Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Конституция қабул қилинганининг 30 йиллиги билан табриклади. Табрик матни давлат раҳбари матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

Шавкат Мирзиёев сўнгги йилларда Ўзбекистонда кенг кўламли демократик ислоҳотлар жадал суръатлар билан амалга оширилаётганини таъкидлади.

«Энг муҳими, ижтимоий-сиёсий ҳаётимизнинг мазмуни, ватандошларимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши тубдан ўзгармоқда. Юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаро, миллати, тили ва динидан қатъи назар, жамиятимизнинг тенг ҳуқуқли аъзоси, ўз тақдирининг чинакам эгаси, мамлакатимиздаги барча ўзгариш ва янгиланишларга ўзини нафақат дахлдор, балки бу жараёнларнинг бевосита иштирокчиси, эркин ва бунёдкор инсон сифатида ҳис этмоқда», — деди президент.

Шунингдек, «Халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг қонуний кафолати бўлган, биз учун озод ва обод ҳаёт қуриш йўлини очиб берган Конституциямиз билан шу боис ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак, арзийди», — дея таъкидлади у.

Президент асосий қонунга жорий йилда бошланган ўзгартиш ва қўшимчалар муҳокамаси давом этаётганини қўшимча қилди.

«Ушбу конституциявий ислоҳотларни Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг мазмуни ва мантиғи, халқимиз билдираётган талаб, истак ва таклифлар, мухтасар айтганда, шиддат билан ўзгараётган даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Шу сабабли ҳозирги вақтда „Инсон — жамият — давлат“ деган тамойилни Конституциямиз ва қонунларимизга, кундалик ҳаётимизга чуқур сингдиришимиз зарур», — дейилади президент табригида.

Шавкат Мирзиёев инсон, унинг ҳаёти, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонуний манфаатларини таъминлаш, инсон қадрини улуғлаш бу борадаги ислоҳотлар марказига олиб чиқилаётганини таъкидлади.

Унинг қайд этишича, ижтимоий давлат тамойили, оила институтининг конституциявий асосларини мустаҳкамлаш, кекса авлод вакилларини, ногиронларни ишончли ҳимоя қилиш, хотин-қизлар ва ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш, таълим ва илм-фан, маданиятни ривожлантириш, фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш, экологик мувозанатни сақлаш, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда маҳалланинг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, оммавий ахборот воситалари эркинлигини таъминлаш каби кўплаб принципиал аҳамиятга эга масалалар Асосий қонунда муҳрлаб қўйилмоқда.

«Бу жараёнда сиз, азиз ватандошларимиз — турли касб ва ижтимоий гуруҳга мансуб фуқароларимиз томонидан билдирилган барча таклиф, фикр ва мулоҳазалар албатта инобатга олинади ва Конституция лойиҳаси умумхалқ референдумига олиб чиқилади», — деди у.

Давлат раҳбари яқинлашиб келаётган янги — 2023 йил учун улкан дастур ва режалар тузилаётганини таъкидлади.

«Конституцияда белгилаб олаётган эзгу мақсадларни рўёбга чиқариш, юртимиздаги тинчлик ва барқарорликни, миллатлар ва динлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш, янги уй-жойлар барпо этиш, иш ўринларини кўпайтириш бўйича катта-катта вазифалар бу дастурларда ўзининг аниқ ифодасини топмоқда. Ишончим комилки, барчамиз бир тану бир жон бўлиб, фидокорона меҳнат қилиб, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга албатта эришамиз», — дея таъкидлади президент.

Референдум бу йил ўтказилиши режалаштирилган эди, бироқ бўлмади

Шавкат Мирзиёев ўтган йили Асосий қонуннинг 29 йиллиги муносабати билан йўллаган табригида Конституцияга ўзгартиришлар киритишни таклиф қилганди. Буни 2022 йил 8 декабргача бажариш режалаштирилган эди. Ёзда давлат раҳбари ўзгартишларни қабул қилиш учун референдум ўтказишни таклиф қилди. Референдум кузда бўлиб ўтиши кутилганди, бироқ ҳозирча унинг санаси эълон қилинмади. Ноябрь ойи охирида Қонунчилик палатаси тузатишларни қайта кўриб чиқиш учун лойиҳани қайта ишлашга юбориш тўғрисида қарор қабул қилди.

Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича умумхалқ муҳокамаси 25 июнда бошланиб, 1 августда якунига етди. Аввалига муҳокама учун атиги 10 кун ажратилди. Кейин депутатлар бу вақт етарли эмаслигини тан олишди ва яна 10 кун қўшилди. Кейинроқ муҳокамани яна 15 кунга узайтиришга қарор қилинди.

1−2 июль кунлари Қорақалпоғистонда республика мақомини ўзгартириш бўйича таклиф этилаётган ўзгартиришлар туфайли юзага келган тартибсизликлардан сўнг Қорақалпоғистонга оид янги моддалар лойиҳадан чиқариб ташланди.

«Газета.uz» аввалроқ жамоатчилик муҳокамасига қўйилган ўзгартиришлар лойиҳасида ҳокимиятларнинг ҳақиқий бўлиниши ва вакиллик демократиясини мустаҳкамлаш билан боғлиқ ўзгартиришлар йўқлиги, унда қарама-қаршиликлар ва такрорий ҳолатлар мавжудлиги ҳақида мақола чоп этганди.