Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўзгартириш бўйича муҳокамалар қайта тикланмоқда.

Қуйи палата матбуот хизмати хабар беришича, 24 февраль куни соат 15:00 да Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмиталарининг қўшма йиғилишида Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича Конституциявий қонун лойиҳасини муҳокама қилади.

Сўнгги уч ой ичида ушбу қўмиталар жамоатчилик, экспертлар ва олимларнинг таклифларини тўплашни давом эттирдилар, дея маълум қилди палата матбуот хизмати. Мавжуд маълумотларга кўра, тузатишлар лойиҳасига режалаштирилган ўзгаришлар бўлажак мажлисда эълон қилинади.

Тадбирни ёритиш учун фақат бир қанча телеканаллар ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) вакиллари таклиф этилди.

Қисқа тарих

Конституциявий ислоҳотларнинг зарурияти ҳақида илк бор президент Шавкат Мирзиёев 2021 йилги инаугурация нутқида гапириб, бу таклиф халқнинг ўзидан чиққанини таъкидлаганди. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Конституциянинг 29 йиллиги муносабати билан табриклаб, Конституциянинг 30 йиллигига, яъни 8 йил 2022 декабрга қадар ўзгартишларни қабул қилишни таклиф қилганди.

2022 йил 20 июнда Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда давлат раҳбари Конституцияни парламент ваколати билан эмас, балки референдум ўтказиш йўли орқали ўзгартириш таклифини илгари сурди.

25 июнда эса ўзгартиришлар лойиҳаси халқ муҳокамаси учун эълон қилинди ва у 1 августга қадар давом этди. Аввалига муҳокамалар учун 10 кун ажратилган бўлса, кейинчалик депутатлар бу камлигини таъкидлаб яна 10 кун муддат қўшишди. Якунда эса таклифларни йиғиш жараёни яна 15 кунлик муддатга узайтирилди.

Қорақалпоғистон республикаси мақомини ўзгартириш бўйича таклиф қилинган ўзгартишлар сабаб 1−2 июль кунлари Нукусда содир бўлган воқеалардан сўнг, Қорақалпоғистонга тегишли моддалар ўзгартиришлар лойиҳасидан чиқариб ташланди.

1 август куни халқ муҳокамаси якунлангач, Конституциявий комиссия Қонунчилик палатасининг масъул қўмиталари «ватандошлардан тушган таклифларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш, шунингдек, қонун лойиҳасини якунлаш бўйича ишларни давом эттиришини маълум қилди».

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг октабр ойи бошида Конституцияни ислоҳ қилишга шошилишнинг ҳожати йўқлигини айтганди. 24 ноябрь куни Қонунчилик палатаси тузатишларни қайта кўриб чиқишга юбориш тўғрисида қарор қабул қилди.

20 декабрь куни Ўзбекистон президенти Конституция куни муносабати билан йўллаган табригида унга киритилаётган ўзгартишларга тўхталганди. Бу ислоҳотларни «Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг мазмуни ва мантиғи, халқимиз билдираётган талаб, истак ва таклифлар, шиддат билан ўзгараётган даврнинг ўзи тақозо этмоқда», — деганди у.

Референдум тўғрисидаги қонунга кўра, у Олий Мажлис палаталари томонидан референдумни ўтказилган санаси эълон қилинганидан кейин камида бир ярим ой давомида ўтказилиши мумкин. Ушбу сана ҳозирча эълон қилинмади.