Ўзбекистон Транспорт вазирлиги Польша Беларусь билан чегарадаги назорат пунктини вақтинча ёпгани сабабли автотранспортда халқаро юк ташувлари фаолияти билан шуғулланувчиларга мурожаат билан чиқди.

Қайд этилишича, Польша Ички ишлар вазирлигининг тегишли қарори билан 21 февралдан Беларусь орқали Кукурики-Козловичи чегара назорат ўтказиш пункти орқали барча юк автотранспорт воситалари ҳаракатланиши икки томонлама (кириш-чиқиш) вақтинча номаълум муддатга тўхтатилди (бунда Европа Иттифоқига ва Европа эркин савдо ассоциациясига аъзо мамлакатларда рўйхатга олинган юк автотранспорт воситалари мустасно).

Буниниг оқибатида ушбу чегара назорат ўтказиш пунктида хорижий мамлакатлар юк ташувчиларининг транспорт воситалари тўпланиб қолди. Шу муносабат билан вазирлик миллий ташувчилардан Европа мамлакатларига юк ташувларини амалга ошириш жараёнида бу ҳолатни инобатга олишларини сўради.

Вазирлик матбуот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, айнан ҳозир тўхтаб қолган миллий ташувчиларнинг автотранспорт воситалари тўғрисида маълумот йўқ.

«Ҳозирда ўзбек миллий ташувчилари юк транспорт воситаларининг Литва чегара назорат ўтказиш пунктлари орқали тўсиқларсиз ҳаракатланишини таъминлаш юзасидан музокаралар олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.

Европа давлатларига юк ташувларини амалга ошираётган миллий ташувчилар ушбу вазият юзасидан саволлар туғилганда қуйидаги телефон рақамларига қўнғироқ қилишлари мумкин:

  • +998 71 202 05 01 (114);
  • +998 97 709 16 00.