«Муштум» журнали 100 ёшга тўлиши муносабати билан «Газета.uz» 2023 йилнинг февраль ойи охиригача журнал саҳифаларида турли йилларда чоп этилган 10 материални такрор чиқаришга қарор қилди. Туркумнинг аввалги материали 26 февраль куни берилган. Навбатдаги материал — «Муштум» журналининг адабий қаҳрамонларидан бири ҳисобланган Норилла Нарвоний тилидан 1973 йили эълон қилинган «Эсизгина кўчатлар» мақоласидир.

Булутлар орасида қуёш бепоён ўлкамизга нур сочиб турганда шаҳримизнинг гўзал жойларини, хиёбонларини сайр қилишга не етсин! Ўтган йили март ойларида Чилонзордаги янги кварталларда бўлиб, жудаям хурсанд қайтгандик. Ўшанда бир группа ишчи-хизматчилар, шу кварталларда истиқомат қилувчилар кўча бўйларига ва ариқлар атрофига турли кўчат экиб, гуллар ўтқазишаётган эди. Кўчат экиб парваришлаган одамни эл парваришлайди, дейди халқимиз.

Мана, бу йил ҳам ана шу жойларга борсак, ўша янги экилган дарахтларнинг барг ёзаётганини кўрсак деб, Чилонзорга йўл олдик. Ўтган йилдагидек кишиларнинг қўлида кетмон, белкурак, ким қандай кўчат топса шуни экяпти. Қизиғи шундаки, ўтган йили экилган жойларнинг ўзига тағин.

— Ҳой биродар, биз адашиб қолмадикми? — дедик белини ушлаб турган йигитдан, — 22-квартал шу ерми?
— Ҳа.
— Ўтган йили ҳам худди шу ерда кўчат экаётганмидиларинг?
— Ҳа.
— Ўша кўчатлар қани?
— Оббо, сизлар-е! Бу томонларга кам ўтаркансиз-да. Ҳар йили неча минг сўмга кўчат олиб экамиз-ку!

У шундай деди-ю, қотиб-қотиб кулди. Биздан кулаётганмикан, деб хавотирланган эдик.

— Кечирасиз, Турсунбойнинг сўзи эсимга тушиб куляпман, — деб қўйди.

Турсунбой район сув хўжалиги бўлимининг бошлиғи экан. Уларнинг ўртасида қандай гап ўтган билмаймиз, аммо шу нарса маълум эдики, бу кварталга ҳар йили кўчат экилаверади, ёзда қаровсизлик ва сувсизликдан қуриб кетаверади. Балким биз билан гаплашаётган йигит ҳам шунга таажжубланиб кулаётгандир. Очиғини айтганда бунга кулиш эмас, йиғлаш керак эди. Негаки биргина 11- ва 33-уй-жойдан фойдаланиш идорасининг ўзи ўтган олти йил мобайнида 69 минг 880 тупдан кўпроқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари эккан. Ана шу кўчатларнинг саксон фоизи кўкарди, деб районга маълумот ҳам берилибди. Афсуски, ана шунча дарахтлардан ярми ҳам қолган эмасди. Агар шунча дарахт кўкарганда эди, ҳаммаёқ кўкаламзор бўлиб кетмасмиди.

Ана шуларни ўйлаб бораётгандик, нуроний чол бир йигитга нималарнидир уқтираётганини эшитиб қолдик.

— Ўғлим, бу кўчатни эккач, уни худди ёш болани тарбиялагандек асраб-авайлаш керак.
— Ёзда бу ариқларга сув кам келади-да, ота, — деб ҳасрат қилди йигит.

Дарҳақиқат, ҳаммаёқда ариқлару, аммо бу ариқларда сувни шарқиратиб қўйиш ҳеч кимнинг хаёлига келмайди. Ҳар қайси ЖЭК ихтиёрида ана шундай ишларни бажариш учун ишчи кучлари ажратилган-ку, аммо уларнинг иши устидан контроллик йўқ. Нега? Бу саволга Чилонзор район ижроия комитетидаги ўртоқлар жавоб берсинлар.

Норилла Нарвонийдан ёзиб олувчилар:
И.Маҳмуд,
У.Жафар.
«Муштум» журнали, 1973 йил, 6-сон.