Ўзбекистон Озарбайжон билан устав капитали 500 млн доллар бўлган қўшма инвестиция жамғармаси ташкил этилади. Келишув ҳужжати 24 февраль куни Тошкент шаҳрида ўтган ҳудудлараро форумда имзоланди.

Тадбирда Ўзбекистон томонидан инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов, ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Бахтиёр Саидов қатнашди. Озарбайжондан эса иқтисодиёт вазири Микайил Жабборов делегацияларга раҳбарлик қилди.

Савдо алоқаларини кенгайтириш ва ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 млрд долларга етказиш мақсад қилинган. Бунинг учун яқин келажакда икки мамлакат бозорларига талабга эга маҳсулотларни ўзаро етказиб беришни кўпайтириш, мунтазам савдо ва бизнес миссияларини ўтказиш, тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш учун платформалар яратиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, Бухоро ва Ланкарон, Хива ва Шуша, Қўқон ва Шеки, Самарқанд ва Ганжа шаҳарлари ўртасида қардошлик алоқаларини йўлга қўйиш юзасидан қатор муҳим ҳужжатлар, Тошкент ва Боку ўртасидаги ҳамкорлик бўйича «Йўл харитаси» имзоланди.

Тадбир доирасида иштирокчиларнинг B2G ва B2BБ форматидаги учрашувлари ҳамда Ўзбекистон-Озарбайжон ишбилармонлар кенгашининг 3-йиғилиши ташкил этилди.

Форум якунлари бўйича ҳар икки мамлакат ҳудудий ривожланишининг устувор тармоқларида жами 11 та савдо-иқтисодий ҳужжат имзоланди.