Ўзбекистонда 1 мартдан Аи-80 бензини нархи ошади

Ўзбекистонда 1 мартдан импорт қилинадиган ва маҳаллий Аи-80 русумли бензинга акциз солиғининг «ноль» ставкаси қўлланиши муддати тугайди. Шу кундан бошлаб ушбу ёқилғи нархининг ошиши кутилмоқда.

Муҳтож шахслар замонавий оёқ протез-ортопедия буюмлари билан бепул таминланади

2023 йилдан муҳтож шахсларга замонавий оёқ протез-ортопедия буюмлари бепул берилади. I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ва уларга ғамхўрлик қилувчилар давлат хизматларидан навбатсиз фойдаланади, мансабдор шахслар қабулига навбатсиз киради.

Сергелида фуқаро тез ёрдам машинаси ҳайдовчисини дўппослади

Душанба куни эрта тонгда Сергели туманида тез ёрдам машинаси ҳайдовчиси калтакланди. Аниқланишича, беморнинг яқини фельдшерга яхши қарамагани учун куч ишлатмоқчи бўлган, ҳайдовчи эса уни ҳимоя қилмоқчи бўлган. Ҳозирда ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Тошкентдаги қатор автобус йўналишларининг оралиқ ҳаракати ўзгартирилади

28 февралдан Тошкентдаги қатор автобус йўналишларининг оралиқ ҳаракати ўзгартирилади. Уларнинг асосий қисми янги ташкил этилган чорраҳалар орқали ўтадиган бўлди.

Солиқ иловасида кешбэк олиш учун энди Face ID талаб қилинади

Энди «Soliq» мобил иловасида кешбэк олиш учун Face ID бўйича идентификациядан ўтиш талаб қилинади. Илгари фақат 500 000 сўмдан ортиқ маблағни олиш учун фотосурат ёрдамида шахсни тасдиқлаш талаб қилинарди.

Тўра Боболов янги лавозимда иш бошлагани маълум бўлди

2022 йил декабрда Сурхондарё вилояти ҳокими лавозимидан озод этилган Тўра Боболов Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари сифатида иш бошлаган. У Ўзбекистон-Озарбайжон ишбилармонлар кенгаши йиғилишида биринчи ўринбосар ва кенгаш ҳамраиси бўлиб иштирок этди.

Тошкентда иқтисодчи Жеймс Робинсон билан учрашув бўлиб ўтади

17 март куни Тошкентдаги Intercontinental Hotel Tashkent меҳмонхонасида британиялик олим, Чикаго университети профессори Жеймс Робинсон билан учрашув бўлиб ўтади. Тадбирда унинг ҳаммуаллифлигидаги «Мамлакатлар таназзули сабаблари» (Why Nations Fail) китобининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтади.

12 март куни бешинчи Тошкент халқаро марафони бўлиб ўтади

12 март куни «V International Tashkent Marathon» ва Ўзбекистоннинг 14 та шаҳрида бир вақтда Янги Нафас оммавий югуриш мусобақаси ўтказилади. Профессионал ва ҳаваскор спортчилар 5 мартгача 42 км, 21 км, 10 км, 3 км масофа учун рўйхатдан ўтиши мумкин. Бу йил илк бор «Kids Run» пойгаси ҳам бўлиб ўтади.

ЎзПФЛ ва ЎФА ўртасида келишув имзолаш вақти келди — Диёр Имомхўжаев

Давлат бюджетидан «бир тийин ҳам олмайди»ган Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси даромади ва харажати ҳақида кетма-кет иккинчи йил жамоатчиликка ҳисобот берди. ЎзПФЛ раҳбари Диёр Имомхўжаев унинг ташкилоти 2023 йилда болалар, аёллар ва футзал мусобақаларини ортиқ ўтказмаслигини маълум қилди.

Ўзбекистон Озарбайжон билан 500 млн долларлик қўшма инвестиция жамғармасини ташкил этади

Ўзбекистон-Озарбайжон ҳудудлараро форумида ўзаро савдо ва иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича 11 та ҳужжат имзоланди. Томонлар лойиҳаларни ўз вақтида молиялаштириш учун $500 млнлик қўшма инвестиция жамғармасини ташкил этишга келишиб олди.

