Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси 2022 йилда бошлаган анъанасини бу йил ҳам давом эттирди — ташкилот 25 февраль куни йил якунлари бўйича қанча даромад топгани ва қандай харажатлар қилгани ҳақида жамоатчиликка ҳисобот берди. Ҳисобот YouTube орқали жонли эфирда ҳам кўрсатилди. «Газета.uz» ҳисоботнинг эътиборга молик нуқталарини жамлади.

Даромадлар

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси 2022 йилда амалда салкам 19 млрд (18 712 135 000) сўм ишлаб топган — бу бир йил аввалгига қараганда тахминан 3 млрд сўмга кўп. Ушбу маблағнинг салкам ярми Суперлига (4,15 млрд), Пролига (745 млн) ва Биринчи Лига (700 млн) жамолари тўлаган бадал пуллари, легионерларни рўйхатдан ўтказиш учун тўловлар (3,03 млрд сўм) ҳамда тартиб-интизом жарималаридан (620 млн сўм) шаклланган.

диёр имомхўжаев, пфл, ўзбек футболи, ўзбекистон футбол ассоциацияси, ўзпфл

Лига, шунингдек, онлайн-трансляциялардан 33,3 минг евро ишлаб топган. ЎзПФЛ бош директори Диёр Имомхўжаевнинг маълум қилишича, жамоаларнинг бадал ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича 1,065 млрд сўмлик дебитор қарздорлиги бор. Улар ҳам тўланадиган бўлса, даромад миқдори янада ошади.

диёр имомхўжаев, пфл, ўзбек футболи, ўзбекистон футбол ассоциацияси, ўзпфл

Тушумларнинг қолган, салкам 9,5 млрд сўм (9 млрд 467 млн 135 минг 600 сўм)лик қисмини ЎзПФЛ ҳомийлик шартномалари орқали (аввало, Coca-Cola, Apex Insurance, Turon Eco Cement билан имзоланган келишувлар) асосида ишлаб топган. Диёр Имомхўжаев у раҳбарлик қилаётган ташкилот бугунги кунда даромадларининг қарийб ярмини ўзи ишлаб топаётганига урғу бераркан, «биз фақат футбол клубларидан олинадиган бадал пулларига қараб қолмаслик учун ўзимиз даромад топиш даражасига етиб келганмиз», деди.

диёр имомхўжаев, пфл, ўзбек футболи, ўзбекистон футбол ассоциацияси, ўзпфл

Диёр Имомхўжаевнинг сўзларига кўра, агар клубларнин ЎзПФЛнинг олдидаги дебитор қарздорлиги ёпилса ва кечикаётган жарима тўловлари келиб тушса (тақдимотда улар 1 мартгача тўлиқ ёпилиши таъкидланди), ташкилот 2022 йилда мавсумни фойда билан ёполмаган бўлса-да, ҳар ҳолда «минусга кирмагани» билан мақтана олади. Шу ўринда, қайд этилишича, ЎзПФЛ давлат бюджетидан «бир тийин ҳам олмайди».

Харажатлар

Харажатларнинг салкам 40 фоизи (8,42 млрд сўми)ни ЎзПФЛ томонидан ўтказилаётган мусобақаларга жалб қилинган ҳакамларнинг иш ҳақлари ташкил қилган. ЎзПФЛ харажатлари ва солиқлар учун 5,35 млрд сўм сарфланган бўлса, мусобақаларни ўтказиш харажатлари 2,27 млрд сўмни ташкил этган.

диёр имомхўжаев, пфл, ўзбек футболи, ўзбекистон футбол ассоциацияси, ўзпфл

Шунингдек, совринларни тайёрлаш ва тақдирлаш маросимларини ташкиллаштириш учун 944,2 млн сўм, ҳомийларнинг талаблари билан ишлаш учун 883,4 млн сўм, лига мусобақаларида қатнашаётган футболчиларни суғурталаш учун 550 млн сўм, трансляцияларни ташкил этиш учун 550 млн сўм сарфланган.

диёр имомхўжаев, пфл, ўзбек футболи, ўзбекистон футбол ассоциацияси, ўзпфл

Диёр Имомхўжаев футбол тўплари масаласига алоҳида тўхталиб ўтди. Маълум қилинишича, 2022 йилги мавсумда лига мусобақаларида ишлатиладиган тўплар учун 1,026 млрд сўм сарфланган. Бир йил аввал тўплар учун 1,48 млрд сўм сарфлангани айтилган, бу ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлганди.

