланмаганлар;
  • назоратсиз ёки қаровсиз қолганлар;
  • ижтимоий жиҳатдан оғир аҳволда бўлганлар;
  • ногиронлиги бўлганлар, шу жумладан ақлий ва жисмоний ривожланишида муаммолари бўлганлар;
  • отаси ёки онаси (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) руҳий асаб касалликлари диспансери ёхуд наркология муассасаларида ҳисобда турганлар;
  • иккала ота-онасига ёҳуд бирига (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси ёки озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилганлар;
  • отаси ёки онаси (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) Жиноят кодексининг 118−122−1, 125−1, 126, 126−1, 127, 127−1, 128, 128−1, 129, 130, 130−1, 131, 135, 148−1- моддаларида назарда тутилган жиноятларни ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 188, 188−3 ва 190-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганлар;
  • ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этганлар;
  • фоҳишалик билан шуғулланаётганлар;
  • ваколатли орган томонидан аниқланадиган бошқа тоифадаги болалар.

Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш фаолиятини бевосита амалга оширувчи давлат органлари ва ташкилотлар, судлар, жисмоний ва юридик шахслар ўзларига нисбатан зўравонлик содир этиш хавфи остида бўлган болалар ҳақидаги фактлар ёки болаларга нисбатан зўравонлик аломатлари аниқланган тақдирда бу ҳақда ваколатли орган — агентликка ҳамда тегишли ички ишлар органларига дарҳол хабар қилиши шарт.

Ички ишлар органлари зўравонлик тўғрисида оғзаки ёки ёзма хабар олганда бундай ҳаракатларга чек қўйиш ва уларнинг олдини олиш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар кўриши ҳамда бу ҳақда ваколатли органга хабар бериши шарт.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги зўравонликдан жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш, маслаҳат бериш, болаларга зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш механизмлари ва чора-тадбирлари тўғрисида ахборот олишни таъминлаш мақсадида Ўзбекистоннинг бутун ҳудудида туну кун ишлайдиган, бепул телефон линияси тармоғи (ишонч телефони) ишлаб туришини таъминлайди. Телефон линияси тармоғи махфийликка риоя этган ҳолда фаолият кўрсатади. Ишонч телефони орқали олинган ахборотни ошкор этишга йўл қўйилмайди, бундан қонунчиликда белгиланган ҳоллар мустасно.

Хавф остида бўлган болалар ҳимоя режаси

Ваколатли орган — мурожаат келиб тушгандан кейин зудлик билан боланинг ҳаётий вазиятини баҳолайди. Боланинг ҳаёти ёки соғлиғи бевосита хавф солувчи омиллар аниқланса, дарҳол уларни бартараф қилиш чоралари кўрилади.

Бирламчи баҳолашдан сўнг, зўравонлик факти боланинг ҳаёти ёки соғлиғи бевосита хавф солмаслиги ҳақида хулосага келинса, ваколатли орган 14 кун ичида жабрланувчи ёхуд хавф остида бўлган болаларнинг ҳаётий вазиятини комплекс баҳолайди. Унинг натижасига кўра, ҳимоя режаси ишлаб чиқилади.

Болаларнинг ҳаётий вазиятини баҳолаш тартиби ва мезонлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ҳимоя режаси жабрланувчига нисбатан якка тартибда қўлланиладиган чора-тадбирларни ўз ичига олади. У жабрланувчи (хавф остидаги) болалар ва уларнинг қонуний вакиллари ҳамда давлат органлари вакиллари иштирокида тайёрланади.

Ҳимоя режасини тугатиш вазият ўзгаришига қараб ҳал этилади, ундан олдин эса мониторинг ишлари олиб борилади. Тугатиш учун эса зўравонлик оқибатлари ёки хавф омиллари бартараф этилгани, боланинг 18 ёшга тўлгани ёки боланинг вафот этгани асос бўлади.

Ҳимоя режасини ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва мониторинг қилиш тартиби ҳукумат томонидан белгиланади.

Ҳимоя ордери

Ҳимоя ордери Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан зўравонликдан жабрланувчининг қонуний вакилига ёки болани ўз қарамоғига олган бошқа шахсга ҳамда зўравонликдан жабрланувчининг ўзига берилади. Зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахсга ҳимоя ордерининг нусхаси берилади.

