Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Автомобил йўллари қўмитаси таркибидаги «Ўзавтойўлбелги» давлат унитар корхонаси фаолиятида ноқонуний ҳолатлар аниқланди, дея хабар бермоқда ЎзА.

«Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга мувофиқ, «Ўзавтойўлбелги»га истисно тариқасида маҳаллий ва хорижий ташкилотлар билан энг яхши таклиф орқали маҳсулотларни сотиб олиш тўғрисидаги шартномаларни танлов савдоларини ўтказмасдан тузишга рухсат берилган.

Бироқ корхона мансабдор шахслари 2021−2022 йилларда ўзларига таниш бўлган 5 та маҳаллий МЧЖ билан жами 9 миллиард 193 миллион сўмлик 21 та шартнома тузган. Улардан йўл белгиларини ясаш ва чизишда фойдаланиладиган маҳсулотларни эркин бозор нархларидан қиммат нархларда харид қилиб, 2 миллиард 701 миллион сўм миқдоридаги бюджет маблағларини талон-торож қилишган.

Ҳолат юзасидан «Ўзавтойўлбелги» ДУК ва 5 та МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

2022 йилнинг ферваль ойида президент транспорт серқатнов бўлган 2000 дан ортиқ чорраҳа ва 9500 та пиёда ўтиш жойлари светофор ёки бошқа воситалар билан жиҳозланмаганини танқид қилганди. Ўшанда йўл белгилари билан боғлиқ муаммони бартараф этиш учун «Ўзавтойўлбелги» монополияси тугатилиши айтилганди.

«Газета.uz» ҳукумат ўзининг қарори билан ушбу корхонани ягона йўл белгилари ва кўрсаткичларини ишлаб чиқарувчига айлантирганидан сўнг, мамлакатда ушбу белгиларнинг танқислиги кузатилгани ҳақида ёзганди.