Ўзгидромет хизмати агентлиги ҳафта давомида — 27 февраль−3 март кунлари кузатиладиган об-ҳаво ҳақида маълумот берди.

Ўтган ҳафта охирида қисқа муддатга совуқни олиб келган ҳаво массаси Ўзбекистон ҳудудидан чекинмоқда. Душанба кундуз куни республика бўйича кам булутли ва қуруқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Куннинг ўртасига келиб, ҳаво +12…+15 даражагача исийди.

28 февраль ва 1−2 март кунлари Ўзбекистон бўйича ёғингарчилик кутилмайди, фақат Қорақалпоғистоннинг айрим туманларида 2 март куни бироз ёмғир ёғиши мумкин. Ҳаво ҳарорати аста-секин кўтарилади ва 2 мартда кечаси +2…+7 даражани, кундузи +17…+22 даражани ташкил этади.

Республиканинг тоғли ҳудудларида 27−28 февраль кунлари қор кўчиши хавфи бор.

3 мартда республикага Кавказ ҳудудларидан бироз нам ҳаво кириб келиши кутилмоқда. Республика бўйича булутлилик кучаяди, тоғолди ва тоғли ҳудудлардаги баъзи жойларда ёмғир ёғади, баланд тоғларда ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади. Кундузги ҳарорат бироз пасаяди ва +12…+17 даражани ташкил этади.

2−3 март кунлари республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15−20 м/с гача кучайиши кутилмоқда.