Қозоғистон 2023 йилда Ўзбекистондан Қозоғистон орқали Россияга ўтувчи «Бухоро-Урал» газ қувурининг учинчи тармоғи қурилишини бошлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Қозоғистоннинг Актобе вилояти ҳокими Ерали Тугжанов маълум қилди.

«Вилоятимиз учун газ таъминоти муаммоси айни пайтда актуал бўлиб турибди. Хомашё етарли бўлса-да, мавжуд тармоқлар ҳудудга керакли ҳажмни етказиб беролмаяпти. Уларда ҳаддан ташқари кўп юклама мавжуд. Ягона ечим — „Бухоро-Урал“ газ қувурининг учинчи тармоғини қуриш», — деди у.

Ҳокимнинг сўзларига кўра, бу «жуда йирик лойиҳа» бўлиб, унинг узунлиги 162 км бўлади, умумий қиймати қарийб 43 миллиард тенгени (95,6 миллион долларга яқин) ташкил этади. «Бу йил қурилиш ишларини бошлаймиз. Буни ҳал этмас эканмиз, вилоят қишлоқларини газлаштириш масаласи кун тартибида қолаверади», — деди вилоят ҳокими.

Қурилиш ишлари март ойида бошланиши режалаштирилган.

Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россияни боғлайдиган газ қувурининг умумий узунлиги 4500 км дан ошади. Газли-Челябинск газ қувурининг иккита тармоғидан биринчиси 1963 йилда, иккинчи Газли-Челябинск-Свердловск — 1966 йилда ишга туширилган. Қувурни назорат қилиш ва техник хизмат кўрсатиш «Газпром» компанияси томонидан амалга оширилади.

2014 йил кузида газ қувури тескари режимда ишга туширилди, яъни қарама-қарши йўналишда газ етказиб берила бошланди, «Газпром» шу тариқа Қозоғистоннинг жанубий вилоятларини газ билан таъминлашни йўлга қўйди.

«Уч томонлама газ иттифоқи»

2022 йил 28 ноябрь куни Россия президенти Владимир Путин Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида «учлик газ иттифоқи»ни тузиш масаласини муҳокама қилди. Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг таъкидлашича, ушбу минтақада энергия таъминоти йўллари «ўта долзарб» ва бундай иттифоқ «ҳар учала давлат манфаатларига мос келади».

Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 8 декабрь куни мамлакат қўшнилардан газни «қандайдир альянс ёки иттифоқ» орқали эмас, балки тижорат шартномаси доирасида импорт қилиш бўйича музокаралар ўтказганини маълум қилган.

«Газета.uz»нинг аниқлашича, дастлаб Россия томони Россияда ишлаб чиқарилган табиий газни тескари тартибда, Қозоғистон орқали «Марказий Осиё — Марказ» (CAC) қувури орқали етказиб беришни таклиф қилган.

Россия томонининг асосий шарти Ўзбекистон газ узатиш тизимини бозор қиймати бўйича «Газпром» тасарруфига ўтказиш эди. Бундай талаблар ушбу шартларга рози бўлмаган «Qazaqgaz» миллий компаниясига ҳам қўйилган. Россия томони илгари сурган иккинчи шарт Хитойга газ экспорт қилиш ҳуқуқидан воз кечиш эди. Яъни «Газпром» шартномада Ўзбекистоннинг UzGasTrade компанияси ўрнига бўлишни таклиф қилган.

Январь ойида «Газпром» Ўзбекистон ва Қозоғистон билан йўл хариталарини имзолади. Россиянинг «Коммерсант» газетаси ўша ойда ушбу масала бўйича эксперт шарҳларини тўплаган.