Ўзбекистон ЮНEСКО Бош қароргоҳида (Парижда) бўлиб ўтаётган «Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги конвенцияга аъзо бўлган давлатлар Бош ассамблеясининг 9-сессиясида Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитага аъзоликка сайланди.

Туризм ва маданий мерос агентлиги хабарига кўра, Ўзбекистон 2022−2026 йилларда қўмитада аъзо сифатида фаолият юритади.

ЮНEСКОнинг иккинчи минтақавий сайлов гуруҳида (Шарқий Европа ва МДҲнинг айрим давлатлари) иккита бўш ўрин учун бешта номзод — Ўзбекистон, Болгария, Босния ва Герцеговина, Словакия ҳамда Эстония ўзаро кураш олиб борди.

Ўзбекистон учун энг кўп давлат овоз берган — 105. Бошқа рақобатчи давлатлар қуйидагича овоз олган: Словакия (94 — иккинчи бўш ўринга сайланган), Эстония (69), Болгария (26), Босния ва Герцеговина (9).

Ўзбекистон томони ўз нутқида овоз берган давлатларга ўз миннатдорлигини билдирди ва 2003 йилги Конвенцияни мамлакат, минтақавий ва глобал миқёсда илгари суришда катта ҳисса қўшишга тайёр эканликларини таъкидлади.

«Бу биз учун ҳам фахр, ҳам масъулият. Ўзбекистон, албатта, ўзига билдирилган юксанч ишончни оқлайди», — деди туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов.

Мамлакатнинг бой номоддий маданий меросини асраб-авайлаш ва кўпайтириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар тақдимоти бўлиб ўтди. «Конституцияни ислоҳ қилиш доирасида илгари сурилган, қисман маданий меросни муҳофаза қилиш ва тарғиб этиш чора-тадбирларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кенгайтиришга оид таклифлар делегатлар эътиборига ҳавола этилди», — дейилади хабарда.


Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитанинг асосий вазифаларидан бири — Конвенция мақсадларини илгари суриш, илғор тажрибалар бўйича йўл-йўриқ кўрсатиш ва номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш чора-тадбирлари бўйича тавсиялар беришдан иборат.

Қўмита иштирокчи-давлатлар томонидан номоддий меросни рўйхатга киритиш тўғрисидаги сўровларни, шунингдек, дастурлар ва лойиҳалар бўйича таклифларни кўриб чиқади.

Қўмита халқаро ёрдам кўрсатишга ҳам масъулдир. Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмита Конвенцияни амалга оширишга тайёргарлик кўради, асосан, оператив кўрсатмалар тўпламини ва Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш жамғармаси маблағларидан фойдаланиш режасини ишлаб чиқиш Конвенциянинг 25-моддасида белгиланган. У ушбу ҳужжатларни Бош ассамблеяга тасдиқлаш учун тақдим этади.

Ҳозирги кунга қадар ЮНЕСКО конвенциясини 180 та давлат қўллаб-қувватлайди, Ўзбекистон унга 2008-йилда аъзо бўлган.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирги кунда ЮНЕСКО инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига Ўзбекистон томонидан 10 та миллий ва кўп миллатли элементлар, шу жумладан шошмақом, палов пишириш анъаналари, Наврўз байрами, Хоразм лазгиси ва бахши санъати киритилган.