Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида ҳамкорлик бўйича битимни парафирлаш маросими ўтказилди

Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги янги битимни дастлабки имзолаш маросими ўтказилди. Ушбу ҳужжат 1996 йилда қабул қилинган битимнинг ўрнини эгаллаши ва томонларнинг ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.

1 сентябрдан автомобилни бошқариш учун ишончнома онлайн расмийлаштирилади

1 сентябрдан бошлаб автотранспортни бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончномалар my.gov.uz орқали онлайн расмийлаштирилади ва уни нотариусдан тасдиқлаш талаб этилмайди. Бир ойлик ишончнома учун тўлов 90 минг сўм, уч йиллик учун эса 900 минг сўмни ташкил қилади.

Такси ҳайдовчилари ўзини ўзи банд қилган шахслар рўйхатига киритилади

1 сентябрдан 2025 йилга қадар такси ҳайдовчилари ўзини ўзи банд қилган шахслар сифатида қаралади ва уларнинг фаолияти лицензия асосида амалга оширилади. Автомобилнинг эксплуатация даврига қўйилган талаб эса бекор қилинади.

Юридик шахслар ҳайдовчиларининг ҳар икки йилда малакасини ошириш талаби бекор қилинди

Президент қарори билан икки йилда бир марта юридик шахслар ҳайдовчиларининг мажбурий малакасини ошириш талаби бекор қилинди. Қолаверса, энди фуқаро ўз машинасини таксичилик учун юридик шахсга ижарага берганда нотариал тасдиқлаши шарт бўлмайди.

Спорт ҳакамларига малака тоифалари ДХМ орқали берилади

Ҳукумат қарори билан ҳакамларга малака тоифалари Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали тақдим этилиши белгиланди. Ҳакам аризага иш жойи берган тақдимномани илова қилиши лозим, хизмат нархи 300 минг сўмни ташкил этади.

Президент ҳузурида Пахтачилик кенгаши ташкил этилди

Ўзбекистон президенти ҳузурида Пахтачилик кенгаши ташкил этилди. Кенгаш ҳудудлар тупроқ-иқлим шароитларига мос ғўза навларини экиш ва уруғларини кўпайтириш, ўғитлаш, суғориш, сув тежамкор технологиялардан фойдаланиш бўйича кўрсатмалар беради. Шунингдек, хусусий уруғчилик кластерлари ташкил этилади.

Туман ва шаҳарларда ипотека марказлари очилади

Президент ипотека кредитларини ажратишда бюрократияни камайтириш бўйича топшириқлар берди. 1 сентябрга қадар аҳолига ҳар томонлама хизмат кўрсатадиган ипотека марказларини ташкил этиш топширилди.

Ўзбекистон ЮНEСКОнинг номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича қўмитасига аъзо бўлди

Ўзбекистон биринчи марта ЮНEСКОнинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитасига аъзо бўлди. Ўзбекистон номзодини қўллаб-қувватлаб, 105 мамлакат овоз берди.

Бухородаги еттита объект Ислом оламининг маданий мероси рўйхатига киритилди

Бухородаги Исмоил Сомоний мақбараси, Чор-Бакр ва Баҳоуддин Нақшбанд мажмуалари, Мағоки Аттор масжиди, Пойи калон ансамбли, қадимги Пойкент шаҳри қолдиқлари ва Тошсарой мадрасаси — Ислом оламининг маданий мероси рўйхатига киритилди.

Андижонда 37 киши овқатдан заҳарланиши бўйича жиноят иши қўзғатилди

Андижонда «FRESH FOOD 2020» оилавий корхонасига қарашли умумий овқатланиш шохобчаларидан бирида 37 киши заҳарланган ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Оилавий корхонага тегишли учта шохобча фаолияти вақтинча тўхтатилди. ССВ вазиятни ўз назоратига олди.

Метро Қурбон ҳайити куни бир соатга вақтлироқ иш бошлайди

9 июль куни Тошкент метрополитени Қурбон ҳайити куни муносабати билан ўз фаолиятини соат 04:00 дан бошлайди.

Метронинг «Ерусти ҳалқа йўли» йўналишидаги 7-бекати бир ҳафтага ёпилади

Метронинг «Ерусти ҳалқа йўли» йўналишидаги 7-бекати йўл ўтказгич ўрнатилиши сабабли 11 июлдан 18 июлга қадар ёпилади. Қолаверса, 11 июлдан августга қадар йўналишдаги поездлар соат 05:00 дан 23:00 гача ишлайди.

Абдулазиз Камилов БМТ бош котиби билан учрашди

Чоршанба куни Ўзбекистон президентининг махсус вакили Абдулазиз Камилов БМТ бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашди. Мулоқотда минтақавий хавфсизлик ва барқарор ривожланиш, Афғонистон бўйича Тошкент конференцияси ўтказилиши ҳамда конституциявий ислоҳотлар масалалари муҳокама қилинган.

Ҳудудларнинг бош ва мастер режалари 3 босқичда ишлаб чиқилади

Президент лойиҳалаш ва қурилиш соҳасида янги тизимни эълон қилди. Ҳудудларнинг бош ва мастер режаларини ишлаб чиқиш бўйича Республика кенгаши тузилмоқда. Улар 3 босқичда ташкил қилинади. Бош архитектор лавозими жорий этилди, шаҳарсозлик қоидаларидан 147 та норма ва бошқалар чиқариб ташланмоқда.

«Газета.uz»да эълон қилинган фотоматериал:

Нукусдаги тиббиёт марказидан «Газета.uz» репортажи

Нукус воқеаларида жабрланганлар орасида ўқотар қуролдан яраланганлар ҳам бор. Куч тузилмалари жанговар ўқ-дорилардан фойдаланилганини рад этмоқда. «Газета.uz» мухбири Шошилинч ёрдам марказида ярадорлар билан суҳбатлашди. Ҳарбийлар ҳам қандай яралангани ҳақида сўзлаб берди.

ИИВ Нукусдаги намойишчиларни тарқатиш воситаларини намойиш этди (+фото)

Нукусдаги намойишларни тарқатиш учун махсус воситалар қўлланилганидан бир неча кун ўтиб Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ушбу воситалар қандай ишлашини кўрсатувчи видеони эълон қилди. «Газета.uz» ушбу воситалар суратлари ва улардан фойдаланиш оқибатларини эълон қилмоқда.