1 мартдан Ўзбекистонда Аи-80 бензинининг нархи ошиши кутилмоқда, деб хабар қилди «Ўзбекнефтгаз» компанияси матбуот хизмати.

Президентнинг 2022 йил 12 декабрдаги «Куз-қиш мавсумида истеъмолчиларни автобензин маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ва уларнинг нархлари кескин ошишининг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-440-сонли қарорига асосан, 2022 йил 10 декабрдан 2023 йил 1 мартга қадар импорт қилинадиган, маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган ва тадбиркорлик субъектлари томонидан якуний истеъмолчиларга сотиладиган АИ-80 русумли автобензин маҳсулоти учун акциз солиғи «ноль» ставкада қўлланиши белгиланганди.

Натижада, 2022 йил 1−12 декабрь кунлари 1 тонна Аи-80 русумли автобензин учун ўртача биржа нархи 8 096 000 сўмни ташкил қилган бўлса, 13 декабрдан бошлаб 6 295 000 сўмни ташкил қилган ёки 1 801 000 сўмга арзонлашди.

Компаниянинг қайд этишича, АЁҚШларда 1 литр Аи-80 русумли автобензиннинг нархи ўртача 6 800 — 7 500 сўмдан 5 700 — 6 000 сўмгача, ёки ўртача 1 100 сўмга арзонлашди.

«2023 йил 1 мартда юқоридаги тартибларнинг амал қилиш муддати (имтиёзли давр) якунлангандан кейин акциз солиғи ҳисобланиши ва биржада нархларнинг эркин (ўсиш даражаси чекланмасдан) шаклланиши ҳисобига Аи-80 русумли автобензин нархи ошиши кутилмоқда», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, 1 мартдан бошлаб биржа савдоларига жойлаштириладиган 1 тонна маҳаллий Аи-80 русумли автобензин бошланғич нархи 6 863 000 сўмдан, импорт автобензини нархи 8 036 000 сўмдан шаклланиб, биржа савдолари якуни билан нархлар ўртача 8 150 000 сўмни (1 литр учун 6 100 сўм) ташкил этиши кутилмоқда.

Бунда, нархлар ўзгариши ҳисобига «Ўзбекнефтгаз» АЖ тасарруфидаги АЁҚШларда 1 литр Аи-80 русумли автобензиннинг чакана нархи маҳаллий маҳсулот учун 6 800 сўмдан, импорт маҳсулоти учун 7 000 сўмдан шаклланади.