«Газета.uz» ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 33 йиллиги муносабати билан октябрни — «Ўзбек тили ойлиги» деб эълон қилди. Ўтган давр мобайнида мазкур йўналишда катта-кичик қадамлар ташланди, бироқ ўзбек тили мақомини тўла-тўкис мустаҳкамлай олмади. Тил борасида ечимини кутаётган муаммолар ҳамон камаймаган. Мазкур ойлик давомида таҳририят жамоаси ҳар куни ўтган вақт ичида турли нашрларда чоп этилган, долзарблигини ҳануз йўқотмаган мақола, нутқ, фиқраларни қайта бериб боради. Бу гал Ўзбекистон қаҳрамони, профессор, публицист Озод Шарафиддинов ижодига юзланамиз.

Тилда ҳикмат кўп

Тилимизнинг ҳозирги аҳволини ўйлаганда тез-тез Абдулла Қаҳҳорнинг куйиб-ёниб айтган бир гапи ёдимга тушади: «Кўчада бирор одам қоидани бузса, дарров милиционернинг ҳуштаги чуриллайди, қоидабузар мўмайгина жарима тўлайди. Нега энди тилимизни писанд қилмайдиганлар уни ҳар қадамда бузиб расво қилаётганларнинг мушугини ҳеч ким „пишт“ демайди?» Ҳақиқатан ҳам, нега? Ахир кўча қоидаси қаёқдаю, бутун бошли миллатнинг энг ноёб, энг азиз бойлиги ҳисобланмиш тил қаёқда? Назаримда, сўнгги ўттиз йиллар мобайнида тил бобида катта ўзгаришлар бўлди, лекин уларнинг ичида ижобийлари бўлгани каби тилимизнинг зарарига ишлайдиганлари ҳам кўп эди. Аҳён-аҳёнда саҳрода адашган ёлғиз йўловчининг фарёдидек бирор-бир одамнинг зорланиши эшитилиб қолмаса, тилдаги бу салбий тамойиллар ҳеч кимнинг парвойига келмайдигандек туюлади. Гўё тил қалъаси бедарвоза қолгандек, унда истаган одам истаган ҳунарини кўрсатиши мумкиндек. Ҳатто тил ҳақидаги қонун қабул қилингандан кейин ҳам аҳвол тубдан ўзгарди, деб айта олмаймиз. Шунинг учун ҳам яқинда «Халқ сўзи» газетасида атоқли ёзувчимиз Одил Ёқубовнинг эълон қилинган мақоласи айни муддао бўлди. Мақолада тилимизнинг анъаналари ҳақида яхши гап айтилибди, унинг сўз бойлигини тўғри келганча, билиб-билмай ўзгартиравериш мумкин эмаслиги, тил бобида зўравонлик кетмаслиги, айни шу соҳада ҳамма нарсани етти ўлчаб бир кесиш зарур эканлиги таъкидланган.

Мен мақолада илгари сурилган деярли ҳамма фикрларга қўшиламан. Чиндан ҳам сўнгги ўн йил ичида ўзбек тилига сингишиб кетган, аллақачон унинг ўз мулки бўлиб қолган кўпгина сўзларни кенг халқ оммаси тушунмайдиган сунъий сўзлар билан алмаштириш тамойили кенг тарқалди. Бу тамойил бугун бир оз сусайган бўлса-да, ҳали буткул ўтиб кетгани йўқ. Ҳар хил «илмгоҳ»у, «тайёрагоҳ»лар, «ноҳия»ю «жарида»лар ва яна бошқа юзлаб. Балки минглаб ясама иборалар чала туғилган боладай совуқ кўринишига қарамай ҳамма ёқни босиб кетганди.

