4 октябрь куни расмий ташриф билан Венгрияда бўлиб турган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Венгрия бош вазири Виктор Орбан билан кенгайтирилган таркибда музокаралар ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.

Давлатлар раҳбарлари Ўзбекистон-Венгрия муносабатлари 2021 йилда стратегик шериклик даражасига кўтарилгани чинакам тарихий воқеа бўлгани ҳамда халқларимизнинг кўп асрлик дўстлиги ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг бугунги ривожига тўлиқ ҳамоҳанглигини таъкидлади.

Сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.


Давлат раҳбари кейинги йилларда ўзаро савдо ҳажми қарийб 3 баробар кўпайганини қайд этди. Томонлар келажакда икки томонлама товар айирбошлашни 500 миллион долларга етказиш режасини рўёбга чиқаришга келишиб олдилар.

Виктор Орбан Венгрия Ўзбекистонни ўзининг муҳим ва узоқ муддатли ҳамкори деб ҳисоблашини таъкидлади. Ушбу ташрифнинг бой дастури ҳам ўзаро мулоқотни ҳар томонлама ривожлантиришга интилиш қатъийлигидан далолат беради.


Қишлоқ хўжалиги, транспорт, фармацевтика, тўқимачилик, озиқ-овқат, электротехника, сувни тежаш ва саноат соҳаларидаги кооперацияга янги кучли суръат бағишлаш юзасидан келишувга эришилди. Шу мақсадда ҳукуматларга устувор лойиҳаларни молиялаштириш учун тез фурсатда қўшма фонд тузиш топширилди.

Шу билан бир қаторда бизнес-форум ва кўргазмалар мунтазам ўтказиб борилади, имкониятлар максимал даражада ишга солинади, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг барча йўналишлари қамраб олинади.


Томонлар яқинда ўтказилган бизнес-форумнинг муваффақиятли якунлари, яъни қиймати 1 миллиард доллардан зиёд бўлган инвестиция ва савдо битимлари имзолангани натижадор ҳамкорликнинг аниқ амалий натижаси бўлганини мамнуният билан қайд этдилар.

Эришилган келишувларни амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида Будапештда Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхонасини очиш юзасидан келишувга эришилди. Венгрия 2016 йилда Тошкентда ўзининг элчихонасини очганди.

Имзоланган ҳужжатлар


Будапешт шаҳрида ўтган олий даражадаги музокаралардан сўнг икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди.

Президент Шавкат Мирзиёев ва бош вазир Виктор Орбан Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги стратегик шерикликни ривожлантириш тўғрисида қўшма баёнот имзоладилар.

Ҳужжатда музокаралар дўстона, очиқ ва конструктив руҳда ўтгани қайд этилган, ҳар томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликни фаоллаштириш кўзда тутилган, дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлгани таъкидланган.


Бундан ташқари, икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари даражасида Ўзбекистон-Венгрия стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтиришга қаратилган 15 та ҳужжат имзоланди. Булар:

  • 2023−2024 йилларда саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича қўшма дастур;
  • Фан ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳаракатлар режаси;
  • Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ҳаракатлар режаси;
  • Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим;
  • Фанни ривожлантириш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим.


Шунингдек, божхона, адлия, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, боғдорчилик ва иссиқхона хўжалиги, узумчилик, инвестиция соҳаларида, Ўзбекистон Республикаси давлат бошқаруви академияси ва Венгрия Давлат хизмати университети, Самарқанд вилояти ва Хайду-Бихар округи, Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази ва Ташқи ишлар ва савдо институти, Тошкент давлат аграр университети ва Венгрия қишлоқ хўжалиги ва табиий фанлар университети ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзоланди.


Ташриф дастуридаги тадбирлар якунлангач, Ференц Лист номидаги халқаро аэропортда олий мартабали меҳмонни Венгрия иқтисодий ривожланиш вазири Мартон Надь ва бошқа расмий шахслар кузатиб қўйди. Ўзбекистоннинг биринчи борти Тошкентга учиб келди.