1 август куни соат 00:00 да Ўзбекистон Конституциясини ўзгартириш бўйича қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси ўз якунига етди. У 25 июлдан бери давом этаётганди.

Аввалига муҳокамаларга 10 кун берилганди. Кейинчалик депутатлар муддат камлигини тан олиб, яна 10 кун қўшишди. Бунинг давомида эса қонун чиқарувчилар муҳокамалар вақтини яна 15 кунга чўзишга қарор қилишди.

Конституциявий қомиссия матбуот хизмати маълум қилишича, Қонунчилик палатасининг масъул қўмиталари «фуқаролардан келиб тушган таклифларни умумлаштириш, таҳлил қилиш ва қонун лойиҳасини такомилига етказиш борасидаги фаолиятини давом эттиради».

Мазкур жараён қанчалик очиқ бўлиши эса ҳозирча номаълум. Комиссия доимий равишда «ўзгартишлар манбаи халқ» эканлигини таъкидлашига қарамасдан, Асосий қонуннинг дастлабки лойиҳасига киритилган бир қатор ўзгартиришлар ўзбекистонликлар учун кутилмаган ҳодиса бўлди. Нафақат қонун лойиҳаси, балки умумхалқ муҳокамаси муддатини узайтириш қарори ҳам депутатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.

Лойиҳа эса Конституциявий комиссия томонидан бир ой ичида ишлаб чиқилди. Комиссия раҳбари Акмал Саидов эса ўшанда «Конституциявий ислоҳотларни ўтказиш бўйича Ўзбекистоннинг ноёб тажрибаси ҳақида гапириш мумкинлигини» таъкидлаб, буни «ўзбекча ноу-хау» деб атади.

1−2 июл кунлари Қорақалпоғистонда республика мақомини ўзгартириш бўйича таклиф қилинган ўзгартишлар сабаб бўлган намойишлардан сўнг Қорақалпоғистонга оид моддалар лойиҳадан чиқариб ташланди.

Конституциявий комиссия маълумотларига кўра, 30 июль ҳолатига кўра, фуқаролар ва ташкилотлардан 117,3 мингдан ортиқ (шундан 62 мингдан кўпроғи лойиҳа эълон қилингунга қадар) таклиф келиб тушди. Шундан энг кўп қисми — 77,6 мингдан ортиғи телефон орқали қабул қилинган. 24,3 минг таклиф эса «Бу менинг Конституциям» сайти орқали келган. 14,5 минг таклифни эса фуқаролар шахсан етказган. Коллектив мурожаатлар сони эса 860 та атрофида.

Фуқароларнинг таклифлари билан танишиш имкони йўқ — 25 июндан кейин таклифларни қабул қилишга оид сайтда эълон қилиб борилмади.