24 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштиришга доир ишларни давом эттириш ҳақида тегишли қарор қабул қилинди. Сўнгги ойларда Асосий қонунни ўзгартиришга оид ишлар қандай кетаётгани ҳақида хабарлар деярли берилмай қўйилганди.

Палата спикери ўринбосари, «Миллий тикланиш» партияси етакчиси ва Конституциявий комиссия аъзоси Алишер Қодиров йиғилиш тамом бўлгач, «қонун лойиҳаси депутатларнинг кўплаб таклифларини ҳисобга олган ҳолда масъул қўмиталарга қайтарилди», дея таъкидлади. «Бу қарорни маъқулламадим, лекин билдирилган кўп таклифлар асосли ва жиддий ўрганиб чиқиш керак, деб ўйлайман», — деди у.

Қуйи палатанинг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари қўмитаси раиси Жаҳонгир Шириновнинг айтишича, Конституциянинг 76 та моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар, қолаверса, 15 та янги модда ва 1 та янги боб киритиляпти.

Унинг сўзларига кўра, бугун лойиҳа палатанинг масъул қўмиталарининг қўшма мажлисларида, шунингдек, сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишларида муҳокама қилинмоқда ва такомиллаштирилмоқда.

Шу билан бирга, мутахассислар, экспертлар, жамоатчилик ва ОАВлар вакиллари иштирокида масъул қўмиталарнинг йиғилишлари ўтказилмоқда («Газета.uz»га журналистлар билан учрашувлар ўтказилгани маълум эмас).

Муҳокамаларда энг долзарб таклифлар муаллифлари билан учрашувлар ташкил этилган. Чекка ҳудудлардаги муаллифлар билан онлайн иш олиб борилмоқда, деди депутат.


Муҳокама натижасида 128 депутат ўзгартиришлар бўйича ишларни давом эттириш тўғрисида қарор қабул қилиш учун овоз берди, 1 нафари қарши чиқди ва 1 нафари овоз бермади.

Палата спикери Нурдинжон Исмоиловнинг таъкидлашича, ҳужжат масъул қўмиталар ва Конституциявий комиссияга ўз ишини давом эттириш, ўзгартишларни ўрганиш учун экспертларни жалб қилиш, ўзгартишлар бўйича таклифлар ишлаб чиқишни асослаш юзасидан ишларни кучайтириш ва келишда давом этаётган фуқароларнинг таклифларини кўриб чиқишни таъминлаш бўйича тавсиялар берди.

Ўзгартиришлар лойиҳаси 25 июнь куни эълон қилинганди ва муҳокама учун атиги 10 кун берилганди. 4 июль куни депутатлар мазкур муддат етмаслигини тан олиб, муҳокамаларни яна 10 кунга узайтирганди. Ўшанда депутатлар Конституциядаги Қорақалпоғистонга оид 70, 71, 72, 74, 75-моддаларни ўзгаришсиз қолдириш тўғрисидаги қарорни ҳам қабул қилишганди. 15 июлга келиб эса, депутатлар муҳокамалар муддатини яна бир марта — 15 кунга, яъни 1 августга қадар узайтириш тўғрисида қарор қабул қилганди.