Қизиқ, тилнинг «софлиги» учун бунақа «кураш» авваллари ҳам содир бўлганди. Масалан, 20-йилларда «йўқсил», «сим чироқ», «жин арава», «оташ арава», «ёритқич» каби сўзларни тилга олиб киришга уринишлар бўлган. Лекин ўшанда ҳам худди кейинги пайтлардаги каби тил бунақа ясама сўзларни қабул қилмади. Афсуски, биз тарихий тажрибаларимизга доимий таяниб, улардан хулосалар чиқариб, хатоларни такрорламай иш юритишга ҳам ўрганган эмасмиз. Ҳолбуки, 20-йиллар тажрибасида ўз-ўзидан битта хулоса келиб чиқади — халқлар бир-бирлари билан иқтисодий алоқаларга киришмай яшаёлмаганларидек, уларнинг тиллари ҳам бир-бирларини тўлдириб турган. Турли элатлар ва юртлар ўртасида қатнаган карвонлар турли-туман буюмларгина эмас, бу буюмларнинг номларини ҳам ташиган. Бир-биридан озиқланиш, бир-бири ҳисобига бойиш тил ривожининг асосий қонунларидан биридир. Бу ҳодиса ҳеч кимнинг хоҳишига боғлиқ эмас ва ўз олдига қўйиладиган тўсиқларни ҳам тан олмайди. Масалан, рус тилига юзлаб, балки минглаб туркий, арабий сўзлар кириб қолган ва улар бугун ҳам жонли сўзлашув тилида ўз мавқеини сақлаб қолган. Масалан, киоски (аслида — кўшк), колбаса (аслида — қўлбости), караул (асли — қоровул), адмирал (асли — амир ал-баҳр), алгебра (асли — ал-жабр)…

Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Худди шунингдек, юнон, лотин, рус ва бошқа тиллардан ҳам ўзбек тилига кириб, ўзлашиб кетган сўзлар кўп. Қизиғи шундаки, бу жараён кеча бошланган эмас, балки чуқур тарихий илдизларга эга. Масалан, минг йил аввал Беруний бошлиқ бошқа атоқли мутафаккирларимиз «философия», «категориюс» каби атамалардан кенг фойдаланишган. Ёхуд фанларни тавсиф қилганда «рациональные науки» тушунчасини бугун бизга ўхшаб «рационал илмлар» деб аташмаган, балки «илми ақлия» деб жуда чиройли, жуда шарқона ва жуда тушунарли шаклда қўллашган.

ХХ асрга келиб бу алоқалар жуда кучайди ва муайян ижтимоий-иқтисодий сабабларга кўра ўзбек тилига кўплаб байналмилал сўзлар кириб келди. Бугунги кунда ҳар қанча уринманг, уларнинг ҳаммага манзур бўладиган муқобилларини топиш қийин. Масалан, электр, радио, телефон, телеграф, телеграмма, банк, касса, компьютер, робот, космос ва ҳоказолар. Бунга ўхшаш сўзлар онгимизга шу қадар сингиб кетганки, биз уларни ўзбек сўзлари деб қабул қилаверамиз ва бундан ҳеч қандай ноқулайлик сезмаймиз. Уларни, албатта, бошқа ўзбекча сўзлар билан алмаштиришга уриниш беҳуда бир иш бўлур эди. Беҳуда уриниш эса, маълумки, белни синдиради.

Булар яна бир карра шуни исбот қиладики, тил борасида сира ҳам шошма-шошарлик кетмайди. Тилда қайси сўзлар яшаб қоладию, қайсилари истеъмолдан чиқиб, йўқ бўлиб кетади — буни фақат ҳаётнинг ўзи ҳал қилади.

Тилда ҳикмат кўп. Тил — халқнинг, миллатнинг энг катта бойлиги, энг қутлуғ неъматидир. Аввало, Оллоҳ таоло халқларга тилни инъом этган экан, бандаларини ўзаро мулоқотда қийналмасин, бир-бирларини англаб, эҳтиёжларини ўзаро тушуниб, бир-бирларига меҳрибон бўлсин, деган мақсадни кўзлаган. Шу билан бирга, менинг бандаларим ҳайвонлардан ажралиб турсин, уларни табиатдаги энг олий мавжудот сифатида яратганим тилда ҳам сезилиб турсин, деган ният ҳам бўлиши керак. Ҳарҳолда, тилнинг яратилишида ақл бовар қилмайдиган уйғунлик, мақсадга мувофиқлик бор. Тасаввур қилингки, бир кун эрталаб уйғониб қарасангиз, ҳар бир одамнинг ўз тили бор: эрталабданоқ машмашалар бошланади — эр ўз тилида, хотин ўз тилида гаплашади. Ота болани, қиз онани тушунмайди. Кўчада, ишда ҳам аҳвол шу. Хўш, нима бўларди шунда? Нима бўларди, қиёматнинг каттаси бошланарди. Минг қатла шукрки, ундай яратилмаганмиз. Қолаверса, тилимизда тарихимиз, маданиятимиз, маънавиятимиз сақланиб қолган. Мақоллар ва маталларда, турли ибораларда авлод-аждодларимизнинг қай тарзда яшагани, қанақа расм-русумларга амал қилгани муҳрланиб қолган.

