4 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси навбатдан ташқари ялпи мажлисни ўтказди. Унда 122 нафар депутат қатнашди.

Унда сўзга чиққан депутат Жаҳонгир Ширинов қуйидаги иккита таклифни билдирди:

  • Президент таклифига биноан Конституциянинг Қорақалпоғистон Республикасининг ҳуқуқий мақомига оид қисмини амалдаги таҳрирда қолдириш;
  • Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси муддатини 15 июлгача узайтириш;

2 июль куни Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб ўтган оммавий намойишлардан сўнг, президент Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳрига бориб, Конституциянинг Қорақалпоғистоннинг ҳуқуқий мақомига оид 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда қолдиришни таъкидлаганди. «Конституцион ислоҳот фақат халқнинг эртанги кунини яхши қилиш учун. Қорақалпоқ халқи норози бўлса, бирорта модда ҳеч қачон ўзгармайди», — деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишни очар экан, Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов аввалроқ президент таъкидлаган иборани такрорлади: «Айрим жойларда ушбу масаланинг моҳиятини талқин қилишда тушунмовчилик ҳолатлари учрамоқда. Шулар қаторида [Қорақалпоғистоннинг мақоми тўғрисидаги] моддаларга тааллуқли ҳар хил ҳолатлар бўлди».

Палатанинг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари қўмитаси раиси, «Миллий тикланиш» партияси фракцияси аъзоси Жаҳонгир Ширинов ўз маърузасида аҳоли ва меҳнат жамоалари билан ўтказилган учрашувлар, йиғилишларда сўзлаган нутқларини санаб ўтди. Шунингдек, у оммавий ахборот воситаларида таклиф этилаётган тузатишларни нотўғри тушуниш ҳолатлари кузатилаётганини таъкидлади.

Кирувчи оғзаки ва ёзма таклифларни таҳлил қилиш ва тизимлаштириш учун қўшимча вақт керак, деди у.

Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, «Адолат» партияси фракцияси раҳбари, Қорақалпоғистондан сайланган Зуҳра Ибрагимова муҳокама муддатини узайтириш зарурлигини қўллаб-қувватлади.

Спикер Нурдинжон Исмоиловнинг айтишича, аввалроқ «Адолат» фракцияси муҳокама 10 кун эмас, балки кўпроқ давом этиши кераклигини таъкидлаган.

ЎзЛиДеП етакчиси Актам Хаитов фуқаролардан бир кунда 500 дан 1000 тагача таклиф тушаётгани, уларни кўриб чиқиш ва унга муносабат билдириш анча вақт талаб этишини таъкидлади.

Унинг қўшимча қилишича, партия депутатлари мамлакат ҳудудларига сафар қилиб, ўзгартишларни муҳокама қилишда фуқароларнинг мисли кўрилмаган фаоллигини қайд этмоқда. Ўзгартиришлар моҳиятини имкон қадар кўпроқ одамларга тушунтириш учун ҳам вақт керак, деди депутат ва умумхалқ муҳокамасини 10 кунга узайтиришни таклиф қилди.

Демократик институтлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раҳбари, ЎзЛиДеП аъзоси Шуҳрат Бафаев таъкидлашича, муҳокамани узайтириш зарур, чунки «бутун халқ тақдири ҳал қилинмоқда».

«Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг йирик давлат бўлиб, ҳозирда 35 млндан ортиқ аҳолининг тақдири ҳал қилинмоқда, шунинг учун муҳокама кенгроқ бўлиши керак». Ўзгаришлар мазмун-моҳиятини барча миллат вакилларига етказиш мақсадида мамлакатдаги барча миллий маданий марказлар билан алоҳида учрашувлар ўтказишга чақирди.

«Миллий тикланиш» етакчиси Алишер Қодиров ўз нутқида президентнинг «Халқимиз нима деса, шу бўлади» деган сўзларига тўхталди.

«Бундан келиб чиқиб, таклифни ўз вақтида қабул қилинган, деб ҳисоблаймиз», — деди депутат. Унинг қўшимча қилишича, партия қисқа вақт ичида халқ фикрини тинглай олмаслигидан қўрқади.

ЎзХДП фракциялари раҳбарлари Улуғбек Иноятов ва Экологик партия фракциялари раҳбарлари Хайрулло Ғаффоров билдирилган таклифларни қўллаб-қувватлашларини айтиб, ўзгартиш ва қўшимчалар лойиҳаси юзасидан муҳокамалар кўламини кенгайтириш зарурлигини таъкидладилар.

Конституциявий ислоҳотлар комиссияси аъзоси мамлакат мустақилликка эришганидан буён «Мен халқнинг бундай фаоллигини ҳеч қачон кўрмаганман», деди. «Ёшларнинг онги жуда юқори. Улар ўзларининг келажаглари ҳақида қайғурадилар. Улар жуда кўп саволлар беришади. Бу эса халққа, ёшларга вақт беришимиз кераклигини кўрсатади», — деди у.

Нурдинжон Исмоилов муҳокамани якунлар экан, «10 кун ҳам унчалик узоқ муддат эмас», деди. Шу боис у Қонунчилик палатасининг икки масъул қўмитасидан «иш услубини ўзгартириш»ни ва бу борада конституциявий комиссия ёрдам беришни сўради.


Муҳокамалар якунида депутатларнинг кўпчилиги 120 нафари мазкур қарорни маъқуллаб овоз берди, бир нафари қарши чиқди ва яна бир нафари овоз беришда қатнашмади.

Эслатиб ўтамиз, якшанба куни Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесида сўзга чиқиб, депутатларнинг ўзлари Конституцияда Қорақалпоғистоннинг мақомини ўзгартиришга оид таклифни киритгани ва маъқуллаганини танқид қилганди. «Салгина эътирозим. Мана шу ўзларинг бош бўлиб, ўзларинг ташаббус билан чиқиб, ўзларинг сўзга чиқиб, ўзларинг тасдиқлагансизлар», — деди у.

«Мен ҳар доим очиқман-ку. Нимага менга одамлар норози деб, телефон қилиб айтмадинглар. Мен ҳам одам-ку. Менга ҳам Қорақалпоғистонни эртанги куни, тинчлиги керак-ку. Шунча қилган меҳнатимизни энди, шарманда қилиш кимга керак?», — дея савол билан юзланди президент.

Эслатиб ўтамиз, 25 июнь куни «Бу менинг Конституциям» порталида конституцияни ўзгартиришга оид қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамаси учун ўзбек ва рус тилларида эълон қилинди. Муҳокама 10 кун — 4 июлгача давом этиши ҳамда Конституциявий қонуннинг якуний лойиҳаси референдумга қўйилиши маълум қилинганди.