Ўзбекистон Венгрияда дипломатик ваколатхона очади

Президент Шавкат Мирзиёев ва бош вазир Виктор Орбан Ўзбекистон ҳамда Венгрия ўртасида стратегик шерикликни ривожлантириш тўғрисидаги қўшма баёнотни имзолади. Шунингдек, мамлакатлар вазирлари ва идоралари раҳбарлари 15 та ҳужжатга имзо чекишди. Будапештда Ўзбекистон элчихонаси очилади.

Аҳоли ва тадбиркорлар учун иссиқлик таъминоти тарифлари ўзгармайди

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши 2022/2023 йиллар иситиш мавсуми учун иссиқлик таъминоти хизматлари тарифларини тасдиқлади. Унга кўра, аҳоли ва тадбиркорлар учун тарифлар 2019 йилда белгиланган тарифда ўзгаришсиз қолади.

Азиз Абдуҳакимов Ўрта Осиё реставраторлари қурултойини ташкил этишни таклиф қилди

Самарқандда илк бор реставраторлар учун семинар ўтказилмоқда.Тадбирда бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Ўрта Осиё реставраторлари қурултойини ташкил этишни таклиф қилди. Шунингдек, «Маданий мерос объектлари дирекцияси»нинг минтақавий реставрация марказлари ташкил этилаётгани қайд этилди.

ОТБ озиқ-овқат хавфсизлигини яхшилашга ёрдам бериш учун Ўзбекистонга $500 млн кредит ажратади

Осиё тараққиёт банки Ўзбекистон ҳукуматига аҳолини барқарор нархларда озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, шунингдек, йил охиригача 8,9 млн нафардан ортиқ ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига тўловлар тўлаш ва қайтган меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш учун 500 млн доллар кредит ажратади.

Япония авиакомпанияси Ўзбекистоннинг туристик шаҳарларига парвозларни йўлга қўймоқчи

Япониянинг «All Nippon Airlines» авиакомпанияси Ўзбекистоннинг туристик шаҳарлари (Самарқанд, Бухоро, Урганч) га парвозларни йўлга қўйишни таклиф этди. Шунингдек, томонлар Токио ва Осака шаҳарларидан Самарқанд шаҳрига чартер дастурларини амалга оширишга келишиб олди.

5 октябрь куни Тошкент шаҳри ва вилоятининг бир қатор туманлари вақтинча табиий газдан узилади

5 октябрь куни таъмирлаш ишлари сабаб пойтахтда Миробод, Бектемир, Чилонзор туманларининг турли ижтимоий объектлари ва ишлаб чиқариш корхоналари табиий газдан узилади. Тошкент вилоятининг айрим туманларида 45 мингга яқин аҳоли хонадонларига вақтинча табиий газ етказиб берилмайди.

Чортоқ тиббиёт бирлашмаси бошлиғи туғруқхонада жой етишмовчилиги сабаб ишдан олинди

Тармоқларда Наманганнинг Чортоқ туманидаги туғруқхоналардан бирида 10 дан ортиқ аёл бир бўлимда (аслида 3 нафардан кўп бўлиши мумкин эмас) чақалоғи билан ётгани акс этган видео тарқалди. Натижада ССВ мазкур ҳолатга ўз вақтида чора кўрмаган тиббиёт бирлашмаси раҳбарини ишдан бўшатди.

Шавкат Мирзиёев Тожикистон президентини 70 йиллик юбилейи билан табриклади

Чоршанба куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилиб, уни 70 йиллик юбилейи билан табриклади. Томонлар келишувлар ва қабул қилинган битимларни амалга ошириш масалаларини ҳам кўриб чиқди.

Ўзбекистонда давлат бошқаруви самарадорлиги индекси яхшиланди, аммо бу етарли эмас

Жаҳон банки томонидан тузилган давлат бошқаруви сифати индексида Ўзбекистон ўз ўрнини яхшилади. Индекс ҳисобдорлик, сиёсий барқарорлик, ҳукумат самарадорлиги, коррупцияни назорат қилиш ва бошқа кўрсаткичларни ўз ичига олади. Шунга қарамасдан, мамлакат ҳамон ўртача паст кўрсаткични қайд этмоқда.

Тиббиёт йўналиши битирувчиларига тўлиқ ставкада ишлашга рухсат берилди

Ҳукумат қарори билан республикадаги барча тиббиёт олийгоҳлари битирувчиларига тўлиқ ставкагача ишлашга рухсат берилади. ССВ шифокорларга бўлган эҳтиёжни аниқлайди ва 1 октябрдан Сурхондарё вилоятида, 1 ноябрдан эса барча ҳудудларда талабаларни вакант ўринларга ишга жойлаштиради.

Uzbekistan Airways компания раҳбари билан шартномани 3 йилга узайтирди

Бир пайтнинг ўзида транспорт вазири ва Uzbekistan Airways раҳбари бўлган Илҳом Маҳкамов билан компания ўртасида тузилган меҳнат шартномаси яна уч йилга узайтирилди.

Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида чанг тўзонлар кузатилиши мумкин

Чоршанба куни Ўзбекистоннинг шарқида шамол тезлиги 7−12 м/с, шимол, жануб ва чўл ҳудудларида эса 15−18 м/с гача кучаяди. Айрим жойларда чанг тўзонлари кузатилиши мумкин. Ўзгидромет мамлакат бўйлаб ёғингарчилик кутилмаётганини маълум қилди.

Сенат бир қатор қонунлар ва айримларига ўзгартишлар киритишни кўриб чиқади

Сенат 7 октябрдаги ялпи мажлисда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишга оид ва янги таҳрирдаги стандартлаштириш тўғрисидаги қонунни кўриб чиқади. Қолаверса, Оролбўйи минтақаси бўйича ҳукуматга юборилган сўров натижаси ҳамда Фарғона вилояти ҳокимининг ҳисоботи муҳокама қилинади.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

Кимё бўйича Нобел мукофоти даниялик ва америкалик олимларга берилди

Кимё бўйича 2022 йилги Нобел мукофоти америкалик олимлар Каролин Бертоцци ва Барри Шарплесс, шунингдек, даниялик олим Дейн Мортен Мелдалга клик кимёси ва биоортогонал кимё усулларини ишлаб чиққанлиги учун топширилди.

Тилда ҳикмат кўп

Тил ҳақидаги қонунга кўра, аввалига кўпгина идоралар чиндан ҳам давлат тилида иш юрита бошлади. Бироқ назорат сусайгач, ташкилотлар буни йиғиштириб қўйди. Оқибатда бугунги кунда ҳам кўп фармойишлар, буйруқлар, кўрсатмалар рус тилида тайёрланяпти. Озод Шарофиддиновнинг 2004 йилдаги мақоласидан парча.