Ўзбекистон делегациясининг Японияга ташрифи доирасида бош вазир ўринбосари — туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов «All Nippon Airlines» (АNА) авиакомпанияси вице-президенти Жуничиро Миягава билан музокара ўтказди, дея хабар берди вазирлик матбуот хизмати.

Учрашувда Япониядан Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларига тўғридан-тўғри авиарейсларни йўлга қўйиш, япониялик сайёҳлар оқимини ошириш ва туризм соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама этилди.

Жуничиро Миягава, ўз ўрнида, Ўзбекистон япониялик сайёҳлар учун жозибадор мамлакат эканини қайд этиб, Шавкат Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотлар сабаб япониялик туристларнинг мамлакат тарихи ва маданий меросига бўлган қизиқиши тобора ортиб бораётганини таъкидлади.

Шунингдек, ANA авиакомпаниясининг Япониядан Ўзбекистоннинг туристик шаҳарлари (Самарқанд, Бухоро, Урганч) га авиарейсларни йўлга қўйиш таклиф этилди.

Музокаралар якунига кўра, Япония туристик агентликлар ассоциацияси (JATA) кўмагида Японияда Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини тарғиб қилишга оид промо-тадбирлар ўтказиш, кунчиқар мамлакат туркомпаниялари ва ОАВ вакиллари иштирокида инфо-тур ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг транспорт логистикаси, хусусан, Самарқанддаги янги аэропорт инфратузилмаси билан яқиндан танишиш ҳамда тегишли ташкилотлар раҳбарлари билан манзилли музокаралар ўтказиш учун АNА авиакомпанияси раҳбарияти ташрифи режалаштирилди.

Бундан ташқари, «All Nippon Airlines» компаниясининг Токио ва Осака шаҳарларидан Самарқанд шаҳрига чартер дастурларини амалга ошириш масаласини ишлаб чиқишга келишилди.