Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 5 октябрь куни Тожикистон давлат раҳбари Эмомали Раҳмон билан телефонда суҳбатлашиб, уни 70 йиллик юбилейи билан табриклади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Эмомали Раҳмоннинг замонавий Тожикистонни барпо этиш ва мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтириш, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларида бугунги юксак даражага эришишдаги ўрнини алоҳида қайд этди, дейилади хабарда.

Суҳбат давомида икки томон илгари эришилган келишувлар ва қабул қилинган битимларни амалга ошириш масалаларини кўриб чиқди. Саноат, қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт ва бошқа муҳим йўналишлардаги устувор кооперация лойиҳаларини илгари суришга хизмат қиладиган қўшма инвестиция фонди ўз фаолиятини бошлаганини қайд этди.

Шунингдек, фаол ҳудудлараро мулоқотларни янада кенгайтириш, мамлакатларимизда қўшма ишбилармонлик ва маданий тадбирларини ўтказиш муҳим экани таъкидланди. Минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди, бўлажак кўп томонлама учрашувлар режаси кўриб чиқилди.