Раҳматли бувим оддийгина қишлоқи аёл бўлсалар-да, жуда чечан, ҳар гапга бирон матал ёки мақол қўшиб гапиргувчи эдилар. Баъзан мени койиб қолганларида: «Бувижон, нега ҳадеб койийверасиз, ахир неварангизман-ку?» десам, «Неварам бўсанг нима? Гўримга ўт қалармидинг?» дер эдилар. Мен бу гапга тушунмасдим, саволимга гўрнинг, унга ўт қалашнинг нима дахли борлигини билолмасдим. Шу зайл йиллар ўтди. 60-йилларда ҳиндларнинг буюк доҳийси Жаваҳарлаъл Неру оламдан ўтди. Унинг дафн маросими матбуотда батафсил ёритилди. Маълум бўлдики, ҳиндилар ҳозир ҳам ўлган одамнинг жасадини гулханда ёндириб, кулини Ганга дарёсига сепиб юборишар экан. Нерунинг васиятига кўра, унинг жасади ёнадиган гулханга энг севимли невараси ўт қўйибди. Бирдан бувимнинг ўша нақлини эсладим: демак, гулханга ўт қўйиш невара учун энг фахрли иш бўлган экан-да? Бундан чиқадики, ўша ибора камида 2,5 — 3 минг йиллик тарихга эга.

Ана кўрдингизми, тилимизда бундай иборалар қанча! Тарихимизни ўрганишда, ўзлигимизни танишимизда уларнинг аҳамияти йўқми? Ҳа, тилда чиндан ҳам ҳикмат кўп. Шундай экан, тилни ҳимоя қилиш, унинг ривожи учун реал замин яратмоқ бугунги куннинг ғоятда муҳим вазифасидир. Буни ўқиган баъзи одамлар жиддий эътироз билдириши мумкин: нега ваҳима қиляпсиз? Ахир ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Давлат ташкилотларида давлат тилида иш юритиляпти. Тил комиссияси мунтазам ишлаб турибди. Атамалар қўмитаси фаолият кўрсатяпти, жойларнинг номлари ўзгартириляпти, аста-секин лотин алифбосига кўчиляпти. Тўғри. Айниқса мустақиллик йилларида ўзбек тилининг равнақига алоҳида эътибор бериляпти. Лекин барибир тил борасидаги бугунги аҳволдан тўла қониқиш ҳосил қилиш қийин. Жумладан, тил ҳақидаги қонунда ўзбек бўлмаган фуқароларга зарур ҳолларда ўзбек тилини ўрганиш учун 8 йил муддат берилган эди. Аслида шу муддатни айрим ўзбекларга бермоқ керак экан. Гап шундаки, шўро замонида тилини ҳакка чўқиган, ўзининг она тилида иккита жумлани бир-бирига қўшиб гапира олмайдиган, фақат рус тилида булбулигўёлик қиладиган амалдорлар кўпайиб кетган эди. Албатта рус тилини ёхуд бошқа халқларнинг тилини билиш нуқсон эмас, аксинча, бу — фазилат. Аммо шу шарт биланки, бундай одам, айниқса, мансабдор бўлса, биринчи навбатда, ўзининг она тилини мукаммал билмоғи керак. Афсуски, амалда бундай бўлмаётир. Ҳозир ҳам турли тоифадаги мансабдорлар ичида ўзбек тилида ўқиш ва ёзиш у ёқда турсин, эплаб гапира олмайдиганлари ҳам тез-тез учраб турибди. Мен шундай амалдорларни биламанки, улар тил билмаганликлари сабабли халқ ичига киролмайдилар. Унинг дардини эшитиб, кўнглига қўл сололмайди. Фақат кабинетда ўтириб, раҳбарлик қилади. Раҳбарликнинг бунақа усули эса мустақиллик даврига мутлақо ярашмайдиган, аллақачон эскириб бўлган, бугун одамларда фақат норозилик туғдирадиган усулдир.

