Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Конституция қабул қилинганининг 29 йиллиги билан табриклади. Табрик матни давлат раҳбари матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

У бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам давом этаётган коронавирус пандемияси сабабли бу йил ҳам Конституция кунига бағишланган тантанали маросимларни кенг миқёсда ўтказилмаслигини маълум қилди. «Лекин бу байрам қалбларимизга қувонч ва шукуҳ бағишламоқда», — дея қўшимча қилди президент.

Президент ўз табрикларида Конституцияга киритиш таклиф этилаётган ўзгартиришларни санаб ўтди:

  • илгари амал қилиб келган «давлат — жамият — инсон» тамойилини «инсон — жамият — давлат» деб ўзгартириш, уни миллий қонунчилик ва ҳуқуқий амалиётда мустаҳкамлаш;
  • иқтисодий ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатларини таъминлаш;
  • «Жамият — ислоҳотлар ташаббускори» деган эзгу ғоя доирасида Асосий қонунда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва мақомини конституциявий жиҳатдан мустаҳкамлаш;
  • Бош қомусда оила институтини ривожлантириш, эзгу инсоний қадриятларни келгуси авлодларга безавол етказиш, миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш бўйича конституциявий асосларни белгилаш;
  • ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўла таъминлаш мақсадида ёшлар соҳасидаги давлат сиёсати, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи, уларнинг ҳуқуқ ва бурчларини конституциявий даражада акс эттириш;
  • «Янги Ўзбекистон — ижтимоий давлат» тамойилини конституциявий қоида сифатида муҳрлаш;
  • инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалдаги тизимнинг самарасини ошириш мақсадида Конституцияда болалар меҳнатига йўл қўймаслик, ногиронлар, кекса авлод вакилларининг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш масалаларини акс эттириш;
  • Конституцияга экологияга оид махсус боблар киритиш. «Ўзбекистон Конституциясида ҳам ушбу долзарб масалага доир ҳуқуқий нормалар устувор ўрин эгаллаши керак», — деди Шавкат Мирзиёев;
  • Учинчи Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси бўлмиш боғча, мактаб, олий таълим ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш масалаларини конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйиш.

«Албатта, Конституцияни янгилашдек ғоят муҳим, стратегик вазифани ҳал этишда биз етти марта эмас, етмиш марта ўйлаб, халқимиз билан ҳар томонлама маслаҳатлашган ҳолда, юртимиз ва жаҳондаги илғор тажрибаларни чуқур ўрганиб, аниқ қарор қабул қилишимиз зарур», — дейилади президент табригида.

Президент бу борада Олий Мажлис палаталари, депутат ва сенаторлар, нуронийлар, хотин-қизлар, ёшлар жамоатчилиги, ҳуқуқшунос ва сиёсатшунос олимлар, илм-фан намояндалари, ижодкор зиёлилари, бутун халқ бу масалада ўзининг аниқ фикр ва қарашларини билдиришига ишонишини айтди.

Шавкат Мирзиёев давлат ва сиёсат арбоби Уинстон Черчиллнинг қуйидаги гапини иқтибос келтирди: «Яхши бўлиш учун — ўзгариш керак, яхшиларнинг яхшиси бўлиш учун эса янада кўпроқ ўзгариш керак».