Олий Мажлис Сенатининг ўттиз учинчи ялпи мажлиси 7 октябрь куни чақирилади. Бу ҳақдаги қарор 4 октябрь куни Сенат Кенгашининг навбатдаги мажлисида қабул қилинди.

Ялпида янги таҳрирдаги «Стандартлаштириш тўғрисида»ги, «Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунлар кўриб чиқилади.

Бундан ташқари, «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунга пенсия тайинлаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги ва «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонунларни ҳам муҳокама қилиш назарда тутилган.

Cенаторлар Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишларни ўрганиш натижалари устида ҳам бош қотиради.

Шунингдек, ялпи мажлисда Фарғона вилояти ҳокимининг инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги ҳисоботи ҳам эшитилади.

Сенаторлар томонидан иқтисодиётнинг ишлаб чиқариш соҳаларида маҳаллийлаштириш дастурларининг ижроси ҳамда Оролбўйи минтақасида экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда замонавий инновацион технологияларни кенг татбиқ қилиш бўйича белгиланган вазифаларнинг ижро этилиши ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган иккита парламент сўрови натижалари ҳам муҳокама қилиниши режада бор.

Ялпи мажлис кун тартиби доирасида Сенат Кенгашининг қарорларини ҳам тасдиқлаш назарда тутилган.