Ҳимоя ордерида у расмийлаштирилган сана ва жой, уни расмийлаштириш учун асос бўлган ҳолатлар; зўравонликдан жабрланувчининг ҳамда зўравонлик содир этган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, туғилган санаси ва жойи, касби ҳамда яшаш жойи ҳамда чекловлар турлари кўрсатилган бўлади.

Агентлик зўравонликдан жабрланувчи, унинг қонуний вакили ёки болани ўз қарамоғига олган бошқа шахснинг мурожаати ёхуд содир этилган зўравонлик ҳолати юзасидан маълумотлар келиб тушган пайтдан бошлаб 24 соат ичида зўравонлик хавфи даражасини баҳолайди ва натижасига кўра ҳимоя ордерини беради ёки ҳимоя ордерини беришни рад этади.

Ҳимоя ордери 30 кунгача берилади ва ушбу ордер расмийлаштирилган пайтдан эътиборан кучга киради. Ҳимоя ордерини топшириш ва ижросини таъминлаш ички ишлар органлари томонидан амалга оширилади. Зўравонликнинг якка тартибдаги профилактикасиша жавобгар ИИО мансабдор шахси ҳимоя ордери келиб тушиши билан дарҳол уни ижрога қаратиши шарт.

ИИО ходими зўравонга ҳимоя ордерининг шартлари ҳамда уни бажармаслик оқибатлари ва зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастурларидан ўтиш зарурлиги тўғрисида хабар қилади. Зўравон ҳимоя ордерини олиш тўғрисидаги тегишли ҳужжатни имзолашни рад этган тақдирда, ҳимоя ордерини топшираётган ваколатли орган ходими томонидан холислар иштирокида далолатнома тузилади.

Агар жабрланувчи ҳамда зўравон бирга ўқиса ёки ишласачи? Бу ҳолатда ИИО ходими жабрланувчига ҳимоя ордери берганидан кейин бир иш куни ичида зўравонликдан жабрланувчининг ўқиш ёки иш жойига бевосита алоқани тақиқлаш бўйича тақдимнома юборади. Бордию, зўравон ёки шунга мойил шахс жабрланувчи ўқийдиган/ишлайдиган ташкилот раҳбари бўлса, ундан юқори турувчи ташкилотга тегишли тақдимнома киритилади.

Тақдимномани қабул қилиб олган ташкилот раҳбари эса 3 иш кунида жабрланувчи ҳамда зўравон ёхуд шунга мойили бор шахс ўртасидаги бевосита алоқани бартараф этишга қаратилган ҳаракатларни амалга оширади.

Агар хавф ҳали бартараф этилмаган бўлса, ҳимоя ордерининг амал қилиш муддати жиноят ишлари бўйича суд томонидан кўпи билан бир йилгача муддатга узайтирилиши мумкин.

Ҳимоя ордерини бериш ёки ҳимоя ордерини беришни ёхуд узайтиришни рад этиш устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

Ҳимоя ордери талабларининг ижроси устидан назорат ваколатли орган томонидан амалга оширилади.

Ҳимоя ордерини бериш тартиби, зўравонлик хавфи даражасини баҳолаш мезонлари ва ҳимоя ордерининг шакли Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ҳимоя ордерида қуйидаги чекловлар назарда тутилиши мумкин:

  • тазйиқ ўтказишни ва зўравонлик содир этишни тақиқлаш;
  • Зўравон ва жабланувчининг алоқасини тақиқлаш (иш жойи ва таълим муассасаларида жабрланувчи ва зўравон билан билвосита алоқасига йўл қўйилади);
  • жабрланувчи ва зўравоннинг бир хонада ёки транспорт воситасида бирга бўлишини тақиқлаш;
  • зўравонга қурол (бундан хизмат қуроли мустасно) сақлаш ва олиб юришни ҳимоя ордери вақтида ёки белгиланган муддатга чеклаш ёхуд тақиқлаш, шунингдек қурол сотиб олиш учун рухсатнома олишга доир ҳуқуқини тақиқлаш.

Ҳимоя ордери муддатини узайтириш давомида суд қуйидаги чекловларни ҳам қўйишга ҳақли:

  • зўравоннинг муайян жойларга боришини тақиқлаш;
  • наркологик касалликдан амбулатория ёки стационар шароитларда даволаниш каби мажбуриятлардан бирини ёки бир нечтасини зўравон зиммасига юклаш;
  • зўравоннинг жабрланувчи уй-жой майдонидан ёки унинг бир қисмидан фойдаланиш, жабрланувчининг ўқиш ёки иш жойига ёхуд у жойлашган бошқа жойларга яқинлашиш ҳуқуқини вақтинчалик чеклаш.

