Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари жума куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда Ўзбекистон Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги Конституциявий қонун лойиҳасини бир овоздан концептуал тарзда маъқуллади ва биринчи ўқишда қабул қилди. Йиғилиш жонли эфирда намойиш этилди.

Зарурий учдан икки қисм овозга эга (131 нафар) депутатлар қонун лойиҳасини бир овоздан «маъқуллаб», ўз муносабатини билдиришди.

Овоз бериш очиқ тарзда ўтди. Унинг олдида эса қуйи палата Спикери Нурдинжон Исмоилов депутатлардан овоз бериш очиқ бўлиши учун ҳам овоз беришни сўради. Бунда 129 нафар депутат «тарафдор"лигини, 1 нафари «бетараф"лиги ва яна 1 нафарни овоз бермасдан ўз муносабатини билдирган.

Спикер Конституциявий комиссия ўз фаолиятини давом эттиришини, фуқаролар ва ташкилотлардан тушган таклифларни умумлаштириб, Қонунчилик палатасига киритишини таъкидлади.

Айни пайтда қонун лойиҳаси матнида Бош қонуннинг 66 моддасига 170 дан ортиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.


Қонунни қабул қилиш юзасидан лойиҳа овозга қўйилиши олдидан Конституциявий комиссия раҳбари, қуйи палата Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов сўзга чиқди.

Конституциявий комиссия ташкил этилганидан буён бор-йўғи бир ой ичида амалга оширилган ишларга тўхталар экан, у «Конституциявий ислоҳотларни ўтказиш бўйича Ўзбекистоннинг ноёб тажрибаси ҳақида гапириш мумкин», деди. У ўз нутқида «ўзбекча ноу-хау» иборасини ҳам ишлатди.

Акмал Саидов ислоҳот ғояси бутун Ўзбекистон халқи томонидан қўллаб-қувватланаётгани ва уни замон талаблари тақозо этганини таъкидлади. Унинг айтишича, комиссияга 60 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушган, бу амалдаги Конституция лойиҳасини ишлаб чиқиш давридагидан 10 баробарга кўпдир. Спикернинг биринчи ўринбосари буни шу жумладан, комиссия ишининг очиқлиги, ахборот технологиялари тақдим этаётган имкониятлар билан боғлади.

Унинг сўзларига кўра, таклиф юборган 50 мингдан ортиқ фуқаролар аллақачон миннатдорчилик мактубларини қабул қилиб олишган.

Йиғилишда Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги Конституциявий қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. У ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган. Депутатлар ҳужжатни биринчи ўқишда қабул қилиб, уни ягона ҳолатда Конституциявий қонун лойиҳасига бирлаштиришга келишиб олдилар.

Спикер Нурдинжон Исмоиловнинг маълум қилишича, эртага — 25 июнда — ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга оид қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамаси учун «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталарида, шунингдек, «Mening Konstitutsiyam» платформасида эълон қилинади. Муҳокама 4 июлгача (шу куни ҳам) давом этади, шундан сўнг қонун лойиҳаси референдумга қўйилади.