12 март куни пойтахтда Наврўзни умумхалқ миқёсда нишонлашга бағишланган «International Tashkent Marathon» бешинчи марафони ва Ўзбекистоннинг 14 та шаҳрида Янги Нафас бир вақтда оммавий югуриш мусобақаси бўлиб ўтади. Бу ҳақда «Газета.uz»га Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги хабар берди.

Ҳаваскорлар ва профессионал спортчилар 42 км, 21 км, 10 км ва 3 км масофада ўзларини синаб кўришлари мумкин. Бу йилги марафон ўзида 5500 нафар спортчини жамлаши кутилмоқда. Маълумот ўрнида, 2019 йилда ушбу марафонда 1600 нафар, 2022 йилда эса 2700 нафар спортчи иштирок этганди.

Илк маротаба марафон доирасида болалар орасида «Kids Run» оммавий югуриш мусобақаси ташкиллаштирилади, у 11 март куни ўтказилади. Унда иккита тоифадаги — 2015 йил ва 2011 йилгача туғилган болалар иштирок этиши мумкин. Ушбу оммавий югуриш пойгасига иштирокчиларни рўйхатдан ўтказиш бепул. «Kids Run» оммавий югуриш пойгаси скандинавча юриш ҳаваскорлари билан биргаликда ўтказилади. Болалар масофаси 1 км, юрувчиларнинг масофаси эса 3 кмни ташкил қилади.

Эркаклар ва аёллар ўртасида 10 км масофага оммавий югуриш мусобақаси, марафон ва ярим марафоннинг ғолиблари пул мукофотлари билан тақдирланади. Умумий пул мукофоти 259 млн 720 минг сўмни ташкил этади.

42 км масофа мукофотлари:

  • 1-ўринга — 30 млн сўмн;
  • 2-ўринга — 20 млн сўм;
  • 3-ўринга — 15 млн сўм;
  • 4-ўринга — 10 млн сўм;
  • 5-ўринга — 8 млн сўм;
  • 6-ўринга — 5 млн сўм.

21 км масофа мукофотлари:

  • 1-ўринга — 20 млн сўмн;
  • 2-ўринга — 15 млн сўм;
  • 3-ўринга — 12 млн сўм;
  • 4-ўринга — 8 млн сўм;
  • 5-ўринга — 6 млн сўм;
  • 6-ўринга — 4 млн сўм.

10 км масофа мукофотлари:

  • 1-ўринга — 6 млн сўмн;
  • 2-ўринга — 4 млн сўм;
  • 3-ўринга — 2 млн сўм;

3 км масофага югуриш иштирокчиларига эса қимматбаҳо совғалар тақдим этилади.

Спорт мусобақасинининг юқори даражада ўтказилиши AIMS Халқаро марафонлар ва югуришлар ассоциациясидан марафоннинг югуриш трассаси билан сертификатланган. Мусобақаларда вақт натижаларини чиплар бўйича автоматик ўқиш замонавий транспондер тизими қўлланилади. Марафоннинг старт-финиш майдончаси анъанага кўра Афросиёб ва Бешёғоч кўчаларининг кесишиш нуқтасида (мўлжал — «Ҳумо Арена» муз саройи) жойлашган.

Тошкент халқаро марафонида иштирок этиш учун iticket.uz сайти орқали рўйхатдан ўтиш ва бошланғич тўловни амалга ошириш керак. 10 км масофага оммавий югуриш мусобақаси, марафон ва ярим марафонда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтиш тўлови — 149 минг сўм, 3 кмга — 75 минг сўмни ташкил қилади. Иштирокчилар 5 мартга қадар рўйхатга олинади.

Марафон, ярим марафон, 10 км, 3 км масофага югуриш ва «Kids Run» оммавий югуриш мусобақасининг иштирокчи пакетига чипли кўкрак рақами (спорт дастурининг турига мувофиқ), рюкзак, кепка ва узун енгли футболка киради. Пакетлар 9 мартдан 11 мартгача Енгил атлетика федерацияси (Тошкент, Ислом Каримов кўчаси, 98А) биносида тарқатилади.