ЎзПФЛ раҳбари тўплар учун нега бу қадар кўп пул сарфланиши борасида ўтган йили берган изоҳини яна такрорлаб, Ўзбекистондаги ишлаб чиқарувчиларнинг тўплари ҳали ҳам FIFA Quality талабига жавоб бермаслиги боис улардан профессионал футболчилар иштирокидаги мусобақаларда фойдаланиб бўлмаслигини таъкидлади.

«Биз икки йил давомида Adidas билан ишладик. Ҳамкорларимиз Adidas’ни Россия орқали олиб кирарди. Украина ва Россия ўртасидаги муносабатлар сабаб, [тўплар] қимматлашиб кетиб, [нархи] ўтган йили фантастик даражага чиқиб кетди. Шунинг учун биз Adidas тўплари билан ишлашни тўхтатдик. Бу йилдан Molten билан ишлашга ўтдик. Пул томондан ютдик. Умид қиламизки, бу [тўплар] футболчиларга ҳам ёқади», — деди у.

ПФЛ нималардан воз кечмоқчи?

ЎзПФЛ 2022 йилда дунёнинг энг етакчи футбол лигалари, хусусан, Англия Премьер-лигаси, Испания Ла Лигаси, Германия Бундеслигаси ва бошқаларни бирлаштирган Жаҳон профессионал футбол лигалари ассоциацияси (WLF)га аъзо бўлди. Диёр Имомхўжаевнинг сўзларига кўра, ЎзПФЛ WLF аъзолари орасида энг кўп мусобақа ўтказувчи ташкилотдир.

Ташкилот 2022 йилда Суперлига, Пролига, Биринчи Лига, Аёллар чемпионати, футзал чемпионати, турли ёш тоифасидаги йигит ва қизлар ўртасидаги чемпионатлар, кубок мусобақаларини — 20 га яқин турнир ўтказган. Аёллар ўртасидаги лига ва кубок мусобақаларига 1 млрд, футзал турнирларини ўтказишга эса 1,3 млрд сўм сарфланган.

диёр имомхўжаев, пфл, ўзбек футболи, ўзбекистон футбол ассоциацияси, ўзпфл

«Англия Премьер-лигаси фақат Премьер-лига ва U-23 чемпионатини ўтказади — ҳатто Чемпионшипни ҳам бошқа ташкилот ўтказади. Жуда кўплаб ривожланган мамлакатларда, деярли ҳаммасида аёллар футболи учун футбол ассоциацияси жавобгар, Лига эмас. Биз футзал мусобақаларини нима асосда ўтказаётганимизни ўзимиз ҳам билмаймиз, […] аслида биз ўтказишимиз керак эмас», — деди Диёр Имомхўжаев.

ЎзПФЛ раҳбарининг қайд этишича, дунёда ҳар бир лига ассоциация ўртасида келишув бор, улар ўртасида шартнома имзоланади, аммо Ўзбекистонда Лига ва футбол ассоциацияси ўртасида бундай келишув йўқ.

«Футзал чемпионатини шунчаки ўтказяпмиз. Ўтказмаймиз, дейишга ҳаққимиз бор аслида. […] ЎФА ҳам буни тушуна бошлади. 2023 йилдан аёллар футболига тўла ассоциация жавобгар бўлади, биз ўтказмаймиз. […] Футзал чемпионатини май охиригача ўтказамиз, лекин кейин ассоциация билан музокаралар столига ўтиришимиз керак», — деди у.

диёр имомхўжаев, пфл, ўзбек футболи, ўзбекистон футбол ассоциацияси, ўзпфл

Диёр Имомхўжаев ЎзПФЛ болалар футболига ҳам пул берадиган бўлса, аёллар футболини ҳам, футзал мусобақаларини ҳам ўтказадиган бўлса, у ҳолда шу ишлар билан шуғулланиши керак бўлган нима қиляпти, деган саволни қўйиш вақти келганини таъкидлади.

«Бу йилдан болалар футболини ривожлантиришга маблағ ажратишни тўхтатамиз. Буни ЎФА билан келишиб олдик. Болалар футбол, оммавий футбол, терма жамоалар учун жавобгар ташкилот ПФЛ эмас, балки ЎФА. Биз профессионал футбол клублари билан ишлайдиган ташкилотмиз», — деди ЎзПФЛ бош директори.