Кези келганда, яна бир гапни айтмоқ керак. Тил ҳақидаги қонунда қисқа муддатда ҳамма идораларда иш юритишни давлат тилига кўчириш назарда тутилган эди. Аввалига бу иш анча ҳафсала билан бошланди ва кўпгина ташкилотлар чиндан ҳам давлат тилида иш юрита бошладилар. Аммо назорат сусайганини сезган баъзи бир ташкилотлар орадан кўп ўтмай бу ишни йиғиштириб қўйдилар. Бунинг оқибатида бугунги кунда ҳам кўп фармойишлар, буйруқлар, кўрсатмалар, қўлланмалар тўғридан-тўғри рус тилида тайёрланяпти, ёзишмалар ҳам мунтазам равишда давлат тилида юритиляпти, деб бўлмайди.

Яна бир масала. Маълумки, бугунги кунда ҳар хил фирмалар, жамоалар, жамғармалар, уюшмалар, банклар, корпорациялар, ҳиссадорлик жамиятлари ва бошқа ташкилотлар кўпайиб кетган. Уларнинг ҳаммаси ҳам ўз номига эга бўлишга интилади. Бу — қонуний истак, унга эътироз билдириб бўлмайди, албатта. Аммо улар танлаган номлар кўп ҳолларда шунақа бесўнақай, қўпол, шунақа ясамаки, бу сифатлари билан тилимизни бузишдан бошқага ярамаяпти. «Ўзмевасабзавотузумсавдо» дейишадимией, «Ўздунробита»ми-ей… Ҳатто яқинда газетада босилган эълонда «Ўзбекоқава» деганини ҳам ўқиб қолдик. Афсуски, буларни ким ўйлаб топгани маълум эмас — шуниси маълумки, уларнинг диди ниҳоятда ўтмас, она тили олдида ўз бурчини мутлақо ҳис қилмайди. Энг ёмони шуки, бунақа шумшук муомала ҳаддан ташқари кўпайиб кетган ва улар ҳозирги кунда ҳар қандай назоратдан четда қолган. Тилнинг табиатига мос келмайдиган бунақа ясама сўзларни зўрлик билан тилга олиб кириш, ўзининг она тилини ҳам, миллатини ҳам менсимасликдан бошқа нарса эмас.