Қозоғистон мартда «Бухоро-Урал» газ қувурининг учинчи тармоғи қурилишини бошламоқчи

Қозоғистон 2023 йилда Ўзбекистондан Қозоғистон орқали Россияга ўтувчи «Бухоро-Урал» газ қувурининг учинчи тармоғи қурилишини бошлашни режалаштирмоқда. Лойиҳа қиймати 95,6 млн долларга баҳоланган.

Жиззахда ота қизининг синфдошларини калтаклади

Жиззах шаҳридаги 11-мактабда ота қизининг 3 нафар синфдошини калтаклади. Воқеага болаларнинг қизга гап отгани сабаб бўлгани айтилмоқда. Ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Сардор Умурзаков Қатар амирига президент мактубини етказди

Ўзбекистон президенти Администрацияси раҳбари Сардор Умурзаков Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийга Шавкат Мирзиёевнинг мактубини етказди. Унда икки томонлама муносабатлар ҳақида сўз борган.

«Ўзавтойўлбелги» корхонаси мансабдорлари 2,7 млрд сўмни талон-торож қилгани айтилмоқда

«Ўзавтойўлбелги» ДУК мансабдорлари 2 млрд 701 млн сўм миқдоридаги бюджет маблағларини талон-торож қилганликда гумонланмоқда. Улар ўзларига таниш фирмалар билан 9 млрд сўмлик шартнома тузиб, йўл белгиларини ясаш ва чизишда фойдаланиладиган маҳсулотларни қиммат нархларда харид қилган.

Транспорт вазирлиги Европага автотранспортда юк ташувчиларга мурожаат қилди

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги Польша Беларусь билан чегарадаги назорат пунктини вақтинча ёпгани учун миллий ташувчилардан Европага юк ташувлари жараёнида ушбу ҳолатни инобатга олишларини сўради. Ҳозирда Литва орқали тўсиқларсиз ҳаракатланишни таъминлаш юзасидан музокаралар олиб борилмоқда.

Ҳафта давомида ҳарорат аста-секин кўтарилади

Ўзбекистонда ҳафта давомида ҳаво аста-секин исиб, ҳарорат кундузи +22 даражагача етади. 27−28 февраль кунлари тоғларда қор кўчиши хавфи бор. 3 мартда эса Кавказ ҳудудларидан бироз нам ҳаво кириб келиши ҳисобига баъзи жойларда ёмғир ёғади.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақола ва фоторепортажлар:

«Сўз эркинлигининг чегарасини Адлия вазирлиги белгиламайди». Тармоқ фаоллари вазирлик эслатмасини қоралади

Адлия вазирлиги ОАВ ва блогерларни «жамиятдаги муаммоларни фақат ҳуқуқий воситалар асосида ҳал қилиш»га чақириб, ОАВдаги туҳмат ва ҳақорат учун жазоларни эслатди. Фаоллар эса бу каби эслатмалардан «сўз эркинлиги ютқазаётгани», «эркин матбуот ҳали адлиянинг ўзига ҳам керак бўлиши»ни таъкидлади.

Эсизгина кўчатлар

«„Чилонзор-22 квартал шу ерми? Ўтган йили ҳам худди шу ерда кўчат экаётганмидиларинг? Ўша кўчатлар қани?“ […] ЖЭК олти йилда 69 мингдан кўпроқ дарахт эккан. 80 фоизи кўкарди, деб районга маълумот ҳам берган, лекин ярми ҳам қолган эмас. Шунча дарахт кўкарса, ҳаммаёқ кўкаламзор бўлиб кетмасмиди».

Фото: Қорақалпоғистонликлар «Жуўери гуртик» кунини нишонлади

Қорақалпоғистонликлар илк бор миллий таом — жуўери гуртик байрамини ўтказди. Ташаббус жамоатчилик томонидан илгари сурилди. Таомнинг энг катта порцияси Нукусдаги президент мактабида тайёрланди. Байрамни бошқа мамлакатларда яшовчи қорақалпоғистонликлар ҳам нишонлади.