27 февраль куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА сайтида эълон қилинди.

Унда Ўзбекистонда 2022−2026 йилларда аҳолининг муҳтож қисмини замонавий протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация воситалари билан таъминлаш даражасини 60 фоизга етказиш белгиланган. Бунга эришиш учун 2023 йилда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги муҳтож шахсларни замонавий оёқ протез-ортопедия буюмлари билан бепул таъминлайди. Қолаверса, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда I гуруҳ ногиронларига сон протези, болдир протези ва оёқ камари ортопед аппаратлари бепул берилади.

1 сентябрдан бошлаб техник воситалар билан таъминлашда тиббий хулоса талаб қилинмайди. Ушбу ҳужжат «Тиббий-ижтимоий экспертиза» электрон ахборот тизимига киритилади ва ўзаро ахборот алмашинуви орқали аниқланади. I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ва уларга ғамхўрлик қилувчилар давлат хизматларидан навбатсиз фойдаланади, мансабдор шахслар қабулига навбатсиз киради.

1 майдан шифохоналарда даволанаётган ногиронлиги бўлган болага ғамхўрлик қилаётган шахсларга:

  • боланинг ёнида бўлиш учун шароит яратилади;
  • мазкур давр учун меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ва бепул овқат берилади.

Педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари болани ногиронлиги бўлган шахс деб топганда уларга пенсия тайинлашда қайтадан тиббий-ижтимоий экспертизага юбориш бекор қилинади.

Бундан ташқари, қарорга кўра, 2023 йил 1 июнгача ногиронлиги бўлган шахслар ва уларга ғамхўрлик қилувчиларга берилган имтиёзларнинг ягона рўйхати шакллантирилади. Мазкур рўйхат «Advice.uz» ҳуқуқий порталига жойлаштирилади.

2023/2024 ўқув йилидан «Махсус педагогика, дефектология» йўналишида магистратура учун тўлиқ давлат гранти берилади.

  • 2023/2024 ўқув йилида абитуриентлар учун мўлжалланган қабул тартибига оид маълумотлар ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай форматда бўлади;
  • бунда видеороликлар сурдотаржима ёки субтитрлар билан намойиш этилади.

Ўқиётган ногиронлиги бўлган талабаларга таълим жараёнида кўмаклашиш учун унинг яқинларидан бирига ОТМда ёнида бирга бўлиш учун шароит яратилади.

Жорий йилда Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази ва унинг ҳудудий марказлари роботлаштирилган локомат мажмуаси ва бошқа замонавий реабилитация ускуналари билан таъминланади.

Қарорга кўра шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.