Шунингдек, ҳимоя ордерида зўравон томонидан жабрланувчининг даволаш, унга маслаҳат бериш, ёрдам кўрсатиш бўйича махсус марказ харажатлари, етказилган моддий зарар ва маънавий зиён ўрнини қоплаш мажбурияти киритилиши шарт.

Ҳимоя ордери муддати узайтирилса, зўравонга хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастуридан ўтиши тўғрисидаги шарт мажбурий тартибда киритилади.

Агарда, ҳимоя ордерини бериш ё муддатини узайтиришда жиноят аломатлари аниқланса, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан зўравонга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.

Комплекс ёрдам кўрсатиш

Зўравонликдан жабрланувчи, шунингдек ўзларига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган болаларга қуйидагиларни ўз ичига олган зарур ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам кўрсатилади:

  • бола кечирган руҳий ва жисмоний жароҳатнинг унинг келгуси ривожланишига салбий таъсирини камайтириш;
  • ҳаёт сифатини ошириш ва психоэмоционал фаровонлигини таъминлаш;
  • хулқ-атворида оғишишлар ёки оила аъзолари, тенгдошлари билан муносабатларидаги бузилишлар пайдо бўлишини олдини олиш ва (ёки) оқибатларини тузатиш;
  • соғлиғини тиклаш ва мустаҳкамлаш;
  • болани жамиятга, шу жумладан, тенгдошлари жамоаси, оилавий муҳитига реабилитацияси ва ижтимоий мослашувини енгиллаштириш;
  • юридик ёрдам кўрсатиш, ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш ва ҳуқуқий маслаҳатлар бериш;
  • боланинг вақтинча хавфсизлигини таъминлаш, унинг парвариши ва ғамхўрлигини амалга оширадиган шахсни белгилаш;
  • хавфсиз бошпана билан таъминлаш ва бошқалар.

Жабрланувчи ва хавф остидаги болаларнинг энг устун манфаатларини таъминлаш мақсадида уларнинг оила аъзоларига, шу жумладан зўравонга нисбатан хавф омилларини бартараф этишга қаратилган оилани мустаҳкамловчи ва қўллаб-қувватловчи хизматлар кўрсатилади.

Бу мақсадда болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш фаолиятини бевосита амалга оширувчи давлат органлари ва ташкилотлардан тегишли соҳа мутахассислари жалб этилиб қуйидаги хизматлар кўрсатилади:

  • зўравондаги эмоционал барқарорликни таъминлаш, ота-оналик салоҳияти, масъулияти ва кўникмалари ҳамда зўравонлик оқибатларини англаши учун психологик, педагогик ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш;
  • оила аъзоларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш;
  • зўравонда руҳий-асаб бузилишлар кузатилганда мажбурий тиббий даволаш чораларини кўриш;
  • спиртли ичимликлар, гиёҳванд, психотроп ёки кучли таъсир этувчи бошқа моддаларни мунтазам истеъмол қиладиган ота-оналарни ихтисослаштирилган диагностика ва даволаш муассасаларида мажбурий даволанишини таъминлаш;
  • зўравонликка билвосита таъсир қилган иқтисодий қийинчиликларни бартараф этиш учун оиланинг моддий барқарорлигини таъминлаш (иш билан ёки ўзини-ўзи банд этиш, касб ва ҳунарга ўқитиш) чораларини кўриш.

Зўравонлик содир этиш хавфидан келиб чиқиб хавф омилларини бартараф этиш учун оилани мустаҳкамлаш ва қўллаб қувватлашга қаратилган қонунчиликда тақиқланмаган бошқа чора-тадбирлар кўрилиши мумкин.

Болани ота-онадан олиб қўйиш

Боланинг ҳаёти ва соғлиғи бевосита хавф остида қолганда ваколатли орган болани ота-онадан (уларнинг ўрнини босувчи шахслардан) ёки уларнинг биридан, ўз қарамоғига олган бошқа шахслардан зудлик билан олишга ҳақлидир. Болани зудлик билан олиш МФЙ далолатномаси асосида амалга оширилади.

