Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг жума кунги мажлисида Конституцияга ўзгартиришлар киритишга оид қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси муддатини яна 15 кунга, яъни 1 августга қадар узайтириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Парламент қуйи палатаси матбуот хизмати маълум қилишича, палатанинг масъул қўмиталари ватандошлардан тушган таклифларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш, шунингдек, қонун лойиҳасини маромига етказишда давом этади.

Ўзгартиришлар лойиҳаси 25 июнь куни эълон қилинганди ва муҳокама учун атиги 10 кун берилганди. 4 июль куни депутатлар мазкур муддат етмаслигини тан олиб, муҳокамаларни яна 10 кунга узайтирганди. Ўшанда депутатлар Конституциядаги Қорақалпоғистонга оид 70, 71, 72, 74, 75-моддаларни ўзгаришсиз қолдириш тўғрисидаги қарорни ҳам қабул қилишганди.

15 июлдаги мажлисда эса депутат Жаҳонгир Ширинов фуқаролардан келиб тушаётган таклифларни экспертларни жалб қилган ҳолда чуқурроқ ўрганиб чиқиш зарурияти туғилганини яна бир бор таъкидлади.

«Бу мамлакатимизнинг бош қонуни, давлатимиз, миллатимиз, жамитиямизни келажаги, тақдирини белгилаб берадиган муҳим ҳужжат ҳисобланади. Буни шошма-шошарлик билан муҳокама қилиш ёки қабул қилиш яхши натижаларга олиб келмайди», — деди у.

Акмал Саидов эса умумхалқ муҳокамасини узайтириш депутатлар қўлида эканлигини айтиб, фуқаролар хоҳиш-истакларини инобатга олиш зарурлигини таъкидлади.

Конституциявий комиссия маълум қилишича, умумхалқ муҳокамаси даврида фуқаролардан 85 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушган.