24 февраль куни пойтахтдаги International Hotel Tashkent меҳмонхонасида Ўзбекистон-Озарбайжон ишбилармонлар кенгашининг учинчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Савдо-саноат палатаси хабарига кўра, тадбирда Тўра Боболов палата раисининг биринчи ўринбосари ва Ўзбекистон томони ишбилармонлар кенгаши ҳамраиси сифатида иштирок этган.

Шунингдек, тадбирда Озарбайжон Тадбиркорлар (иш берувчилар) ташкилотлари миллий конфедерацияси президенти ва ишбилармонлар кенгаши Озарбайжон томони ҳамраиси Вугар Зейналов, турли вазирлик ва идоралар, ишбилармон доиралар вакиллари қатнашган.

савдо-саноат палатаси, тўра боболов

Фото: Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати

«Тадбирнинг асосий мақсади Ўзбекистон-Озарбайжон ўртасидаги инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари бўлди», — дейилади ССП ахборотида.

Таъкидланишича, Тўра Боболов ўз нутқида сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик ва савдо-иқтисодий алоқалар фаол ривожланиб, ўзаро савдо ҳамда қўшма бизнес лойиҳалар сони ўсиб бораётганини қайд этган.

савдо-саноат палатаси, тўра боболов

Фото: Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати

«2022 йил июль ҳолатига кўра, Ўзбекистонда Озарбайжон капитали иштирокида 243 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 86 таси қўшма ва 157 таси 100 фоиз хорижий капитал иштирокидаги корхоналардир. Уларнинг аксарият қисми машинасозлик ва металлни қайта ишлаш, энергетика, енгил саноат, озиқ-овқат тармоғи, заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш ва таъмирлаш, молия ва суғурта, кўчмас мулк операциялари, хизмат кўрсатиш, савдо йўналишларида фаолият юритади», — дея хабар бермоқда Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати.

Маълумот ўрнида, Тўра Боболов 2019 йилнинг май ойида Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланганди. Боболов 2020 йил январида вилоят ҳокими лавозимига расман тасдиқланган. 2022 йилнинг декабрида бошқа ишга ўтиши муносабати билан Сурхондарё вилояти ҳокими лавозимидан озод этилган.

2022 йил август ойида Тўра Боболов Ангор тумани прокурорини ҳақорат қилгани акс этган аудио тарқалганди. Унда ҳоким прокурорга вазифаларини бажармагани, қолаверса, ташкилотларга нисбатан жиноят иши очгани учун танбеҳ берган. Ҳолат юзасидан вилоят ҳокимлиги ва Бош прокуратура муносабат билдирганди.

Сентябрь ойида эса президент вилоят ҳокимини ишдан бўшатиши ҳақида гапирганди. Давлат раҳбари Ангор тумани прокурори билан бўлган суҳбатини ҳам эслаб ўтган. «Чарчаган бўлсанг, сени ҳам ишдан оламан», — деган ўшанда Шавкат Мирзиёев.

Ой охирида эса Тўра Боболов президент қарори билан ўзгаларни ҳақорат қилгани, ҳокимларга қўйилган талабларни бажармагани ва фаолиятини давлат сиёсатига мос равишда ташкил этмагани учун жаримага тортилганди.