Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Конституцияга киритиладиган ўзгартиришлар референдум йўли билан қабул қилишни таклиф қилди. У бу ҳақда душанба куни Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда маълум қилди, деб хабар берди унинг матбуот котиби.

«Албатта, халқимиздан Комиссияга келиб тушган барча муҳим ва долзарб таклифларни бугун Сизлар билан батафсил муҳокама қилиш имкониятига эга эмасмиз. Мен уларнинг айримларига тўхталиб ўтдим, холос. Комиссия таклифи асосида Парламент томонидан ишлаб чиқилган лойиҳани умумхалқ муҳокамасида кўриб чиқишни ҳамда референдум ўтказиш йўли билан қабул қилишни таклиф этаман», — деди у.

Амалдаги қонунчилигимизга кўра, парламентнинг ўзи ҳам Конституцияга ўзгартиш киритиш ваколатига эгалиги таъкидланди.

«Лекин, конституциявий ислоҳотни фуқароларимиз фикри ва қўллаб-қувватлаши асосида референдум орқали амалга оширсак, бу том маънода халқимиз хоҳиш-иродасининг ифодаси — ҳақиқий халқ Конституцияси бўлади, деб ўйлайман», — деди Шавкат Мирзиёев.

Унинг фикрича, бу «Конституциянинг ягона манбаи ва муаллифи — халқдир» деган тамойилга тўла мос келади.

«Шунда ҳар бир ватандошимиз „Янги Ўзбекистон Конституцияси — менинг Конституциям“ деб юксак ғурур билан айта олади», — деди у.

Президент халқга мурожаат қилди: «Азиз юртдошлар, бугун нотинч дунёда, ўта таҳликали замонда яшаяпмиз. Мамлакатимиз тараққиётида ғоят масъулиятли даврни бошдан кечирмоқдамиз. Янги Ўзбекистонни барпо этиш мақсадида бошлаган барча ислоҳотларимиз ҳар биримизнинг бугун ва келажакда фаровон ҳаёт кечиришимизни таъминлашга қаратилган. Ҳар бир юртдошимиз ўз ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, шаъни ва ғурурини улуғлаб, Ватани ва халқига тоғдек таянч бўлиб яшашга қодир, эркин ва азму шижоатли инсонлардир».

Унинг сўзларига кўра, шу боис ҳам барча Конституцияга киритиш таклиф этилаётган янги норма ва қоидаларни онгу тафаккур, қалбдан ўтказиб, уларга холис ва ҳаққоний муносабатни билдириши лозим.

«Барчамиз Асосий қонунимизда ўзимизни, оиламизни, маҳалламизнинг орзу-умидларини кўришга интилаётганимиз — бу табиий ва мутлақо тўғри», — деди давлат раҳбари.

«Ўйлайманки, Конституцияга киритиладиган барча тузатиш ва қўшимчалар мамлакатимизнинг 14 та ҳудудий бирлигидан иборат ягона давлатни, миллати ва элатидан қатъи назар, ягона ва қудратли Ўзбекистон халқини янада жипслаштиради ҳамда улуғвор мақсадлар сари сафарбар этади. Шу боис барча азиз ватандошларимизни конституциявий ислоҳот жараёнида янада фаол қатнашишга чақираман», — деди у.

Таъкидланишича, бу жараёндаги иштирок билан фуқаролар оиласи, фарзандлари мана шу муқаддас заминда янада эркин ва фаровон яшаши учун мустаҳкам пойдевор яратади.

«Қадрли ватандошларим! Сизларни ишонтириб айтмоқчиман, давлатимиз янгиланаётган Конституциямиз моддаларини ҳаётда тўла қарор топтириш учун барча куч ва воситаларни сафарбар этади. Бу янгиликлар аниқ қонун ва кодекслар, амалий дастурлар ва режалар билан ҳаётимизда албатта ўз аксини топади», — деди президент.

Ҳар бир конституциявий норма ижросини таъминлаш бўйича аниқ ижтимоий, иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий чора-тадбирлар кўрилиши қўшимча қилинди.