Uzbekistan Airways акциядорларининг 30 сентябрь куни бўлиб ўтган йиғилишида 2021 йилнинг февралидан буён авиакомпания бошқаруви раиси лавозимида ишлаб келаётган Илҳом Махкамов билан тузилган меҳнат шартномасини уч йилга узайтирилди.

Илҳом Махкамов 2020 йил октябрдан буён Транспорт вазирлиги, транспорт соҳасини, жумладан, авиация соҳасини тартибга солувчи орган раҳбари лавозимида ҳам ишлаб келаётган эди.

Аввалроқ AviaST (Россия) ҳаво қатнови ва сайёҳлик компанияси асосчиси, Вьетнам авиакомпаниясининг Франция ва Европадаги минтақавий ваколатхонасининг собиқ тижорат директори Зафар Хусаинов Kapital.uz мухбирига Чикаго конвенцияси (халқаро фуқаро авиацияси бўйича) иловасида Doc 8335-АН / 879 авиация маъмурияти ва операторлар ўртасидаги муносабатлар белгиланган бўлса, тартибга солувчи (Транспорт вазирлиги) ва оператор (авиакомпаниялар) функцияларини бирлаштириш мумкин эмаслигини таъкидлаганди.

Бу ташкилотлар позицияларини бирлаштирганда операторлар ўртасида тенг рақобат нуқтаи назаридан манфаатлар тўқнашуви юзага келади ва парвозлар хавфсизлиги устидан назорат ҳам йўқолади, деганди у.

Аудитда халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ИКАО) оператор ва тартибга солувчи ўртасидаги функцияларни ажратиш тизимини қатъий кўриб чиқади. Ажратишга риоя қилинмаган тақдирда, бошқа мамлакатларга парвозлар тақиқланиши мумкин.

Президент Шавкат Мирзиёев июнь ойида Ўзбекистон аэропортларига инвесторларни жалб этиш, республика ҳудудлари ўртасида ҳаво, темир йўл ва автомобиль қатновларини кўпайтириш бўйича ишларни қониқарсиз деб баҳолаганди. Транспорт вазири «охирги марта огоҳлантириш» олганди.

Давлат раҳбари сентябрь охирида ҳам транспорт соҳасидаги ислоҳотларни жадаллаштиришга бағишланган йиғилиш ўтказганди. «Агар биз транспорт ва логистикани янги босқичга олиб чиқмасак, иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини таъминлай олмаймиз», — деганди у.