Бола олинганда ваколатли орган тезда прокурорга хабар бериши, болани вақтинча муайян ерга жойлаштириши ва МФЙ далолатномаси тузилгандан кейин 7 кун ичида ота-онани ота-оналик ҳуқуқини чеклаш тўғрисида судга даъво киритиши шарт.

Болалар олиб қўйилганда қуйидаги жойларга жойлаштирилиши мумкин:

  • боланинг энг устун манфаатларига мувофиқ шароит ярата оладиган ота-онанинг бириникига;
  • боланинг қариндошлариникига;
  • болага ғамхўрлик кўрсатиш истагини билдирган шахсникига;
  • ваколатли органда ҳисобда турган шахсларникига;
  • тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш бўйича махсус марказларга;
  • бола соғлиғида муаммо бўлганда тиббиёт муассасасига;
  • вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларига.

Болани оилага жойлаштиришнинг имконияти бўлмаган тақдирда, уни ихтисослаштирилган муассасаларга жойлаштириш охирги чорадир.

Суднинг ота-онани ота-оналик ҳуқуқини чеклаш тўғрисидаги қарори қабул қилингач, боланинг бошқа жойда яшаб туриши муддати ҳимоя режасида белгиланади.

Жинсий зўравонлик содир этган шахсларнинг ҳуқуқларини чеклаш

Қўлланилган жазо чорасидан, судланганлик ҳолати тугатилганлигидан ёки олиб ташланганлигидан ҳамда ўзига нисбатан амнистия ёки афв этиш акти қўлланилганлигидан қатъи назар жинсий зўравонлик билан боғлиқ жиноят содир этган шахсларнинг таълим, тарбия, болалар соғломлаштириш, спорт ва ижодий ташкилотларида ишлаши ҳамда болалар билан бевосита ишлашни назарда тутувчи бошқа фаолият турлари билан шуғулланиши тақиқланади.

Жинсий зўравонларнинг реестри юритилади, улар реестрда бўлган даврда ички ишлар органлари томонидан профилактик ҳисобга олинади.

Реестрга киритилган шахслар яшаш жойи ва иш жойини ўзгартирганда бу ҳақда тегишли ички ишлар органларига хабар беришлари шарт.

Зўравонликдан жабрланувчига ёрдам кўрсатган шахсларга маълум бўлиб қолган барча шахсга доир маълумотлар шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчилик билан қўриқланади.

Зўравонликдан жабрланувчининг шахсига доир маълумотлари ишониб топширилган ёки касбий, хизмат ва меҳнат мажбуриятларини бажариши муносабати билан бу маълумотлар ўзига маълум бўлиб қолган шахслар ушбу маълумотларни ошкор этган ёки ошкор этилишга йўл қўйган тақдирда қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

Таълим муассасаларида болаларга нисбатан зўравонликка йўл қўйилмайди

Таълим дастурлари болаларга нисбатан ва болалар ўртасида зўравонликни, шу жумладан буллингни олдини олиш ҳамда боланинг қонуний манфаатларини менсимасликни бартараф этишга кўмаклашиши керак.

Таълим муассасаларида интизомий жазо чораси сифатида зўравонликни ҳар қандай шакли, шу жумладан жисмоний жазо ва бошқа шафқатсиз хатти-ҳаракатларни амалга ошириш ёки қадр-қимматни камситувчи муомалани қўллашга йўл қўйилмайди.

Таълим муассасаларида болаларга нисбатан зўравонлик масалалари бўйича масъул шахслар белгиланади.

Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишда таълим муассасаси раҳбарияти зўравонликка олиб келувчи сабаблар ҳамда шарт-шароитларни бартараф этиши, таълим муассасасида инсон ҳуқуқлари ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга асосланган зўравонликсиз муносабатларни шакллантириши, хавфсиз ва ижобий психологик муҳитни ташкил этиши ва уни таъминлаш чораларини кўриши шарт.

Таклиф этилаётган ҳужжатга кўра, лойиҳани қабул қилиниши болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда уларни ҳурмат қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига муросасиз муносабатда бўлиш ва зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, мазкур қонун лойиҳаси ҳозирча таклиф ўрнида бўлиб, жамоатчилик муҳокамаси 27 октябрга қадар давом этади, шу муддат ичида ўзингизни фикр-мулоҳазаларингизни юборишингиз мумкин. Ҳужжат қабул қилиниши учун эса уни Қонунчилик палатаси ва Сенат қабул қилиши, кейин эса президент имзолаши керак.