Юқорида айрим мансабдор шахсларнинг ўзбек тилини етарли билмаслиги ҳақида гапирдик. Адолат юзасидан айтиш керакки, она тилини чала биладиганларнинг сафи фақат мансабдорлар билан тугамайди. Минг-минг таассуфлар бўлсинки, бу сафда она тилимизнинг бойлигини сақлаши, баркамоллиги учун курашмоғи зарур бўлган зиёлиларимизнинг турли гуруҳлари ҳам бор. Бу гуруҳларни номма-ном санаб кўрсатиш мушкул. Телевизор экранида гапини эплаб гапира олмайдиган, сўз бойлиги ниҳоятда қашшоқ бўлганидан «Ҳаҳ, нима дерди?» деб дудуқланиб турадиган туппа-тузук одамларни кўп кўрганмиз. Афсуски, уларнинг орасида ёзувчи ва мунаққидлар ҳам учраб туради. Бугун тилимизнинг ривожига жиддий хавф туғдираётган омиллардан яна бири телевидениедир. Тўғри, сўнгги йилларда ТВда кўпгина ижодий изланишлар бўляпти. ТВ ходимлари кўрсатувларнинг ранг-баранг ва мароқли бўлиши учун жиддий изланмоқдалар. Бундан кўз юммаган ҳолда, айтмоқ керакки, тил борасида талабчанлик ТВда жуда сусайиб кетди. Назаримда, айниқса, ёш журналистларнинг тил борасидаги фаолиятлари бутунлай назоратсиз қолиб кетганга ўхшайди. Негаки, кўп ҳолларда энг оддий, энг бирламчи савод етишмайди, эга билан кесим, қаратқич билан тушум келишиги фарқланмайди, қўшма гаплар тузишда палапартишлик бор, услубнинг нозик жиҳатларига сира эътибор берилмайди. Масалан, тажрибали шарҳловчилардан бири жумлани «Мен сизларга…» деб бошлаб, «тўғрисида айтиб бердик» деб тамом қилади. Ёки бўлмаса, «жангларда фалончиларнинг кўпгина ҳарбий техникаси асир олинди» дейди. Ахир техника асир олинмайди, ўлжа олинади-ку! Ёхуд бошқа бир бошловчи «Сизни …ажойиб учрашув кутади» дейди. Бир қарашда бу жумлада ҳеч қандай ғалатилик йўқдай кўринади, лекин тузукроқ ўйлаб кўрилса, унинг рус тилидан сўзма-сўз таржима қилинганини, ўзбек тилининг табиатига монанд эмаслигини пайқаш қийин эмас. ТВда тил бобида бундан ҳам ёмонроқ «тажриба»лар бор — сўнгги йилларда ТВ журналистлари ўртасида «чиройли» гапиришга интилувчилар кўпайиб кетди. Масалан, «деҳқон далага чиқди» деган оддийгина гапни айтмоқ учун «кўз илғамас уфқлар ортидан заррин нурларини аста таратиб, бутун борлиққа табассум ато қилиб, бош кўтариб келаётган қуёшдан жилоланаётган адирлар бағрида ястаниб ётган боғ орасидан ўтган илонизи сўқмоқ бўйлаб, қўлидаги райҳонни ҳидлай-ҳидлай, жонларга роҳат бахш этувчи мусаффо тонг ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас олиб, ҳали оҳори тўкилмаган кирза этигини гурсиллатиб, далага йўл олган бобо деҳқонни кўрди» деган узундан-узоқ чигал жумлаларнинг чакалакзорига сизни етаклайди. ТВда айнан шунга ўхшаган ўта дидсизсизлик билан тузилган чучмал, энсани қотирадиган, маъноси ғариб жумлалар кўп учрайди. Бундай баландпарвоз услуб фикрсизликдан ва саводсизликдан ўзга нарса эмас.

Услубдаги баландпарвозлик билан бирга ёхуд шу шаклда ниқобланган ҳолда тилимизда яна бир иллат анча-мунча томир ёймоқда. Бу эзмаликдир. Абдулла Қаҳҳор уни «адабий эзмалик» деб атаган эди. Одамлар ҳар хил бўлади. Уларнинг орасида эзмалари ҳам бор, албатта. Лекин ҳозир бошқа эзмалик ҳақида гап кетяпти. Турли-туман йиғинларда, мажлисларда тутуруқсиз, пуч ва бемаъни, узундан-узун вайсаб, одамларнинг вақтини ўғирлайдиган эзмаларни назарда тутяпмиз. Ҳозир, айниқса, тўйларда улар кўп учрамоқда. Адиб Мирмуҳсин уларнинг суратини яхши чизибди: «Косагул бўлишни касб қилиб олган бир сергап кимса, сўзининг нуқтаси йўқ, микрофонни оғзига олиб бориб, ютиб юборгудай шақиллаб гапириб турибди». Ана шу ўзига бино қўйиб, тинимсиз шақилловчи кимса одамларни кўзига нақадар совуқ кўринишини пайқармикан? Албатта, бунақа эзмалик ҳам жамоатчиликка, ҳам она тилимизга ҳурматсизликдан ўзга нарса эмас. Ахир ҳеч қачон тилнинг гўзаллиги жумлаларга тизилган сўзларнинг миқдори билан ўлчанган эмас. Аксинча, жуда ихчам шаклга теран маъно жамланган ҳолларда жамоатчилик жумла муаллифининг маҳоратига тан беради. Буюк шоирларимиз она тилига бунақа моҳир муносабатларнинг юксак намуналарини берган. Абдулла Тўқай умрининг сўнгида яратган кичкина шеърида шундай мисра бор: Кирланиб битдим ўзим, Дунёни поклай олмадим.

Буни қаранг, бор-йўғи олтита сўз, аммо олтита оддий сўзга бир одамнинг бутун биографияси, биографиясигина эмас — ёшликдаги орзу-умидлари, идеаллари, дунёни поклаш йўлидаги курашлари, уларнинг беҳудага чиққани, аксинча, ўзи кирланиб битгани — ҳамма-ҳаммаси жо бўлибди. Қанди энди, ҳаммамиз ҳам шунақа мухтасар ва шунақа маънодор гапирадиган бўлсак!

Мазкур мақолада мен атайин мисолларни кўпайтирганим йўқ. Негаки, шундоқ ҳам она тилимизнинг камолоти йўлидаги саъй-ҳаракатимизни кучайтириш кераклиги яққол сезилиб турибди. Тилимиз ҳамон парваришга ва ҳимояга муҳтож. Аммо савол туғилади: тилни қандай парваришлаш керак? Нима қилиб тилни ҳимоя қилса бўлади? Мен аминманки, она тилимизни ҳимоя қилиш уни теран ўрганишдан бошланмоғи лозим. Фақат тилшуносларгина эмас, ёзувчилар ёхуд журналистларгина эмас, ҳамма, бутун халқ, бутун миллат ўз тилининг жамики бойликлари ва имкониятларидан самарали истифода қилмоғи учун жуда бой луғат захирасига эга бўлмоғи, имкони борича сўзларнинг илдизини, келиб чиқишини, замон ва макондаги саргузаштларини билмоғи лозим. Тилимизни яхши билсак, уни ҳар хил ҳуда-беҳуда хуружлардан ҳимоя қила оламиз. Бир мисол келтирай: 80-йилларда бўлса керак, бир рус олими Москвада чиқадиган газетада катта мақола эълон қилиб, ўзбекларда динга берилиш кучайиб кетяпти, деб даъво қилган эди. Бу даъвонинг исботи учун «Ялла» ансамблининг номини эслаб, бу сўз «Ё Олло!»дан олинган, деганди. Ҳолбуки, бу бутунлай нотўғри. «Ялла» — қадимий туркий сўз. У «ёл» ёхуд «ял» деган сўздан келиб чиққан. «Ял» — ҳордиқ, роҳат, дам олиш, истироҳат деган маъноларни беради ва худди шу шаклда бугунги татар тилида кенг қўлланади. Ўзбек тилида ҳам машҳур қўшиқда «учтами-тўртта бўлволиб яллолашайлик» дейиладики, бу факт ҳам юқоридаги сўзнинг ҳеч қанақа диний мазмуни йўқлигидан далолат беради. Аммо шуниси ҳам табиийки, тилнинг бунақа нозик томонларини ҳамма ҳам билавермайди. Бунда кўпчиликка мутахассислар — тилшунослар ёрдамга келмоғи зарур. Бизда тил сирларини мароқли баён қиладиган, ёзувчиларнинг бу борадаги маҳоратларини очадиган китоблар йўқ даражада. Шу пайтга қадар икки-учта русча-ўзбекча луғатни айтмаса, этимологик луғат, шевалар луғати, архаик сўзлар луғати, антоним ва синоним сўзлар луғати йўқ. Бир вақтлар касбу кор терминлари, ҳунармандлик терминларидан бир-иккита луғат чиқарилган эди. Афсуски, бу иш ҳам чала қолиб кетди. Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор каби ёзувчиларнинг луғатини чиқариш бугунги кунда, яъни компютерлар асрида унча мураккаб эмас-ку!

Ўтган асрнинг буюк ёзувчиларидан бири А.П.Чехов айтган эди: «Одамда ҳамма нарса чиройли бўлмоғи керак: кийим-кечаги ҳам, феъли атвори ҳам, ҳусни ҳам». Мен бунинг ёнига «тили ҳам» деб қўшиб қўярдим. Ҳар бир одамнинг тили нафақат ширин бўлсин, балки маънога, жилоларга, муаттар бўйларга тўла бўлсин. Она тили гулга ўхшайди. Аммо гул бировнинг қўлида бир зумда сўлиб қолади, бошқа бировнинг қўлида эса яшнаб, барқ уриб очилади. Келинглар, ҳар биримиз имконимиз борича она тилимизни яшнатайлик.

Ўзбекистон қаҳрамони Озод Шарафиддинов.

Ушбу мақола мунаққиднинг «Довондаги ўйлар» китобидан олинди.

«Маънавият» нашриёти, 2004 йил.